1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Оилада Қуръон ила ота ва ўғил муносабатлари

12:01 / 26.07.2018 5414 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, биз унга нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Дарҳақиқа, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор)сўйишни эваз қилиб бердик». – деб, оилада Қуръон ила ота ва ўғил муносабатларини мустаҳкамлаш учун ибрат билан пайғамбарлар хаётидан наъмуна асосида таълим берган. Аллоҳ субханаҳу ва таолога чексиз ҳамд ва санаолар бўлсин.

Мўминлар йўлбошчиси ва ўз аҳлига энг яхши муносабатда бўлган ҳамда ўзининг ҳаётидаги амалий ишларини, ўзидан кейинги умматларига суннат қилиб қолдирган, оилавий муносабатларни мустаҳкам қилишда Қуръондан таълим олиб ўз умматларига таълим берган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ва аҳли байтлари ҳамда асҳобларига саловоту саломларимиз бўлсин.

Ҳар бир оилада ота ва ўғил ўртасидаги муносабатлар доимо барчани ўйлашга, мушоҳада қилишга ундайдиган масалалардан биридир. Бу ришта ўта нозик,  ҳамда ўз навбатида ўта масъулиятли бўлганидан Қуръони каримда бир неча оятлар, қиссалар ва гўзал насиҳатлар ила чиройли таълим берилган. Бундан мурод — ота ва болалар бир-бирларининг ҳақларига хиёнат қилмасликлар ва ҳаддиларини бузиб ўтмасликлар, ким-кимга қандай муносабатда бўлишларини билиб олсинлар деган ундаш бор.

Қуръони каримда Луқмони Ҳаким ширк деб аталмиш зулмдан фарзанд ақидасини поклаган, ҳусни хулқий одобларни ўргатган, дин ва дунё ишларини чиройли тарзда амалга оширишни таълим берган пешқадам оталардан ҳисобланадилар. Бунинг учун  гўзал зарбулмасал келтириб, ўз ўғилларига насиҳат қиладилар, шу орқали фарзандларнинг оталардаги ҳақларини ҳам баён қилиб ўтадилар.

«Луқмон деди: “Эй, ўғилчам, шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг)уруғидек яхши ёки ёмон амал қилинадиган бўлса бас, у амал бир харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотир. Эй ўғилчам, намозни мукаммал адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган балоларга сабр қил! Албатта мана шу ишларнинг пухтасидандир. Одамларга (кибрланиб)юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин. Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўрта ҳол юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёқимсизи  эшаклар овозидир”. (Луқмон сураси, 16-19 -оятлар)

Ислом тарихида ҳамда бугунги кунда кўплаб тарбиявий китобларда ибрат олиш учун, Луқмони Ҳаким  энг яхши насиҳатгўй ва солиҳ ота сифатида барча оталарга ўрнак бўлишга арзигулик инсондирлар.

Аллоҳ субханаҳу ва таолонинг мўжаз китоби Қуръони каримнинг бошқа бир оятида, отасига итоаткор ва солиҳ ўғил намунаси қилиб Исмоил алайҳиссалом қиссалари келтирилади. Исмоил алайҳиссалом пайғамбар отанинг пайғамбар ўғли бўлганлар. Туғилишидан олдин ҳушхабари берилган фарзанд эдилар.

У кишини Аллоҳ Ўз каломида мадҳ этиб айтади: «(Эй, Муҳаммад,) Китобда Исмоил (қиссасини) ёд этинг! Дарҳақиқат, у ваъдасида содиқ турувчи ва элчи – пайғамбар эди. У ўз аҳли (ва умати)ни намозга ва рўзага буюрар эди. У Парвардигори наздида рози бўлинган эди. (Марям сураси, 54,55-оят).

У кишининг ваъдасида садоқатли бўлганлари ва Аллоҳнинг ризолигига қандай эришганлари эса қуйдаги оятда зикр қилинган: “Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): Эй ўғилчам, мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин”, деган эди, у айтди: “Эй, отажон, (сенга тушингда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилгин. Ишааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсан”. Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйин суниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга)ётқизган эдики, биз унга нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Дарҳақиқа, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни эваз қилиб бердик». (Соффат сураси, 102-107-оятлар)

Исмоил алайҳиссалом ҳаётларига сўнги нуқта қўйилишини аниқ билиб турсалар ҳам, бу иш Аллоҳнинг буйруғи дея, оталарига қарши бирор сўз айтмадилар. Нега? Қайси гуноҳим учун? деб ҳам сўраб ўтирмадилар. Чунки у киши оталари беҳикмат бир иш қилмасликларини билар, оталарини Аллоҳ олдида ҳижолатга қўйишни сира истамасдилар. Гарчи зиёнларига бўлса ҳам Аллоҳга ва унинг пайғамбарига ҳақиқий итоат наъмунасини амаллари билан исбот қилдилар. Яна бошқа Қуръон қиссасида у киши оталарига Каъбани барпо қилишда ёрдам берганлари, ёнларида бирга туриб Аллоҳга дуо қилганлари айтиб ўтилади. Исмоил алайҳиссалом ваъдасига садоқатли бўлишни қасд қилган ва Роббиси ҳузурида рози бўлинганларнинг даражасини истайдиган ўғиллар учун энг яхши наъмунадирлар.

