1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Дунё ҳаётига алданманг!

17:21 / 22.05.2018 5569 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин. Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин. » 

Суранинг аввалидан зикр этиб келинаётган куфр, ширк ва залолат йўлларига тушиб қолмаслик учун Аллоҳ таолога тақво қилиш ва қиёмат кунидан қўрқиб яшаш керак.

«Эй одамлар! Роббингизга тақво қилинг...»

Бу дунё ва у дунё учун энг зарур зоду роҳила тақводир. Тақво бўлмаса, ҳеч бир яхши натижани умид қилиб бўлмайди. Роббул оламийнга тақво қилиш ҳар бир одамнинг инсонийлик бурчидир. Аллоҳга тақво қилмаган одам ҳеч бир ёмонликдан қайтмайди. Аксинча, Аллоҳга тақво қилган одам ҳеч бир ёмонликка қўл урмайди.

«...ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг».

Бу Кун қиёмат кунидир. У кунда инсонлар орасидаги боғланишлар, алоқалар кесилади. Ҳар ким ўзи учун жавоб беради. Бировнинг бировга фойдаси тегмайди. Ҳатто ота болага, бола отага фойда бера олмай қолади. У Кунда бирдан-бир фойда берадиган нарса иймон ва яхши амал бўлади. Ана ўшандай Кундан қўрқиш барча одамларнинг одамийлик бурчидир. Қиёмат кунидан қўрққан одамгина барча ёмонликлардан қайтади. Аксинча, қиёмат кунидан қўрқмайдиган одам ҳеч қандай ёмонликдан қайтмайди.

«Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир».

У ваъдасига хилоф ҳам қилмайди, кечга ҳам сурмайди. Демак, қиёмат қоим бўлиши ҳақ. Инсонларнинг қайта тирилиши ҳақ. Маҳшарга тўпланиши ҳақ. Заррача яхшию ёмон амаллар ҳам адолат тарозиси ила тортилиши ҳақ. Дақиқ ҳисоб-китоб бўлиши ҳақ. Жаннат ҳақ. Дўзах ҳақ. Кофир ва осийларнинг дўзахга киритилиши ҳақ. Мўмин ва муҳсинлар жаннатга дохил бўлиши ҳақ.

«Бас, дунё ҳаёти сизни алдаб қўймасин».

Бу дунё матоҳига алданиб қолманг. Бу дунё ҳаёти охират экинзори, холос. Шуни унутманг.

«Ўта алдоқчи сизни Аллоҳ хусусида алдаб қўймасин».

Уламоларимиз «ўта алдоқчи»ни шайтон деб таъвил қилганлар. Дарҳақиқат, шайтон турли нарсалар билан инсонни ғурурга кетказади. У ҳатто Аллоҳ билан ҳам, яъни Аллоҳнинг марҳамати кенг, бу дунёда ўйнаб қол, деб ҳам ғурурга кетказади. Буларнинг ҳаммасидан сақланиш учун тақво ва қиёмат кунидан қўрқув бўлиши керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Улуми Қуръонга оид илмлар ичида .Сабаби нузул, илми алоҳида ўрин тутади. Қуръони каримни ўрганиш ва ундан шаръий ҳукмлар чиқаришда ушбу илмнинг фойдаси жуда ҳам давоми...

7954 13:45 / 28.05.2019
Имом Ҳамза ибн Ҳабиб ибн Аммора ибн Исмоил Зайёт Таймий. У киши ҳижрий 80 йилда туғилиб, 156 санада вафот этган.Имом Ҳамза ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳи етти машҳур давоми...

5800 13:30 / 05.01.2021
Сизга яхшилик етса, уларга ёмон бўладир. Сизларга мусибат етса, бунга хурсанд бўларлар. Агар сабр этсангиз ва тақво қилсангиз, ҳийланайранглари сизга ҳеч қандай давоми...

4383 19:45 / 10.05.2017
44. Одамларни яхшиликка чорлаб туриб, ўзингизни унутасизми Ҳолбуки, китобни тиловат қиляпсизку. Ақлни ишлатмайсизмиМаълумки, яҳудийлар ва хусусан уларнинг диний давоми...

6143 05:00 / 19.01.2017
Аудиолар

211071 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130332 14:35 / 11.08.2021