1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Фурқон сураси, 61-77

05:00 / 23.01.2017 5956 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

61. Осмонда буржлар қилган ва унда чироқ ва нур сочгувчи ой қилган Зот баракотли-буюк бўлди.

Осмондаги юлдузларнинг буржларини Аллоҳ яратмаса, ким ярата олар эди? Осмондаги чироқ–қуёшни Аллоҳ қилмаса, ким қила олар эди? Осмондаги нур сочиб турувчи ойни Аллоҳ яратмаса, ким ярата олар эди? Ана ўша нарсаларни яратган зот баракотли ва буюк бўлмаса, ким баракотли ва буюк бўла оларди?


62. У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир.

Аллоҳ таоло кеча билан кундузни бири кетиб-бири келадиган қилиб қўймаса, ким буни қила олар эди? Ким ибрат олмоқчи бўлса, шундан ибрат олсин. Ким Аллоҳ берган неъматга шукр қилмоқчи бўлса, шунга шукр қилсин.

Бундан Роҳманнинг бандалари ибрат олади, бунга Роҳманнинг бандалари шукр қилади. Роҳманнинг бандаларининг сифатлари эса қуйидагича:


63. Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир.

Роҳман васфли Аллоҳ таолонинг суюкли бандаси бўлиш учун инсон бир неча сифатларга эга бўлиши лозим экан. Ўша сифатлар ушбу ояти каримадан бошлаб суранинг охиригача санаб ўтилади.

Биринчи сифат: 

«ер юзида тавозуъ ила юрадиган...»

Роҳманнинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уришлик ҳам бўлмайди.

Роҳманнинг энг суюкли бандаси, Ҳабибур-Роҳман Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришлари бунинг татбиғидир.

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу қилинган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзалроқ ҳеч нарсани кўрмадик. Гўё қуёш у зотнинг юзларида юргандек эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тезроқ юрадиган бирор одамни ҳам кўрмадик. Худди ер у киши томон ўралиб келаётганга ўхшарди. Биз чарчаб қолардик, у киши бўлса, чарчамасдилар».

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам худди тепаликдан тушиб келаётган одамдек ғоз юрар эдилар», дейилган.

Оятнинг давомида Роҳманнинг суюкли бандаларининг ер юзида юриб кетаётганларидаги баъзи муаммолари ҳам зикр этилган.

«...жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир».

Жоҳиллар доимо Роҳманнинг суюкли бандаларига гап отиб, турли машмашалар чиқаришга ҳаракат қиладилар. Аммо Роҳманнинг суюкли бандаларининг улар билан ади-бади айтиб ўтиришга вақтлари йўқ. Бефойда гап-сўзни ўзларига ортиқча биладилар. Шунинг учун жоҳиллардан қўрқадиган жойлари бўлмаса ҳам, уларнинг хитобига «салом» (омон бўл) деб жавоб айтадилар. Ёки ўзларига саломатлик келтирадиган бирор гап-сўз айтиб қўйиб, парво ҳам қилмай кетаверадилар.

Иккинчи сифат: кечаларни ибодат билан ўтказиш.


64. Улар тунларни Роббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар.

Арабларда кечани бедор бўлиб, ибодат билан ўтказишга «қиёмуллайл»–кечани тик турган ҳолда ўтказиш, дейилади. Кечаси туриб намоз ўқиш, Аллоҳга сажда қилиш улуғ ибодатдир. Ҳар бир инсон учун ўта зарур амалдир. Айниқса, кечанинг учдан бири қолганида бедор бўлиб, нафл намоз ўқиш улкан савоб ва чексиз хайр-баракага сабаб бўладиган ишдир. Ҳар бир мўмин банданинг кечаси таҳажжуд намоз ўқишга одатланиши зарурлиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида қайта-қайта таъкидланган. Кечаси кам деганда саккиз ракат нафл намоз ўқиш яхши ишлигини уламоларимиз қаттиқ таъкидлаганлар.

Учинчи сифат: Доимо жаҳаннам азобидан қўрқиб, тақво ила юриш.


65. Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир. 

66. Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир», дейдиганлардир.

Мўминлар иймонларига, амалларига, кечаси бедор бўлиб намоз ўқиб сажда қилишларига ишониб қолмайдилар. Роҳманнинг суюкли бандалари доимо, ҳар лаҳзада Ундан жаҳаннам азобидан сақлашни сўраб илтижо қилиб турадилар. Чунки улар:

«...албатта, жаҳаннам азоби доимийдир. Албатта, у энг ёмон қароргоҳ ва турар жойдир», дейдиганлардир».

Улар жаҳаннам нима эканини жуда яхши тушунадиган ва бутун вужудлари билан чуқур ҳис этадиган кишилардир. Бу ҳислари уларни доимо ўша жаҳаннам азобига дучор этадиган ишларни қилмасликка ва доимо Аллоҳдан жаҳаннам азобини узоқ қилишни илтижо ила сўраб туришга ундайди.

Бу маънони Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ва суннатларида ҳам яққол кўрамиз. У зоти бобаракот доимо бу нарсадан Аллоҳнинг Ўзидан паноҳ сўрардилар. Ҳадиси шарифлардан бирида эса, мўминларга шом намозидан кейин «Аллоҳумма ажирна минан-нар», яъни, эй бор Худоё, мени жаҳаннам оташидан асрагин, деб етти марта айтишни ўргатганлар.

Тўртинчи сифат: Мол-пул сарфлашда ўртача бўлиш.


67. Улар инфоқ қилганларида исроф ҳам ва хасислик ҳам қилмаслар. У иккиси ўртасида мўътадил бўлурлар.

Араб тилида «инфоқ»–«нафақа» иборалари мол-пул сарфлаш маъносини англатади. Бизда бировга садақа қилиш, эҳсон қилиш маъносида ишлатиш одат тусига кириб қолганлиги оятни нотўғри тушунишга, хайр-эҳсон, садақа қилганда мўътадил бўлиши кераг-у, бошқа вақтларда нима қилса, ўзи билади, деган хаёлга олиб келмаслик лозим.

Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон молу дунёни исроф ҳам қилмаслик керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ва керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслиги ҳам керак.

Исломда шахсий мулкчиликка кенг йўл очиб қўйилган. Шу билан бирга, кишиларга шахсий мулкини ҳавои нафсига биноан тасарруф қилишига ҳам йўл қўйилмайди. Аввало, бу мулкни гуноҳ ишларга, ҳаром-харишга ишлатиш ман қилинган.

Шунингдек, молу мулкни беҳуда сарфлашга «исроф» номини бериб, мусулмонларни исрофдан қайтарган. Молу мулкини беҳуда, ноўрин сарфлайдиган одамни, «сафийҳ»–эси паст, дейилади. Ким сафийҳ бўлса, маҳкаманинг ҳукми ила унинг молу мулки тўхтатиб қўйилади. Керакли бўлганида, маълум миқдори берилади, қолгани сақлаб турилади.

Бу билан баробар, ўта хасис одамга қарши чора ҳам кўрилади. Бола-чақасидан, нафақасидагилардан қисиб, уларга ҳақлари даражасида сарф қилмаса, маҳкама ҳақларини олиб беради.

Исрофгарчилик ва хасисликни танқид этиб қораловчи кўплаб ҳадислар келган.


68. Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар. Зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур.

Бешинчи сифат: Муваҳҳидлик–тавҳидчилик–ягона Аллоҳнинг ўзигагина сиғиниш, ундан бошқага илтижо қилмаслик сифатидир. Бу энг улуғ сифатдир. Бошқа олий сифатлар шундан келиб чиқади. Бу сифатсиз, бошқа сифатларнинг фойдаси йўқдир. Зотан, муваҳҳидлик сифати йўқ инсонда бошқа яхши сифатлар ҳам бўлмас.

«Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар».

