1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Тақво либоси яхшидир

17:44 / 03.05.2018 5709 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй Одам болалари! Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир. Шоядки, эслатма олсалар.

Инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган аломатлардан бири либосдир. Одам авратини – айбини беркитиб туриши учун Аллоҳ таоло унга либос ато қилган. Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай – либосни ўз ўрнида, яъни шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос тақво либосидир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло оятда:

«Тақво либоси – ана ўша яхшидир», – демоқда.

Агар оддий либос баданнинг авратларини тўсиб, жисмни зийнатласа, тақво либоси маънавий авратларни тўсиб, инсон қалбини зийнатлайди. Агар инсоннинг кийим-боши жисмидаги авратларини пинҳон тутиб, унга зийнат бағишласа-ю, тақво либоси йиртилиб, маънавий авратлари очилиб турса, бундан ҳеч қандай маъно йўқ. Ҳозирги кунда кўплар ўзининг тақво либоси башанглигини даъво қилиб, устки авратларининг очилиб қолганига эътибор бермасликка чақиради. Бу жоҳилликдан ўзга нарса эмас. Агар кимнинг тақво либоси ўрнида бўлса, албатта, жисмоний либоси ҳам дуруст бўлади. Зеро, ҳар икки либосни – ҳам ҳиссий авратни тўсадиган либосни, ҳам тақво либосини нозил қилиш:

«Ана ўшалар Аллоҳнинг оят(белги)ларидандир».

Яъни кийим-бош, молу мулк ҳам ўрни келганда, Аллоҳнинг оят-белгиси ҳисобланади. Ундан ибрат олиш шарт. Шунинг учун Аллоҳ таоло оятнинг сўнгида:

«Шоядки, эслатма олсалар», – демоқда.

Одам алайҳиссалом қиссаси тугаганидан сўнг ул зотнинг зурриётларини олий фазилатларга чақириб келган ушбу ояти каримадаги

«Эй Одам болалари!» деган хитоб шу каби тўрт нидонинг аввалидир. Бу дастлабки нидо кийим-бошга боғлиқ. Юқорида айтганимиздек, Аллоҳ таоло кийим-бошни инсонга авратини тўссин, ўзини тузатсин, деб берган. Аммо барча соҳада ҳаддида турмаган одам бу ўринда ҳам турли бузуқликларга йўл қўйди. Баъзилар кийим-бошни фахр ва ғурур воситаси, иккинчилари уни ҳаётдаги асосий мақсад қилиб олди. Қадр-қийматни ҳам кийим-бош билан ўлчай бошлади. Учинчилари кийимни тор ва юпқа кийиб, ундан кўзланган асосий мақсадни суиистеъмол қилишга киришди. Хусусан, тарбиясиз аёллар либосни айни авратни бўрттириб кўрсатиш учунгина киядилар. Бу ҳол юксак инсоний шарафни ерга уради.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
35. Сен .Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида ҳаққа ҳидоят қиладигани борми, деб айт. Сен .Аллоҳ ҳаққа ҳидоят қиладир. Эргашишга ҳаққа ҳидоят қиладиган зот давоми...

4428 05:00 / 23.01.2017
Қуръони Каримнинг етти ҳарфда нозил бўлгани ҳақидаги мавзу энг нозик мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзунинг нозиклиги бир неча омилга боғлиқ.Аввало, Қуръони давоми...

7227 13:56 / 28.01.2020
Бу қисмда муфассир оятнинг зоҳирий маъносига қарамай, уни махфий ишоралари тақозоси билан тафсир қилади. Бу фақат сулук ва тасаввуф арбобларининг услубидир. давоми...

4213 14:00 / 20.04.2021
Сабаби нузулни ифода қилиш бўйича ишлатиладиган таъбирлар ҳам турлича бўлади.Баъзида .Фалон оятнинг сабаби нузули бундай,, дея очиқ айтилади. Унда сабаб аниқ давоми...

6134 17:00 / 26.06.2019
Аудиолар

213424 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132638 14:35 / 11.08.2021