1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазоннинг охирги ўн кунлиги

17:17 / 08.06.2018 10220 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муборак Рамазон ойининг бари, кечаларию кундузлари барака ва раҳмат ойидир. Унинг охирги ўн кунлиги бошқаларидан хос бўлган улкан хусусият ва олий фазилатлар билан унинг қолган кеча ва кундузларидан зиёда имтиёз ила хослангандир. Шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотдан кейин саҳобалар розияллоҳу анҳум ушбу охирги ўн кунликни муҳим санашар, ҳамда у кунларда бошқа кунларга қараганда кўпроқ жидду-жаҳд қилишарди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ўн кунликда, бошқасида тиришгандан кўра кўпроқ тиришардилар». (Аҳмад ва Муслим)

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (охирги) ўн кунлик кириб келса белбоғларини маҳкам боғлардилар, кечаларини тирилтирар ва аҳлларини уйғотардилар». (Бухорий ва Муслим)

«Белбоғларини маҳкам боғлардилар», яъни, ибодатда жидду жаҳд қилар, ҳамда аёллардан четлашардилар. Ушбу кечаларда Роббилари билан сирли суҳбат қуриш ва Унга қурбат ҳосил қилиш билангина лаззатланардилар. Аллоҳ у кишига Рамазон кечалари ҳалол қилган жимоъ(қўшилишлик)ни қўйиб, ушбу ўн кунликнинг савобига эришиш ва қадр кечасига етишишликка муваффақ қилинишга умид боғлаган ҳолда ибодат ва тоат билан машғул бўлардилар.

«кечаларини тирилтирар», яъни, унда тоат билан машғул бўлган ҳолда бедор бўлар ва шу билан уни тирилтирардилар. Унда Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, ёлбориш ва бандалик бажо қилиш нуқтаи назаридан бедор бўлишлик билан ўзларини тирилтирардилар. Чунки уйқу ўлимнинг инисидир. Руҳ, тана, вақт ва умрлар фақат Аллоҳнинг тоати билан тирик бўлади. Ана шу ҳақиқий ҳаётдир. Аллоҳ таоло деди:  

 «Ўзи ўлик бўлган, сўнг Биз тирилтириб, инсонлар орасида у билан юрадиган нурни бериб қўйган киши зулматлар ичида улардан чиқа олмай юрувчи одам каби бўлурми?» (Анъом: 122).

У Зот ушбу тана-жасадларни ерда юриши ва еб-ичишига қарамай ўлик деб атади. Бунинг сабаби, уларнинг Раҳмонга иймон ва тоат қилишдан узоқ, ҳамда адашиш, фисқ ва туғён билан машғул бўлгани учундир.

«Аҳлларини уйғотардилар», яъни, уларни ушбу кечаларда намоз ва ибодатга турғизардилар. Бу у киши томонларидан, Аллоҳ бошлиқ қилган раҳбарлик вожиботини адо этишлик ҳамда у киши томонларидан яхшиликка далолат қилишга ташна бўлиш жиҳатидан аҳли оилаларига ҳарис ва уларга аҳамият беришликларининг тўкис эканидандир. Яхшиликка далолат қилувчи уни бажарувчиси каби. Бу ўзлари учун тиришишлари сабабли қўлга киритадиган ажрга қўшимча ўлароқ эди. Бунда яна умматга у зотнинг изларидан юриш ва бу борада у кишига иқтидо қилиш жорий қилинганини ўрганамиз. Ва яна бу ишда ота-оналарга фарзандлари тарбиясига эътибор бериш ҳамда уларга хоссатан ушбу улуғ ойда аҳамият қаратиш, ибодатларида уларни кузатиб, назорат қилишлари, уларни ниҳоятда риоя қилишлари, тоатларни бажариш ва қайтариқлардан четлашиш, ҳамда қизиқтириш ва қўрқитиш воситаларидан кўмак олиш учун мусобақа қилишга шижоатлантиришларига йўлланма ва ундашликни кўрамиз.

Ибн Ҳажар шундай дедилар: «Ҳадисда чиройли якун ясашга тарғиб қилишга ишора ўлароқ охирги ўн кунликда қиёмда бардавом бўлишга ошиқишлик мавжуд. Аллоҳ бизнинг хотимамизни чиройли қилсин, аамиин!»

Ушбу ўн кунлик ажралиб турадиган жиҳатларидан бири, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унда эътикоф ўтирардилар. У зотдан кейин саҳобалари эътикоф ўтиришди. Эътикоф – Аллоҳнинг тоатига тўла киришишлик учун масжидни лозим тутишлик. Ва у Китобу суннат билан собит бўлган суннатлардандир. Аллоҳ таоло деди:

 «Масжидларда эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг.» (Бақара: 187).

Оиша розияллоҳу анҳодан қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам то Аллоҳ азза ва жалла вафот эттиргунгача Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирардилар. Сўнг у кишидан кейин аёллари эътикоф ўтиришди».

Ушбу ўн кунлик ажралиб, ўзига хос бўлиб турадиган нарсалардан бири, унда қадр кечаси борлигидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ (кечалари)да изланглар». (Бухорий)

Эй Аллоҳ! Бизни ушбу ўн кунликда Сени рози қиладиган амалларни қилишга муваффақ айла. Ушбу ойимизни биз учун солиҳ амаллар ила хатм қил. Уни биздан қабул эт, эй сахийларнинг энг сахийси!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир киши рўза тутишни кечаси ният қилиб, субҳи содиқ кирмасдан ниятидан қайтса, рўзадор бўлмайди. Рамазон кунларида шундай иш содир бўлса, зиммасига ўша куннинг давоми...

2129 19:30 / 21.04.2021
Рўзадор бирор нарсанинг мазасини татиб кўриши ёки чайнаши макруҳдир зарурат юзасидан ёш болага овқат чайнаб бериш бундан мустасно. Бу ҳолатларда бирон нарсанинг давоми...

4930 13:30 / 25.03.2024
Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин тутмаган кунлари давоми...

3853 05:00 / 11.01.2017
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб, еса ёки ичса, рўзасини давоми...

2598 04:30 / 24.04.2021