Динимиз таълимотларидан маълумки, фарзанд ота онага ҳамиша итоаткор бўлмоғи даркор. Аммо улар ёмон йўлга чорласалар, Аллоҳга осий бўладиган амалларга буюрсалар, яна бир пайғамбар ва унинг отаси ҳақидаги қисса бу масалани муолажа қилиб беради.

Иброҳим алайҳиссалом кичик ёшдаги бола бўлишларига қарамай, қавмлари ва оталари қилаётган ишлар – бут санамларга сиғинишдан безор эдилар. То у кишига рисолат келмагунича ҳақ йўлни излайвердилар. Ниҳоят Аллоҳ пайғамбарликка танлаб олганидан сўнг, қавмлари ва оталари ибодат қилаётган олиҳалардан безор эканликларини айтиб, ўз йўлларидан кетдилар. Шундай бўлса ҳам, оталарига қарши дағал сўз айтмадилар. Аксинча бир муддатгача истиғфор айтиб юрдилар.  Кейин Аллоҳ таоло буни маън қилган: «На пайғамбар ва на мўминлар мушриклар учун, гарчи улар қариндошлари бўлса ҳам уларнинг дўзах эканликлари маълум бўлгандан кейин истиғор (гуноҳларини кечиришини) сўрашлари жоиз эмас. Иброҳимнинг (ўз) отаси учун истиғфор сўраши фақат унга қилган ваъдаси туфайли эди. Аллоҳнинг душмани эканлигини билганидан кейин ундан (отасидан) воз кечди. Албатта, Иброҳим оқкўнгил ва ҳалимдир”. (Тавба сураси, 113,114-оятлар)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оналарига истиғфор айтишга Аллоҳдан изн сўраганларида, Аллоҳ бунга изн бермаганлигини Абу Ҳурайра р.а бундай ривоят қиладилар: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарининг қабрини зиёрат қилдилар, бас, йиғладилар. Атрофларидагилар ҳам йиғлашди. У Зот айтдилар: “Роббимдан у киши (онам)га истиғфор айтишга изн сўраган эдим, менг изн бермади. Ундан  (онамнинг) қабрини зиёрат қилишни сўраганимда, изн берди. Қабрларни зиёрат қилинг. Албатта, у ўлимни эслатади”. (Муслим ривояти)

Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги қиссаларида оталари аниқ мушрик ва Аллоҳнинг душмани эканлиги зоҳир бўлгач, ундан юз ўгирганлари маълум бўлмоқда. Аммо уни ҳозирги кунимизга қиёсласак, Озар сингари ота оналар топилмаса керак. Лекин динни ҳали мукаммал билмайдиган, ҳатто намоз ўқишни тўлиқ ўзлаштирмаганлар ҳам бор. Лекин уларга Озардек муносабатда бўлинмайди. Улар шукрки, мусулмон, имон эътиқодли инсонлардир. Баъзи фарзандлар ота оналарига қаттиқ ва қўпол муомала қилаётганлари, оддий ишларда ҳам итоат қилмаётгани қулоққа чалинади. Ота онанинг ҳаққини поймол қилиш, дилларини оғритиш,  айрим соддаликларига ғашлари келиши жуда номақбул ишдир. Фарзандлик бурчи ўлароқ, ширин сўз, гўзал муомала қилиб боравериш керак, шояд Аллоҳ уларни ҳам ҳидоятга бошласа, динини гўзал қилувчилардан айласа!

Дарҳақиқат бугун ушбу мавзу доирасида сўз юритар эканмиз юқорида келтирилган Қуръоний қиссалардан олишимиз зарурий бўлган фойдалар ҳақида ҳам сўз юритиб ўтсак мақсадга мувофиқ бўлади. Инша Аллоҳ!

  • Оилада Қуръон ила ота ва ўғил муносабатларини чиройли бўлиши учун фарзандларга панд насиҳат қилиш жоиздир. Унга дин ва дунё одобларидан таълим бериш, Ота-онага сўзсиз итоат қилиш, Маъсият ўринларда уларга чиройли тарзда тушунтириш, Ваъдасига содиқлик Аллоҳга маҳбуб амаллардан бир эканлиги, Киши аҳли ва қариндошларини яхши ишларга тарғиб қилиш, Ота-онаси мусулмон бўлса ҳақларига дуо ва истиғфор айтиш жудда ҳам машҳур ва маҳбуб амаллардандир. Аллоҳ таоло барчаларимизни оилаларимизда исломий муҳит ила яшашликка тавфиқу хидоят берсин.

Авазбек домла МЎМИНОВ
Андижон шаҳар 
“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби
Манба: tasbeh.uz

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умр йўлдошим билан турмуш қурар эканмиз, намозга қаттиқ аҳамият беришлигим ҳақида маълум қилган эдим. Ўз навбатида у киши Мен ҳам намоз ўқишни хоҳлайман, менга давоми...

5812 11:44 / 29.06.2018
Аллоҳ таоло .Агар роса ҳаракат қилсангиз ҳам хотинлар ўртасида адолатли бўла олмайсизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, баъзисини муаллақага ўхшатиб қўйманг. Агар давоми...

4843 05:00 / 14.02.2017
Отаонага хизмат қилган мужоҳид ва ҳожидир . . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

3609 17:04 / 08.01.2017
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир аёл .Эй, Аллоҳнинг Расули, мана бу ўғлим учун қорним жой бўлган эди, икки кўкрагим сув идиш бўлган эди, давоми...

3068 17:04 / 08.01.2017
Аудиолар

118802 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40752 14:35 / 11.08.2021