Яъни, Аллоҳга ширк келтирмаслар. Зотан, Аллоҳга ширк келтириш улкан зулмдир. Бу ишни қилган одамнинг Роҳманга бандалиги қолмас. Ягона Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилганларгина Роҳманнинг суюкли бандалари бўла оладилар.

Олтинчи сифат: Бировни ноҳақдан ўлдирмаслик.

Роҳманнинг суюкли бандалари:

«Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар».

Инсон ҳаёти, ким бўлишидан қатъи назар, катта қийматга эга. Ислом ноҳақдан бир одамни ўлдиришни бутун инсониятни ўлдиришга тенглайди. Исломда ҳар бир инсон ўз жони омондалигига чуқур ишонган ҳолда яшамоғи керак. Бировни ноҳақдан ўлдирадиган одам Роҳманнинг суюкли бандаси бўла олмайди. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани қилиб туриб, яна қандай унга суюкли банда бўлиши мумкин?!

Еттинчи сифат: Зино қилмаслик.

Роҳманни суюкли бандалари:

«Зино қилмаслар».

Зинода ҳам моддий, ҳам маънавий равишда одам ўлдириш руҳи бор. Зинокорлар бола кўришдан қочадилар. Улар, айниқса, зинодан бола бўлиб қолмаслигига уринадилар. Бу эса, ўзига хос одам ўлдиришдир. Яъни, Аллоҳ фарзанд бериш учун ато этган имкониятни йўққа чиқарадилар.

Маънавий жиҳатдан одам ўлдиришга келсак, зино кишиларда руҳни ўлдирувчи пасткашликдир. Ундан келиб чиқадиган оқибатлар зинокорларни ҳам, уларнинг қариндошлари, яқин кишиларини ҳам маънавий жиҳатдан қатл қилади. Албатта, бу ҳол ҳалол-ҳаромни фарқига борган, инсонлик қадрини тушуниб етган жамиятларда бўлади. Бу ишни қилган одамнинг эса, Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишини ўйлаб кўриш ҳам мумкин эмас. Фақат Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишликдан умидворларгина зино қилмайдилар. Ҳамда орзуларига етадилар.

«Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур».

Яъни, Аллоҳга ширк келтирса, ноҳақдан одам ўлдирса ва зино қилса, гуноҳнинг уқубатига дучор бўлади.


69. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб абадий қолур.

Яъни, юқорида айтиб ўтилган гуноҳларни қилган шахсларнинг азоблари қиёмат куни бир неча марта кўпайтирилади ва улар ўша азобда абадий хор бўлган ҳолларида қоладилар.


70. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир.

Юқоридаги оятдан, мазкур гуноҳларни ишлаганлар тамоман умидни узар эканлар-да, деган маъно чиқиб қолмаслиги учун ушбу оятда тавба эшиги доимо очиқлиги баён қилинмоқда. Ўша уқубатдан мустасно бўладиганлар ҳам бор экан. Ундай одамлар қаторига:

«Ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса», ўша киради.

Яъни, қилган гуноҳидан тамомила қайтса, иккинчи бор қилмаса, иймон келтириб, мўмин бўлса ва иймон тақозосига кўра солиҳ амал этса, мазкур азобга дучор бўладиганлардан мустасно бўлади. Вақтида қилган хатосини англаб тавба этган, иймон келтириб, солиҳ амал қилган бандаларни Аллоҳ таоло муносиб тақдирлайди.

«Бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур».

Аллоҳнинг файзини, марҳаматини қаранг! Яратган бандаси нонкўрлик қилса, унга ширк келтиришдек улкан зулмни амалга оширса, унинг амрига исён қилиб одам ўлдирса ёки зино қилса-ю, сўнгра тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, унинг гуноҳларини савобга алмаштириб қўйса! Бундан ҳам ортиқ мағфиратлилик, бундан ҳам ортиқ раҳмлилик бўладими?!

«Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир».

Бўлмаса, тавба этиб, иймон келтириб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликларини яхшиликка алмаштирмас эди.

