1446 йил 17 рабиъул аввал | 2024 йил 20 сентябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Хатми Қуръон одоблари

09:30 / 29.04.2019 19612 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хатми Қуръон чоғида риоя қилиш керак бўлган одоблар ҳам бор бўлиб, булар саҳобаи киромлар ва улуғ Қуръон устозларидан нақл қилингандир. Улардан асосийлари қуйидагилар:

– Бир ҳафтада хатм қилганда уни жума куни бошлаб, пайшанба куни тугатишни баъзи уламолар мустаҳаб санашган.

– Хатм қиладиган куни рўза тутиш. Буюк тобеъинлардан Талҳа ибн Мусарриф, Ҳабиб ибн Собитлар шундай қилишар эди. Бу ҳам хатм ва дуонинг қабул бўлиши умидида қилинадиган амаллардандир.

– Қуръон ўқиш одобларига риоя қилиш. Пок ҳолатда, пок кийимда, пок жойда, таҳоратли ҳолда, иложи бўлса, қиблага юзланган ҳолда бўлиш.

– Муносиб жой ва вақт танлаш. Хатми Қуръон ҳар хил ўйин‑кулги, шовқин‑суронлардан холи, осуда, қалбни ҳозирлашга монанд жойда бўлиши керак. Масжид‑мадраса, солиҳлар маскани, илм аҳли ҳузурида, умуман олганда, дуо қабул бўлиши умид қилинадиган ўринларда бўлса, янада яхши бўлади. Шунингдек, саҳар вақти, дуо қабул бўладиган соатларни танлаш мақсадга мувофиқдир.

Имом Доримий Аъмашдан ривоят қилади:

«Иброҳим: «Агар киши Қуръонни кундузи ўқиб тугатса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтади. Агар у уни тунда ўқиб тугатса, фаришталар тонггача унинг ҳаққига салавот айтади», деди.

Асҳобларимизнинг Қуръонни кундузнинг аввалида ёки туннинг аввалида хатм қилишни хуш кўришларини кўрганман».

«Фатовои ҳиндия»да айтилади:

«Хатмнинг ёзда куннинг аввалида, қишда туннинг аввалида бўлиши мустаҳаб. «Сирожийя»да шундай».

– Хатмни оила аъзолари ва яқин кишилар иштирокида қилиш. «Кўпнинг дуоси кўл бўлади», дейди доно халқимиз. Жамоатдаги биргина кишининг «омин»и сабабли дуолар қабул бўлиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу билан бирга, хатми Қуръон чоғида мухлис мўмин кишиларнинг ҳозир бўлиши файз устига файз бўлади, Қуръоннинг эъзози, тантанаси бўлади ва бир қанча мўмин‑мусулмонларнинг хатми Қуръон фазилати ва дуоларидан баҳраманд бўлишларига кўмаклашиш бўлади.

Собит Бунонийдан ривоят қилинади:

«Анас ибн Молик Қуръонни хатм қиладиган бўлса, аҳли‑оиласи ва фарзандларини тўплаб, уларнинг ҳаққига дуо қилар эди».

Доримий ва Табароний ривоят қилишган.

– Айрим салафи солиҳларнинг хатми Қуръон муносабати ва хурсандчилиги учун ҳадялар тортиқ қилганлари, шукрона зиёфат берганлари айтилади.

– Ҳар гал хатмни тугатганда янги хатм бошлаб қўйиш. Бу ҳақда ҳадиси шариф ворид бўлган (бу ҳадис кейинроқ келади).

– Бир хатмни тугатиб, кейин янгисини бошлаш. Салафи солиҳларнинг тутуми шундай бўлган. Фақат кундузи бир хатм, кечаси бир хатм қилмоқчи бўлса, ё намозда алоҳида, ундан ташқарида алоҳида, ёки мусҳафга қараб бир хатм, ёддан бир хатм, ёхуд ҳадрда бир, таҳқиқ ё тадвирда (бу истилоҳлар ҳақида кейинроқ батафсил маълумот келади) бир хатм қилаётган бўлса, бирданига иккита хатмни бошлаб, тугатиш мумкин.

– Хатмни бардавом, узлуксиз қилиб бориш. Вазифа белгилашда унинг давомий бўлишини эътиборга олиш матлубдир. Бир қизиққанда ўқиб қўйиб, кейин ташлаб қўйиш яхши эмас, албатта.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан «Амалларнинг қай бири Аллоҳга энг суюкли?» деб сўрашди. У зот: «Оз бўлса ҳам, давомлироғи», дедилар. Яна «Амаллардан тоқатингиз етадиганини зиммангизга олинглар», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

– Хатмда мусҳафдаги тартибга амал қилиш. Яъни оят ва сураларни бир четдан, юқоридан пастга қараб ўқиш керак, териб ўқиб хатм қилиш одобдан эмас.

– Хатми Қуръон қилишдан кўзланган асосий мақсадлардан бири – Қуръон маъноларидан бохабар бўлиш, унга боғланиб туриш экан, Қуръонни ўқиб, бевосита тушуна олмайдиган кишилар қўшимча равишда Қуръони Каримнинг маъно таржимаси ёки тафсирини ҳам ўқиб боришлари матлубдир. Ана шунда кўзланган мақсад тўкис ҳосил бўлади. Бугунги кунда юртимизда ўзбек тилида қатор тафсирлар нашр қилинаётган бўлиб, бу неъматнинг шукри ҳам улардан унумли фойдаланишни тақозо этади.

Қуръонни хатм қилишда бажариладиган одоблардан энг кўзга кўринган ва салафлардан нақл қилинган амал – бу такбиру таҳлил айтиш ва дуо қилишдир. Энди сўз шу хусусда.

 

«Хатми Қуръонга марҳабо!» китобидан


Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қулоқ эшитиш аъзоси, эшитиш эса товушларни идрок қилишдир.Ҳукмлар1. Янги туғилган чақалоққа ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқомат айтилади. Гўдакнинг биринчи давоми...

3537 07:10 / 15.06.2019
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят.Мен.Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ манфаат берадиган ишни амр қилинг,, дедим.У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.Рўзани лозим давоми...

1477 18:23 / 04.05.2020
Агар рўзадор беихтиёр қайт қилиб юборса, рўзаси эсидан чиқиб, оғзини очиб юборса ёки эҳтилом бўлса, шаҳват билан қарагани учун манийси тўкилса, томоғига чанг, давоми...

2281 17:00 / 17.05.2019
Али розияллоҳу анҳу айтадилар .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрга борганларида у ерда икки кишини кўрдик. Бири Уқба ибн Абу Муайтнинг мавлоси, бири эса давоми...

1232 08:00 / 08.11.2020
Аудиолар

129968 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

50611 14:35 / 11.08.2021