1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Амалларни кўришдан ва аҳволларга шоҳид бўлишдан кесилиш

19:28 / 22.04.2018 3838 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зот Унга томон сайр қилувчиларни ва Унга етишганларни ўз амалларини кўришдан ва аҳволларига шоҳид бўлишдан кесди. Чунки сайр қилувчилар улар-ла (ўз амаллари ва аҳволлари ила) Аллоҳга содиқликни юзага чиқара олмадилар. Етишганларни эса У Зот Ўзига шоҳид бўлиш-ла улардан (амаллари ва аҳволларидан) ғойиб қилди. 

– Сайр қилувчилар – Аллоҳ таолога иймон келтирган, У Зотнинг динига ихлос қилган, амрларига амал қилишга, қайтариқларидан қайтишга юзланган, нафсларини кирлардан, нуқсонлардан тозалашга уринган бандалар.

– Етишганлар – нафсларини покизалаш йўлида узоқ масофаларни кесиб ўтган, нафсларининг кирлари тозаланган, шаҳватлардан қутулиб, қалб кўзлари очилган, борлиқдаги нарсаларда Бор қилувчини кўрадиган даражага етишган бандалар.

– Амаллар – фарз ва вожибни бажариш учун, суннатга амал қилиш учун, шунингдек, фазлини ошириб, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятида бажариладиган нафл тоат, ибодат ва фаолиятлардир.

– Аҳволлар – Аллоҳ таолога интилган банда бошидан кечирадиган вазият ва ўзгаришлар бўлиб, улар банданинг ҳоли гўзал ва ичи мусаффо эканига далолат қиладиган намоз ҳамда дуодаги хушуъ ва хузуъ, унинг қалбига солинадиган Роббоний тажаллиётлар, дуосининг қабул бўлиши, баъзи кароматлар содир бўлиши каби нарсалардир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда мазкур икки тоифага мансуб мўмин бандалар – сайр қилувчилар ҳам, етишганлар ҳам ўзларининг қилган амалларига, эришган ҳолатларига асосий эътиборни қаратмасликларини таъкидламоқда. Чунки 

«У Зот Унга томон сайр қилувчиларни ва Унга етишганларни ўз амалларини кўришдан ва аҳволларига шоҳид бўлишдан кесди»

Яъни мазкур икки тоифадаги бандаларга Аллоҳ таолонинг Ўзи У Зотга қурбат ҳосил қилиш учун қилган тоатлари ва яхши амалларига суяниб қолиш, уларни адо этганлари учун тамагирлик қилишга ўтиш каби ишларни қилмаслик бахтини берди. Улар бунинг ўрнига мазкур тоат ва амалларининг озлиги ва нуқсонли эканидан хижолат бўладиган бўлдилар. 

«Чунки сайр қилувчилар улар-ла Аллоҳга содиқликни юзага чиқара олмадилар»

Сайр қилувчилар, яъни иймонли, ихлосли, амал қилишга, Аллоҳнинг қайтариқларидан қайтишга юзланган, нафсларини кирлардан, нуқсонлардан тозалашга уринган бандалар ўзларининг Ҳақ таоло томон юришларида, нафсларини поклаш давомида мазкур амаллар ва аҳволларнинг ёлғиз ўзи уларни мақсадларига эриштира олмаслигини англаб етдилар. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг таъбири билан айтганда,

«…улар-ла Аллоҳга содиқликни юзага чиқара олмадилар».

Бу борада улуғ авлиёлардан бўлган Жунайд Бағдодий раҳматуллоҳи алайҳи: «Токи амалларнинг барчаси унинг наздида риё бўлмагунича ва аҳволларнинг ҳаммаси қуруқ даъво бўлмагунича, ҳеч кимнинг бандалиги мусаффо бўлмас».

Наҳрижурий раҳматуллоҳи алайҳи эса қуйидагиларни айтади: «Ихлосида камчиликни, зикрларида ғафлатни, содиқлигида нуқсонни, жидду жаҳд қилишида чарчашни, муҳтожлигида эътибор озлигини ҳис қилиш аҳволларига Аллоҳ таоло валийлик қилган кимсанинг аломатларидандир. Шунда у ўзининг барча ҳолатларидан норози бўлади ҳамда қасди ва сайрида Аллоҳ таолога бўлган муҳтожлиги зиёда бўлади. У Зотдан бошқа нарса уни безор қилади».

«Етишганларни эса У Зот Ўзига шоҳид бўлиш-ла улардан (амаллари ва аҳволлариданғойиб қилди».

Яъни Аллоҳ таолонинг Ўзига шоҳид бўлиш етишган бандаларни барча амаллар ва аҳволлардан четда бўлиб, уларни кўрмайдиган, эътиборга олмайдиган, уларни назар-писанд қилмайдиган қилиб қўйди. Улар ўзларининг амаллари борлигини ва уларга ажр-савоб ёзилишини унутиб юборишади. Улар амалларга бандаликнинг расмиятчилиги деб қарашади, Аллоҳ таолонинг жорий қилиши ила юз берган ҳодиса деб билишади. Улар «Агар тўғри бўлса ҳам, амалингга назар солма, сени унга ким муваффақ қилганига назар сол», дейишади.

