1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Аср телбалиги бўлган селфи (ёхуд худбинликнинг ҳам чегараси бор)

08:05 / 07.10.2018 3566 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўнгги пайтларда “Селфи” деган қилиқ роса оммалашди. Селфи (selfie) аслида  инглизча сўз бўлиб “мен ўзим”, “ўзим ўзимни” деган маъноларни билдиради. Яъни, автопортретнинг хилма-хил кўриниши, ўзини турли кайфиятда суратларда тасвирлаш селфи, дейилади. Бироқ, бугун селфи деб турли шароит ва ҳолатларда суратга тушиш, ҳаёт учун катта хавф туғдирмоқда. Айниқса, селфига тушаман деб, баланд-баланд биноларнинг томига чиқиш, ҳаракатланаётган поезд ва рельсларда тушиш, турли уловлар устидан сакраш ва ҳоказо ҳаракатлар кўпинча бахтсизлик билан якун топмоқда. 

Ўтган олти йил  давомида  селфи оқибатида 259 инсон ҳаётдан кўз юмганини тадқиқотлар далолат қилмоқда. 

*Руминиялик қиз поезд томида “йил селфи”сини тасвирга оламан, деб тасодифан юқори вольтли электр симига тегиб ёниб кетди ва фожиали ҳалок бўлди.

*Польшалик 23 ёшли тиббиёт коллежи талабаси Испания жанубидаги Пуэнте-де-Триан кўпригида селфи тушмоқчи бўлиб, умрига зомин бўлди.

*Вискига ўрнатилган тўппонча билан ғайриоддий сурат олишга уринган мексикалик 21 ёшли йигит Оскар Отеро Агилар вафот этди.

*Селфи қилиш учун темирйўл кўприги учига чиқиб олган 17 ёшли Ксения Игнатьева ўн метрлик баландликдан тушиб кетди. Афсуски, қизнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

*Қоянинг энг чеккасида болалари билан селфи олишни истаган польшалик жуфтлик қоядан йиқилиб кетди. Беш ва олти ёшли болалар ота-онасининг қай тарзда йиқилиб, пастга қулаётганининг гувоҳи бўлишган.

*Жорий йилнинг сентябр ойида америкалик 18 ёшли Томер Франкфуртер  250 метр баландликдан,  июль ойида эса 19 ёшли Гавин Зиммерман Австралияда жарлик ёқасида ўзини суратга олаётганида ҳалок бўлди.

* Туркиялик Ҳалил Доғ ҳам селфи оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар рўйхатидан жой олди. У Шонлиурфада туғилган кунини нишонлаётган дўстлари билан тарихий қалъа устида селфи тушмоқчи бўлди, афсуски ўша ернинг ўзида умри якун топди.

Булар — яқин орада дунёнинг турли бурчакларида юз берган фожиаларнинг айримлари, холос. Уларни фақат бир жиҳат бирлаштириб туради, бу ҳам бўлса: ақлсизлик, маънавий таназзул, шов-шувга мойиллик ва ўта кетган худбинлик.

 

