1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Тасбеҳни бирор нарса орқали санаш бидъатми?

06:10 / 14.09.2018 5605 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум! Аллоҳ билимингизни зиёда қилсин. Саволим қуйидагича, бир танишим билан бидъат мавзусида узоқ баҳслашиб қолдик. Унинг айтишича, тасбеҳни бармоқ орқали ёки бӯлмаса тасбеҳ санагич, тошлар орқали санаш бидъат экан. Сабаби, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) даврларида бундай одат бӯлмаган. Бундан ташқари, Умар (р.а) бир кишини тошлар орқали санаганида, ҳамда, бир аёлни бармоқлари орқали санаётганида қайтарган эканлар. Пайғамбаримиз (с.а.в) ислом динига бошқа динда бор бӯлган удумларни аралаштирмасликка, бошқа динга ӯхшамаслигига иложи борича ҳаракат қилган эканлар. Илтимос, бу ҳолатга ойдинлик киритсангиз.

"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Ҳозирда мўмин-мусулмонлар ичида баъзи мазҳабларга туҳмат ёғдиришга ва баъзи бир амалларни бидъат-хурофотга чиқаришга ишқибоз бўлган кишилар «Тасбеҳ ўгириш бидъатдир, бу ишни Расулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаганлар, саҳобалар ҳам қилмаганлар» деган маънодаги гапларни тарқатиб, мўмин-мусулмонларнинг хаёлларини паришон қилиб, турли ихтилофлар, тушунмовчиликлар келиб чиқишига сабаб бўлаётирлар. Лекин мужтаҳид уламоларимиз тасбеҳ тутиш жоизлиги ва ундан фойдаланиш мумкинлигини айнан Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятдан олганлар.
«Сунан» номи билан донг таратган китобларнинг соҳиблари имом Абу Довуд, имом Термизий, имом Ибн Можа ва имом Насаийлар қуйидаги ривоятни келтирадилар: 

عَنْ عَائِشَةَ بِنْتِ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ، عَنْ أَبِيهَا: أَنَّهُ دَخَلَ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى امْرَأَةٍ، وَبَيْنَ يَدَيْهَا نَوًى - أَوْ حَصًى - تُسَبِّحُ بِهِ، فَقَالَ: «أُخْبِرُكِ بِمَا هُوَ أَيْسَرُ عَلَيْكِ مِنْ هَذَا - أَوْ أَفْضَلُ -؟» فَقَالَ: سُبْحَانَ اللهِ عَدَدَ مَا خَلَقَ فِي السَّمَاءِ، وَسُبْحَانَ اللهِ عَدَدَ مَا خَلَقَ فِي الْأَرْضِ، وَسُبْحَانَ اللهِ عَدَدَ مَا خَلَقَ بَيْنَ ذَلِكَ، وَسُبْحَانَ اللهِ عَدَدَ مَا هُوَ خَالِقٌ، وَاللهُ أَكْبَرُ مِثْلُ ذَلِكَ، وَالْحَمْدُ لِلَّهِ مِثْلُ ذَلِكَ، وَلَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ مِثْلُ ذَلِكَ، وَلَا حَوْلَ وَلَا قُوَّةَ إِلَّا بِاللهِ مِثْلُ ذَلِكَ  

