1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Cўзларнинг энг гўзалига эргашиш

22:23 / 20.04.2018 4366 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор. Бас, бир бандаларимга хушхабар берки,

улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашарлар. Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир. Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир.

«Тоғут» «туғён» лафзидан олинган муболаға маъносидаги сўздир. Яъни «кўп туғёнга кетувчи», «жуда ҳаддидан ошувчи» деганидир. Қуръони Карим ва Ислом таълимотлари истилоҳида Аллоҳдан ўзга ибодат қилинган ҳар бир нарсага «тоғут» дейилади. Баъзи уламоларимиз тоғутни шайтон ҳам деганлар. Бу ҳам тўғри, бир оз хосланган, холос. Аввалги маъно эса умумийдир.

«Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор».

Ушбу жумладан билинадики, одамлар икки тоифа – Аллоҳга ёки тоғутга ибодат этадиган бўлади. Учинчи хили бўлиши мумкин эмас. Аллоҳга ибодат қилмаган одам, албатта, тоғутга, яъни Аллоҳдан ўзгага сиғинган бўлади. «Мен динсизман, ҳеч нарсага ибодат қилмайман», деганлар ёлғон гапирадилар. Улар, ҳеч бўлмаса, ҳавойи нафсига ёки ўзи аъзо бўлган жамиятнинг урф-одатларига бўйсунадилар – ибодат қиладилар.

Демак, холис Аллоҳ таолонинг Ўзига, тавҳидга амал этиб, ибодат қилган одамгина нажот топади. Ана шу тоифа кишилар учунгина хушхабар бор. Аллоҳдан ўзгага ибодат этмаган, доимо ҳар бир нарсада Аллоҳга қайтиб, Унинг амрига мувофиқ иш тутувчи ва тавҳидга амал қилувчиларга хушхабар бор.

«Бас, бир бандаларимга хушхабар берки, улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашарлар».

Аллоҳнинг муваҳҳид бандалари, холис Ўзига ибодат қиладиган, тоғутга умуман яқинлашмайдиган бандалари гапни эшитадилар, аммо гапнинг ичидан энг яхшисини танлаб олиб, ўшанга эргашадилар. Гапнинг ичидан энг яхшиси эса Аллоҳ ва Унинг Расулининг гапидир. Ана ўша энг яхши гапга – Аллоҳ ва Унинг Расулининг гапига эргашувчи бандаларгагина хушхабар бер. Туғёнга кетган, ўзини Аллоҳнинг ўрнига қўйган аллақандай тоғутларнинг гапларига эргашганларга хушхабар йўқ.

«Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилганлардир».

Гапни эшитиб, энг яхшисига эргашадиганлар Аллоҳ таоло ҳидоят қилган бандалардир.

«Ана ўшалар, ҳа, ўшалар ақл эгаларидир».

Улардан бошқаларни ҳидоят, ақл эгаси деб бўлмайди.

Ёки у ҳақида азоб сўзи ҳақ бўлган кимсани – оловдаги кимсани сен қутқара олурмисан?!

Яъни тоғутга эргашганлар учун ҳукм чиқди. Уларга азоб сўзи собит бўлди. Улар дўзахга тушадилар. Эй Муҳаммад, улар ҳақида азоб сўзи ҳақ бўлган, дўзахга тушишга ҳукм этилганларни сен ҳам қутқара олмассан!

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қутқара олмасалар, уларга бошқа ҳеч ким ҳам ёрдам бера олмайди.

Лекин Роббларига тақво қилганлар учун устидан болохоналар бино қилинган болохоналар бордир. Остларидан анҳорлар оқиб турур. (Бу) Аллоҳнинг ваъдаси! Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас.

Бу дунёда муваҳҳид бўлиб, холис Аллоҳга ибодат қилиб, тоғутга сиғинмай яшаб ўтган бандаларга у дунёда алоҳида олий мақомлар бордир.

«Лекин Роббларига тақво қилганлар учун устидан болохоналар бино қилинган болохоналар бордир».

Яъни тақводор бандалар учун жаннатда олий мақом – баланд-баланд хоналар бино қилингандир. Устма-уст, яна ҳам олий мақом, яна ҳам баланд хоналар бино этилгандир. Уларнинг

«Остларидан анҳорлар оқиб турур».

Ўша олий мақом, устма-уст қурилган биноларнинг остидан сувлар оқиб туради. Тақводор бандалар учун берилган

«(Бу) Аллоҳнинг ваъдаси! Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас».

Банда ваъдасига хилоф қилмай, тақводор бўлиб ўтса, бас, мазкур мукофотларга албатта эришади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
учинчи мақолаАраблар Қурайш лаҳжасини танлаб олиб, уни ўзларининг адабий тилларига айлантиришди. Айни пайтда, ўзлари бу лаҳжадан таъсирланганларидек, Қурайш давоми...

7062 13:40 / 18.02.2020
1. Куфр келтирган ва Аллоҳнинг йўлидан тўсганларнинг амалларини У зот ботил қилди. Иймонсиз, динсиз ва Аллоҳнинг йўлидан юз ўгирган ҳамда одамларни бу йўлдан давоми...

4675 05:00 / 23.01.2017
иккинчи мақолаУламоларнинг суралар аввалидаги ҳарфлар тўғрисидаги ихтилофлари асосан икки қисмга бўлинадиБиринчи қисмга мансуб кишилар ушбу ҳарфларни давоми...

5376 13:03 / 18.08.2020
Аллоҳ таоло Фурқон сурасида шундай марҳамат қилади .Куфр келтирганлар .Унга Қуръон бир йўла нозил қилинса эди,, дедилар. Қалбингни у билан саботли қилишимиз учун давоми...

1088 19:00 / 18 август
Аудиолар

213438 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132652 14:35 / 11.08.2021