Ўзини ўзгалардан устун қўйиш – касаллик

Бахтли кунлар, ғанимат инсонлар хотирасини ёдга солиш, тўй-томоша, тантана, зарур ҳужжат ва бошқа муҳим ишлар учун суратга тушиш одатий ҳолат саналади. Аммо шундай одамлар борки, бир кунда ўзини ўн-йигирма маротаба суратга олади ва уни ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига жойлаштиради. Ҳатто бемаъни қилиқлар, ножоиз жойлар, хижолатли ҳолатларда ҳам суратга тушиб, “кўз-кўз” қилувчилар ҳам йўқ эмас. Психологлар бу ҳолатни ўзини бошқалардан устун қўйиш, ўз “мен”ини юксалтириш, атрофдагиларнинг эътиборини ўзига тортиш ва ўзини кўз-кўз қилиш касаллиги, деб таърифлайдилар. Селфи олишга ҳаддан ортиқ берилиш, шубҳасиз, руҳий муаммо. Одатда, хатоларини тан олгиси келмаган, бирор иши юришмаган ё аламзада кишилар шу йўл билан ўзини овутишга, алдашга уринади. Бошқаларни ҳам ишлари жойида эканлигига ишонтирмоқчи бўлади. Кўп ҳолларда ўзини ўзи суратга олиб, уни ижтимоий тармоқларга жойлаштирганлар суратлари остида ўзларининг бахтли эканликлари, ҳаётлари муҳаббатга тўлалиги ва қувончларини бошқалар билан баҳам кўриш учун селфи қилганларини ёзиб қўядилар. Психологлар бу ҳолат аслида терс маъно беришини, яъни селфи эгаси бахтсиз, ҳаётидан норози ва атрофдагиларнинг эътиборига муҳтожлигини таъкидлайдилар.

             Селфига мутаассибликнинг сабаблари

Оилада ота-она боланинг ўзига бўлган ишончини сўндириши, “Сен ношудсан, юзимни ерга қаратдинг!”, “Қўлингдан ҳеч нарса келмайди” каби маломатлар билан боланинг кўнглини синдириши, шунингдек, кўп ҳолларда эътибор ва севгига муҳтожлик селфига боғланишга олиб келади. Яна дангасалик, лоқайдлик, бекорчилик ва кўп вақтини интернет тармоқларида ўтказадиганлар ҳам бора-бора селфипарастга айланишади.

  Хулоса

Зиддиятли, тезкор замонда яшаяпмиз. Инсон учун само билан ер ораси бир қадам бўлган, техника тараққиёти ақл бовар қилмайдиган мўъжизалар давридамиз. Ҳамма ўзига хос шахс эканини атрофдагиларга кўрсатишга уринади. Лекин бизга бемаъни, беҳаё суратларимиз билан эмас, етук сийратимиз, ақл-заковат, асрлар оша оҳори тўкилмаган шарқона ҳаё-ибомиз билан ўзимизни бошқалардан устун эканлигимизни кўрсатиш ярашади. Бир нарсани унутманг, селфига ўчакишганингиз сари одамлар сиздан узоқлаша бошлайди. Чунки ўзингизни суратга олиш ва уни ижтимоий тармоқларга жойлаштириш, кенг оммага кўз-кўз қилиш билан ўзингиз истамаган ва билмаган ҳолатда қусурларингиз очилишига сабабчи бўласиз. Ўзингизни бахтли кўрсатишга уриниб, аслида бахтиёрлик ва ҳаловатга муҳтожлигингизни атрофидагиларга билдириб қўйманг. Бу билан наф топмайсиз, аксинча ўзингизга бўлган ҳурматни йўқотасиз, холос.


Таржимон
Умида Адизова
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1947 йилда Қоҳирадаги шифокорлардан бири Молик ибн Набийга мактуб йўллаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва Қуръони Каримни таърифлаб бир китоб ёзиб давоми...

2985 11:00 / 07.03.2022
Бутун дунё зулматга бурканган эди. Яратувчи Аллоҳ эди, аммо бошқага ибодат қилинар эди. Аллоҳ ризқ берар эди, аммо бошқага шукр қилинар эди. Обрўлар оёқости давоми...

1689 15:28 / 05.06.2024
GfK халқаро тадқиқот институти ўтказган сўровнома натижаларига кўра, 2016 йили дунёнинг энг китобхон миллати хитойликлар бўлишди. Сўровномага жавоб берган давоми...

2389 17:41 / 05.10.2021
Мисрнинг .АлАҳром, газетасининг 1961 йил 29 май ойидаги сонида .Профессор аёл талаба қизларга турмушга чиқишни тавсия қилди, номли мақола эълон қилинди.Бу мақолада давоми...

4156 14:00 / 25.03.2022
Аудиолар

211090 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130349 14:35 / 11.08.2021