Оиша бинти Саъд ибн Абу Ваққосдан, у отасидан ривоят қилинади:
«У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир аёлнинг олдига кирдилар. Унинг олдида данаклар ёки майда тошлар бўлиб, ўшалар билан тасбеҳ айтаётган эди. Шунда у зот: «Мен сенга ундан осон – ёки афзал – нарсанинг хабарини бераман: Субҳаналлоҳи адада маа холақа фис-самааи ва Субҳаналлоҳи адада маа холақа фил арзи ва субҳаналлоҳи адада маа холақа байна залик, ва субҳаналлоҳи адада маа холақа маа ҳува холиқун, валлоҳу Акбар мислу залика, валҳамдулиллаҳи мислу залика, ва лаа илааҳа иллаллоҳу мислу залик, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи мислу залик», дедилар».
Ушбу ҳадисда зикрни кўп такрорлаш ва уни қўлдан бошқа нарса билан санаш ҳам мумкинлигига далил бор. Худди шу маънони англатиш учун машҳур муҳаддис имом Абу Довуд ўз китобида майда тош билан тасбеҳ айтиш бобини очган ва ушбу биз ўрганаётган ҳадисни келтирган. Мана шундан бизда «тасбеҳ» номини олган, маълум бир ададдаги данак ёки думалоқ нарсаларни ипга тизиб ясаладиган, араблар «субҳа» деб номлайдиган нарса пайдо бўлган. Ибн Манзур бу нарсани тушунтириш учун: «Субҳа» – тасбеҳ айтувчи ўзи айтадиган тасбеҳларни санайдиган доналардир. Бу янги чиққан сўз бўлиб, гоҳида уни «мисбаҳам» ҳам дейишади», деган.
Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобларини «Авнул Маъбуд» номи ила шарҳ қилган шайх Муҳаммад Шамсулҳақ раҳматуллоҳи алайҳи ҳозир биз ўрганаётган ҳадисни келтиргандан кейин: «Бу ҳадис тасбеҳни «данак» ёки «майда тош» билан санаш жоизлигига далилдир. Тасбеҳ қилиб олса ҳам бўлаверади, чунки ораларида фарқ йўқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкура аёлнинг амалини иқрор қилдилар, инкор этмадилар. «Бўлиб турган нарсадан афзал нарсага иршод қилиш аввалгисининг жоизлигини ман қилмайди», деганлар.
Бу ҳақда бир қанча асарлар ривоят қилинган. «Буни қилишни бидъат деганлар тўғри айтмаган», дейди шайх Муҳаммад Шамсулҳақ.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳи эса: «Мазкур ҳадисдан тасбеҳ тутиш мандублиги келиб чиқади, уни бидъат дейиш тўғри эмас», деган.
Ибн Аллон эса шундай дейдилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мазкур аёлнинг данак ёки майда тош билан санаб зикр қилаётганига иқрор бўлишлари бу ишнинг суннат эканига далилдир. Тасбеҳ тутиш ҳам майда тошнинг ўрнидаги нарса. Тасбеҳ тутиш ҳақида латиф бир жуз ёзиб, уни «Ийқотул масобийҳ лимашруийати иттиҳозил масобийҳ» – «Тасбеҳ тутишнинг шаръий экани ҳақида ёқилган чироқ» деб номладим». Мазкур китобда: «Бу масалага оид хабарлар, асарлар ва ихтилофларни келтирдим, зикрни бармоқлар билан санаш афзалми ёки тасбеҳ билан, деган саволга жавоб изладим. Хулоса шуки, қўл билан санаш, хусусан, намознинг зикрларини қўл билан санаш афзалдир. Аммо кўп ададли зикрларда адашиб кетмаслик учун тасбеҳ билан санаган афзалдир», дейилган.
Аллоҳнинг зикрини қилиш иштиёқида, уни кўпроқ зикр қилиб, ададини ошириш маъносида мўмин-мусулмонлар ҳозирги кўринишдаги тасбеҳларни ясаб олганлар. Аллоҳнинг зикрини қилиш, унинг ададини кўпайтиришни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи ҳаммамизга насиб этган бўлсин. Турли соҳаларда, жумладан, мана шу тасбеҳ борасида ҳам ихтилоф қилишдан Аллоҳ таоло Ўзи сақласин, ихтилоф қилувчиларга эса Роббул оламиннинг Ўзи инсоф бериб, ҳамма соҳаларда, жумладан, ушбу маънодаги ихтилофдан қутулишда ҳам Ўзи тўғри йўлга бошлаган бўлсин. Валлоҳу аълам.(“Ихтилофлар сабаблар ечимлар” китобидан). Валлоҳу аълам!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволОғиз ёпилганда ўкиладиган дуони ўкиб бўлиб яъни оғизни ният килиб ёпиб булиб, сўнг чанқаб колган бўлса ҳали оғиз ёпиш вақти кирмаган бўлса бирор нарса давоми...

4863 09:00 / 13.06.2018
Ассалому алайкум Мен бу саволимга жавоб олишдан анчадан бери қўрқиб юрардим лекин бермасам бўлмайди. Ота онам отинг ўчгур совет пайти турмуш қуришганда улар давоми...

2136 13:06 / 11.07.2019
Савол Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Мен туғилганимдан сўнг, онамнинг тоблари қочган ва бир аёл менга ўз сутидан берган, 45 марта эмган эканман. Тақдир давоми...

3682 21:15 / 22.04.2016
Ассалому алайкум Ҳурматли устозлар, бир танишим билан шерикликда қўй боқиб кўпайтирмоқчи эдик. Бошида мен 4 та қўзи сотиб олиб бераман, у эса уларни бир йил давоми...

4967 06:10 / 27.09.2018