Имом Табароний ривоят қилган ҳадисда айтилишича, «Абу Фарва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Айтинг-чи, бир одам ҳамма гуноҳларни қилган бўлса, каттаю кичигини қўймаган бўлса, тавба қилса бўладими?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Исломга кирдингми?!» дедилар. У:

«Ҳа!» деди. Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яхшиликларни қилавер. Ёмонликларни тарк эт. Аллоҳ сенга ҳаммасини яхшилик қилиб беради», дедилар. У:

«Алдамчиликлариму фожирликларимини ҳамми?!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳа!» дедилар.

У такбир айтиб («Аллоҳу Акбар!!!» деб) қайтиб кетди. Кўздан кўринмай қолгунча такбири эшитилиб турди».

Лекин бундай ҳолга эришиш учун тавба ҳақиқий бўлиши зарур. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқат келаси оятда яна бир бор таъкидланмоқда:


71. Ким тавба қилиб, солиҳ амал қилса, у, албатта, Аллоҳга (ҳақиқий) қайтиш ила қайтар.

Тавба қилиш гуноҳга афсус-надомат чекиш билан бошланади. Сўнгра ўша гуноҳни қайтармасликка дилда қаттиқ аҳд қилинади. Кейин бу аҳд дилда тасдиқланади. Тавбанинг ҳақиқий ёки сохта эканлиги унинг эълонидан кейинги амалдан билинади. Агар эълондан кейинги амал солиҳ-яхши бўлса, тавба ҳақиқий, ёмон бўлса, тавба сохта бўлади. Чунки гуноҳ ҳам фақат ният эмас, балки қилинган амалдир. Шунинг учун тавба ҳам амалсиз бўлмас.

Кейинги оятдан яна Роҳманнинг суюкли бандаларининг сифатларини васф қилиш давом этади:


72. Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир ва беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар.

Роҳманнинг суюкли бандалари учун саккизинчи сифат: Ёлғон гувоҳлик бермаслик.

«Улар ёлғон гувоҳлик бермайдиганлардир…» 

Ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳ эканлиги бошқа оятларда ҳам кўп таъкидланган. Шунингдек, ҳадиси шарифларда қаттиқ қораланган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ҳолларда ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳга ширк келтириш билан бир жойда зикр қилганлар.

Бировнинг зиддига ёки фойдасига ёлғон гувоҳлик бериш улкан гуноҳдир. Бундай одам ҳеч қачон Аллоҳнинг суюкли бандаси бўла олмайди.

Тўққизинчи сифат: Беҳуда гап-сўз ва амаллар қаршисида ўз обрўйини сақлай билиш.

«…беҳуда нарсалар олдидан ўтсалар, ҳурматларини сақлаган ҳолда ўтарлар».

Мусулмон одам ўзини беҳуда, фойдасиз гап-сўз ва ишларга овора қилмайди. Ундай гап-сўз ёки ишларда қатнашмайди, мабодо бошқалар томонидан бу нарса содир этиладиган бўлса, унинг олдидан ҳурматини сақлаб, обрў ва олижаноблик ила ўтиб кетади.

Ўнинчи сифат: Ақл ишлатиб, онг ила диндорлик қилиш.


73. Уларга Роббиларининг оятлари эслатилганда, у(оят)ларга гунг ва кўрлардек ташланмаслар.

Ушбу оятда Роҳманнинг суюкли бандалари бутпараст мушрикларга ўхшаб, ўзлари англамаган нарсага ёпишиб олмасликлари таъкидланмоқда. Мушриклар сохта худоларига худди кўр ва карқулоқдек билиб-билмай, кўриб-кўрмай, эшитиб-эшитмай ёпишиб оладилар. Агар улар «худо»ларининг нима эканлигини билганларида, кўрганларида ва эшитганларида, ҳеч қачон уларга ибодат қилмас эдилар.

Мусулмонлар эса, Роббилари каломи бўлмиш Қуръони Карим оятлари уларга эслатилганда, яхшилаб эшитадилар, англаб тушунадилар ва амал қилишга ўтадилар.


74. Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир.

