1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Алоҳида таваккул қилинадиган мақомлар

22:05 / 09.04.2018 4566 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаётда ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолога таваккул қилиш матлубдир. Шу билан бирга, Қуръони Каримда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мўминларга алоҳида таваккал қилиш мақомлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Уларни Ферузободий ўзининг «Басоиру зави тамйиз фий латоифил китабил азиз» номли китобида келтирган:

1. Агар нусрат ва кушойиш истасангиз, У Зотга таваккул қилинг.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилиб айтадики:

«Агар сизга Аллоҳ нусрат берса, сиздан ғолиб келувчи йўқ. Агар сизни ёрдамсиз ташлаб қўйса, Ундан ўзга ким ҳам сизга ёрдам берар эди?! Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар» (160-оят).

2. Қачон душманларингдан юз ўгирсанг, рафиқинг таваккул бўлсин.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур», деган (Нисо сураси, 81-оят).

3. Қачон халойиқ сендан юз ўгирса, таваккулга суян.

Тавба сурасида айталганидек:

 «Бас, агар юз ўгирсалар, сен: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарли. Ундан ўзга илоҳ йўқ, Унгагина таваккул қилдим, У буюк Аршнинг Роббидир», дегин» (129-оят).

4. Қачон сенга Қуръон тиловат қилинса ёки уни ўзинг тиловат қилсанг, таваккулга суян.

Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида шундай деб марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир» (Анфол сураси, 2-оят).

5. Қачон бир қавм ўртасида сулҳ ва ислоҳни талаб қилсанг, унга таваккул ила васила излагин.

Зеро, Аллоҳ таоло тинчлик истовчи ва таваккул қилувчиларни билади:

«Агар улар тинчликка ён боссалар, сен ҳам шунга ён бос. Ва Аллоҳга таваккул қил. Албатта, У Ўзи ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (Анфол сураси, 61-оят).

6. Қазои қадар карвони етиб келса, уни таваккул билан кутиб ол. Чунки Аллоҳ таоло мўмин бандаларини шунга буюрган:

«Сен: «Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деб айт» (Тавба сураси, 51-оят).

7. Қачон душманлар макр тузоғини қўйса, сен у ерга таваккул ила кир.

Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Уларга Нуҳнинг хабарини тиловат қилиб бер. Ўшанда у ўз қавмига деди: «Эй қавмим, агар сизларга менинг мақомим ва Аллоҳнинг оятлари ила эслатишим оғир келаётган бўлса, бас, мен Аллоҳгагина таваккул қилдим. Сиз эса «шериклар»ингиз билан биргаликда ўз ишингизни бошлайверинглар. Яна ишингиз ўзингиз учун ноаниқ бўлмасин. Сўнгра менга нисбатан ҳукмингизни ижро этаверинглар, менга муҳлат берманглар. Бас, агар юз ўгирсангиз, сизлардан ҳеч қандай ажр сўраганим йўқ. Менинг ажрим фақатгина Аллоҳнинг зиммасидадир. Ва мусулмонлардан бўлишга амр қилинганман» (Юнус сураси, 71-72-оятлар).

8. Қачон барчанинг қайтар жойи Аллоҳга эканини ва ҳамманинг тақдири Аллоҳда эканини билсанг, таваккул тўшагидан ўзинг учун жой ол.

Чунки Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Осмонлару ернинг ғайб(илм)и Аллоҳга хосдир. Ишнинг барчаси Унга қайтарилур. Бас, Унга ибодат қил ва Унгагина таваккул қил. Роббинг қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир» (Ҳуд сураси, 123-оят). 

9. Аллоҳ таоло ҳақиқий Ягона Зот эканини тушуниб етган бўлсанг, Ундан ўзгага суянма.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилиб айтадики:

«Сен: «У менинг Роббимдир, Ундан ўзга илоҳ йўқ. Унгагина таваккул қилдим. Тавбам ҳам Унинг Ўзигадир», деб айт» (30-оят).

10. Ҳидоят Аллоҳ таолодан бўлганидан кейин уни шукр ва таваккул ила кутиб ол.

Аллоҳ таоло Иброҳим сурасида айтганидек, мўминларнинг асосий қуроли сабр ва таваккулдир:

 «Бизга нима бўптики, Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Ва сиз берган озорларга албатта сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деган (12-оят).

11. Агар Аллоҳ таолонинг душманларидан ва шайтоннинг ёмонлигидан қўрқсанг, таваккулга юзлан.

Чунки иймон келтирган ва Аллоҳ таолога таваккул қилганлар Унинг паноҳида бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

«Қачон Қуръон ўқисанг, Аллоҳдан қувилган шайтондан паноҳ сўрагин. Албатта, иймон келтирганларга ва Роббларига таваккул қилганларга у(шайтон)нинг ҳукмронлиги йўқ» (Наҳл сураси, 98-99-оятлар).

12. Агар ҳар вақт Аллоҳ таоло сенинг вакилинг бўлишини истасанг, ҳар вақт таваккулни маҳкам тут.

Аллоҳ таоло шундай деб буюради:

«Бас, улардан юз ўгир ва Аллоҳга таваккул қил. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» (Нисо сураси, 81-оят).

13. Агар Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлишни истасанг, таваккул мақомида бўл.

Чунки Аллоҳ таоло фақат Ўзига таваккул қилувчиларни севади. Ва буни алоҳида таъкидлаб айтадики:

«Аллоҳга таваккул қил. Албатта, Аллоҳ таваккул қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 159-оят).

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саккизинчи сабаб мазах қилиш.Одамларни мазах қилиш, уларнинг устидан кулиш ғийбатнинг сабабларидан биридир.Муолажа. Шуни билиш лозимки, дунёда мазах қилган, давоми...

3526 15:15 / 06.06.2018
У Зотдан сени бир ҳолатдан ndash ундан бошқада ишлатиши учун ndash чиқаришини сўрама. Агар ирода қилса, сени чиқармасдан ҳам ишлатаверади.Ушбу ҳикматда банда Аллоҳ давоми...

4526 09:03 / 06.11.2017
Ўтган гаплардан вараъ камолот сифатларини ўзида жамловчи мақом экани кўриниб турибди.Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи Маккага бориб, Масжидул Ҳаромга кирибди. давоми...

3909 13:02 / 07.03.2018
Ҳикоя. Бир куни Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу масжидда суффа аҳлига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларини айтиб бериб ўтирган эдилар. Бу вақтда давоми...

4263 18:53 / 10.03.2018
Аудиолар

211033 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130293 14:35 / 11.08.2021