Уларнинг бу борадаги суянган нарсалари Шуъайб алайҳиссаломнинг Қуръони Каримда келган қуйидаги сўзларидир:

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«Имконим борича фақат ислоҳ қилишни истайман. Муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ. Унгагина таваккул қилдим. Унгагина кўп тавба қилурман» (88-оят).

Аллоҳдан умидвор бўлган ҳар бир банданинг мақсади ислоҳни раво кўришдир. Бу ислоҳ умумий бўлиб, ундан ҳамма фойда кўради. Якка шахслар ҳам, жамоалар ҳам, мўминлар ҳам, бошқалар ҳам, наботот ҳам, ҳайвонот ҳам, хулласи калом, ҳамма-ҳамма фойда кўради.

«Муваффақиятим фақат Аллоҳга боғлиқ».

Фақат У Зотнинг Ўзигина умумий ислоҳ учун қилаётган ҳаракатларимга муваффақият ато этиши мумкин. У менинг ниятимни яхши билади. Бу ишга мени У Зотнинг Ўзи амр қилган. Ҳамда қилган амалимга ажр берувчи ҳам Унинг Ўзидир.

«Унгагина таваккул қилдим».

Барча ишларимда фақат Унгагина суяндим.

«Унгагина кўп тавба қилурман».

Ҳамма нарсада Аллоҳнинг Ўзигагина қайтаман».

Ушбу ҳикматда зикр қилинган амаллардан мурод банда фарз ва вожибни бажариш учун, суннатга амал қилиш учун, шунингдек, фазлини ошириб, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш учун бажарадиган нафл тоат, ибодат ва фаолиятлардир. 

Бу ҳикматда зикр қилинган аҳволлардан мурод эса Аллоҳ таолога интилган банда бошидан кечирадиган вазият ва ўзгаришлар бўлиб, улар банданинг ҳоли гўзал ва ичи мусаффо эканига далолат қиладиган нарсалардир. Жумладан, намоз ва дуодаги хушуъ ва хузуъ, унинг қалбига солинадиган роббоний тажаллиётлар, дуосининг қабул бўлиши, баъзи кароматлар содир бўлиши каби нарсалардир.

Ушбу ҳолатлар тоатда, ибодатда, тақвода, зикрда, ҳалолликда бардавом бўлган, ўзини барча маъсиятлардан узоқда тутган бандаларда ҳосил бўлиши бор. Мазкур ҳолатлар турлича бўлиши, узоқ ёки қисқа муддатли бўлиши мумкин. Албатта, мазкур ҳолатлар банданинг Роббига яқинлашаётгани, нафсни поклаш ва унинг офатларидан қутулиш борасида маълум масофани босиб ўтганининг далилидир. Аммо бундай ҳолатларга алоҳида аҳамият бериш, улар билан фахрланиш, мақтаниш, уларни бозорга солиш банданинг қадами тойилгани аломатидир. Банда ушбу аломатлар ўзида пайдо бўлмаслиги учун қатъият билан ҳаракатда бўлиши керак. Атрофидаги яқинлари ҳам мазкур мавзу бўйича у ҳақида гап-сўз тарқатишига йўл қўймаслиги зарур. 

Улуғ машойихлардан бўлмиш шайх Аҳмад Рифоъий раҳматуллоҳи алайҳи дейди: «Ҳой биродар! Сен учун кароматдан севиниш ва уни ошкор қилишдан қўрқаман. Авлиёлар кароматни худди аёл киши ҳайзни беркитгандек беркитадилар».

Аллоҳ таоло барчамизни солик ва восил бандаларидан қилсин! Амали ва ҳолини унутиб, фақат Аллоҳ таолонинг Ўзини дейдиган бандаларидан қилсин! 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зотдан талаб қилишинг Унга туҳмат қилишингдир. Уни талаб қилишинг сени Ундан ғойиблигингдир. Ундан ўзгани талаб қилишинг Ундан ҳаё қилишинг озлигидир. Ундан давоми...

4561 15:42 / 29.09.2017
Роббингиз .Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар,, ndash деди.Аллоҳга банда давоми...

4968 20:38 / 03.10.2017
Дегувчи деди .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида оч қолиб, ҳаттоки қоринларига бир ёки иккита тош боғлаб олганлар. Шунингдек, Абу Бакр ва Умар давоми...

4613 17:09 / 14.10.2017
Биринчи тақсимЁмонланаётган одамнинг мусулмонлиги ёки мусулмон эмаслигига қараб ғийбат уч қисмга бўлинади1. Мусулмон одамни ғийбат қилиш. Мусулмон одамни ғийбат давоми...

6635 18:26 / 15.01.2018