Ўн биринчи сифат: Доимо аҳли аёллари ва фарзандлари ҳам Ислом йўлида юришининг пайида бўлиш ҳамда тақводорларнинг пешвоси бўлишга уриниш.

Роҳманнинг суюкли бандалари доимо жуфти ҳалолларидан ҳам, бола-чақаларидан ҳам кўзларини қувончга тўлдирадиган нарсаларни кўришни Аллоҳ таолодан сўраш билан бирга, унга ҳаракат ҳам қилишади. Ўз шахсларининг эса, тақвода бошқаларга ўрнак бўлиши учун тиришадилар.


75. Ана ўшалар сабр қилганлари учун «ғурфа» ила мукофотланурлар ва унда табрик ва салом билан қаршиланурлар.

Яъни, ана шу сифатларни ўзида ҳосил этиш ва сақлаб туришда сабр қилганлари учун Роҳманнинг севган бандалари «ғурфа» ила мукофотланадилар.

Араб тилида олий мақом хос хонани «ғурфа» дейилади. Тафсирчи уламоларимиздан баъзилари ушбу оятдаги «ғурфа» сўзига, «олий даража», «жаннат», «жаннатдаги алоҳида хона» маъноларини беришган. Аслида, ҳаммасини қўшиб, жаннатдаги олий мақом хос хона, десак мақсадга мувофиқ бўлса керак. Роҳманнинг суюкли бандалари:

«...унда табрик ва салом билан қаршиланурлар».

Яъни, юксак ҳурмат ва эҳтиром билан кутиб олинадилар. Фаришталар уларни салом бериб қарши оладилар.


76. Улар ўшанда абадий қолурлар. У қандай ҳам гўзал қароргоҳ ва манзилдир.

Яъни, Роҳманнинг суюкли бандалари ўша ғурфада абадий қоладилар. Уларнинг ғурфа билан мукофотланишлари вақтинчалик эмас. У энг гўзал турар жой ва энг гўзал маскандир.

Суранинг охирида яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиниб, Аллоҳ учун одамлар ҳеч гап эмаслиги, аммо уларнинг илтижоларининг эътибори борлигини эълон этиш топширилади:


77. Сен: «Агар дуо-илтижоларингиз бўлмаса, Роббим сизларга ҳеч қиймат бермас. Бас, батаҳқиқ, сиз ёлғонга чиқардингиз. Энди сизларга (азоб) лозим бўлур», деб айт.

Яъни, эй Муҳаммад, одамларга агар ичингиздаги оз сонли мўминларнинг дуоси бўлмаганида, Аллоҳ таолонинг сизга парвоси ҳам бўлмас эди. Чунки Аллоҳнинг динини, Пайғамбарини ва Қуръонини ёлғонга чиқариб бўлдингиз. Шу қилганларингиз учун сизларга азоб лозим бўлади, деб айт.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, "Тафсири Ҳилол"дан



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Карим маъноларини таржима қилишга рухсат беришга ўзига яраша ҳужжат ва далиллар ҳам бор.Биринчи далилҲудайбия сулҳидан кейин Пайғамбаримиз алайҳиссалом давоми...

2939 17:00 / 27.07.2021
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир саҳобага .Эй Фалончи, уйландингми, дедилар.ndash Йўқ. Аллоҳга қасам, эй Аллоҳнинг давоми...

25861 05:00 / 07.03.2017
Салафлар ndash Исломнинг аввали, яъни биринчи асрларида ўтган саҳобалар, тобеъинлар, табаъа тобеъинлар.Халафлар ndash салафлардан кейин келган мусулмонлар давоми...

3170 13:06 / 01.09.2020
тўртинчи қисмЛафз ва маъно жиҳатидан муташобиҳБу турдаги муташобиҳ икки нав бўлади.Биринчи нави ndash умумийлик ва хосликда турлича бўлиш. Аллоҳ таоло Тавба давоми...

3191 17:33 / 04.08.2020
Аудиолар

118719 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40688 14:35 / 11.08.2021