1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Ишнинг боши

19:25 / 19.05.2018 4933 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам....Сўнгра эса: – Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми? – дедилар.

«Ҳа, албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.

«Ишнинг боши Исломдир. Унинг устуни намоздир. Ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир, – дедилар. Сўнгра эса: – Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?» дедилар. Мен:

«Ҳа, албатта, эй Аллоҳнинг Набийси», дедим. 

Шунда у зот тилларини тутдилар ва: «Мана буни тийгин!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Набийси, биз гапирган нарсамиз учун албатта (иқобга) олинамизми?» дедим.

«Онанг азангни тутсин, эй Муъоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди?!» дедилар». 

Имом Термизий «Иймон» бобида ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.

 

 «Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» дедилар».

Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламдан бўлган бу таклифга ҳар бир мусулмон Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга қўшилиб:

«Ҳа, албатта, эй Аллоҳнинг Расули», дейиши турган гап. Ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси нима экан?

1. «Ишнинг боши Исломдир».

Икки дунё ишининг боши Исломдир.

Бошсиз тана ҳеч нарсага арзимаганидек, Ислом­сиз бўлган ҳамма ишлар ҳам ҳеч нарсага арзимайди.

Шунинг учун ҳар бир иш Исломга мувофиқ, исломий равишда бўлиши шарт. Ўшандагина ишнинг боши бўлади. Тананинг бошқа аъзолари ҳам яхши ҳаракат қилади.

2. «Унинг устуни намоздир».

Ҳеч бир жонзот умуртқа поғонасисиз тиклана олмайди, ҳаракатга келмайди. Агар умуртқа поғонаси бир оз шикастланса ҳам оғир аҳволга тушиб қолади. Намоз ишнинг умуртқа поғонаси эканлиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан таъкидланганидан кейин, қолганини билиб олаверсак бўлади.

Намознинг аҳамиятини яхшилаб тушунтирувчи ушбу ўхшатиш мўмин-мусулмонман деган инсоннинг зеҳнида яхши ўрнашган бўлиши керак.

3. «Ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир».

Демак, мусулмон инсон орзу қилиши мумкин бўлган энг олий мартаба Аллоҳ йўлида ўзидаги бутун имкониятларга қўшиб, жонини ҳам фидо қилишга уринишдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ана шу чўққига чиқишни ўзининг олий мақсади қилиб қўймоғи лозим.

Мазкур ишларни амалга ошириш билан бирга, битта нарсага ўта эҳтиёт бўлиш керак. Ўша нарса уларнинг ҳаммасига молик, у билан мазкур ишлар ҳам ҳабата бўлиб кетиш хавфи бор. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми?» дедилар.

Ва Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг тасдиқларидан кейин:

«У зот тилларини тутдилар ва: «Мана буни тийгин!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Набийси, биз гапирган нарсамиз учун, албатта (иқобга) олинамизми?» деди Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу. Бунга жавобан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Онанг азангни тутсин, эй Муъоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса, нима туширар эди?!» дедилар».

Ушбу «Онанг азангни тутсин» деб таржима қилган жумламиз араб тилида қарғиш маъносида эмас, танбеҳ учун ишлатиладиган одатий жумладир.

Бунга ўхшаш жумлалар бошқа халқларда ҳам мавжуд. Мисол учун, бизда «Ҳаҳ, энанг ўлсин!» деб қўйилади.

«(Ёки тумшуқлари ила)» деган жумла эса ровийнинг шарҳидир.

Тўғри, банданинг тили бошига бало бўлиши мумкин. «Ҳар не келса бошингга, тилингдандир», деб бежиз айтилмаган. Тилини тиймаган одам ҳар хил куфр, ширк, гуноҳ сўзларни гапириб қўйиб, иймондан чиқиши ҳеч гап эмас.

Шунингдек, тилига эрк берган одам ўзи ўқиган намозини, тутган рўзасини, берган закотини ва қилган ҳажини ҳабата қилиб юбориши жуда ҳам осон.

Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон тилига ўта эҳтиёт бўлмоғи, ҳар доим фақат иймон-Ислом, одоб-ахлоқ доирасидаги сўзларни гапирмоғи лозим. Куфр, ширк, гуноҳ, ёлғон, ғийбат, бўҳтон гапларни зинҳор тилига олмаслиги зарур.

Ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишни, олий мақомларга эришишни хоҳласак, ушбу ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганиб, унга амал қилишга астойдил тиришмоғимиз керак.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсофли бўлиш ndash ихтилоф одобларининг энг таянчларидандир. Яъни, ихтилофли баҳсларда муқобил томонга нисбатан инсофли бўлиш баҳснинг асосий одобидандир.Шайх, давоми...

2456 14:00 / 16.03.2022
4567. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мусулмоннинг мусулмондаги ҳаққи олтитадир,, дедилар..Улар қайсилар, эй давоми...

17084 19:27 / 20.10.2017
Жунуб ҳолатда, яъни ғусл вожиб бўлган ҳолатда азон ва иқомат айтиш макруҳи тахримийдир. Агар бирор киши жунуб ҳолатда азон айтса, иккинчи маротаба азон айтиш давоми...

4252 14:00 / 03.03.2024
Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 80оятида шундай деб марҳамат қилган .Улар учун истиғфор айтсанг ҳам ёки истиғфор айтмасанг ҳам барибир. Агар улар учун давоми...

2498 09:00 / 29.10.2023
Аудиолар

211144 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130403 14:35 / 11.08.2021