1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Аллоҳнинг чегаралари бор

18:22 / 29.03.2018 4554 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир. Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолида киритадир. Ана ўша буюк ютуқдир.

Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осийлик қилса ва Унинг чегараларини бузса, У Зот уни мангу қолувчи бўлган ҳолида оловга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир.

Демак, бу дунёда фақат Аллоҳга ва Унинг Расулигагина итоат қилиб яшаш лозим. Бу итоат шариатга амал қилиш билан бўлади. Аллоҳга бўйсуниб, у кўрсатган дастурга амал қилиб яшаш иймонда, Исломда, диндорликда яшаш демакдир. Аллоҳнинг итоатидан чиқиб, бошқага итоат қилиш, Унинг дастурини қўйиб, бошқанинг дастурига амал қилиш ширк, куфр ва жаҳаннамдир.

«Ана ўшалар Аллоҳнинг чегараларидир».

Яъни юқорида зикр қилинган нарсалар Аллоҳ таолонинг чизиб қўйган чегараларидир. Бу жумлада Аллоҳ таолонинг шариати ҳукмлари Унинг «чегаралари» деб аталмоқда. Бундан мусулмон инсон учун Аллоҳ таоло чизган чегарада юриш лозимлиги келиб чиқади. Ана ўша чегарада юрган одам турли хавф-хатарлардан омон бўлади.

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этса, У Зот уни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатга мангу қолувчи бўлган ҳолида киритадир».

Мазкур чегарада юриш Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилиш билан бўлади. Аллоҳ таолога итоат Қуръони Каримга, Унинг Расулига итоат эса у зот алайҳиссаломнинг суннатларига амал этиш билан бўлади. Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига итоат қилишдан фақат чегарада юрган ҳолда итоат этган бандагина фойда кўради. Аллоҳ таоло уни қиёматда жаннатга киритади.

«Ана ўша буюк ютуқдир».

Энди «Аллоҳ таолонинг мазкур чегарасида юрмаган, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилмаганлар нима бўлади?» деган савол пайдо бўлиши мумкин. У саволнинг жавоби қуйидагича:

«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига осийлик қилса ва Унинг чегараларини бузса, У Зот уни мангу қолувчи бўлган ҳолида оловга киритадир. Ва унга хорловчи азоб бордир».

Демак, у дунёда ҳар кимга бу дунёдаги амалига қараб муомала қилинади. Бу дунёда Аллоҳ таолонинг ва Унинг Расулининг итоатини қилмай, уларга осийлик қилиб, Аллоҳ таолонинг чегарасидан чиққанлар у дунёда абадий қолиш учун дўзахга киритиладилар. Иш фақат дўзахга киритиш билан тамом бўлмайди. У ерда мазкур осийга хорловчи азоблар ҳам бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
173. Уларга кишилар .Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар,, деганда, иймонлари зиёда бўлди ва .Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам давоми...

10454 05:00 / 23.01.2017
129. Агар, роса ҳаракат қилсангиз ҳам, хотинлар ўртасида адолатли бўла олмассизлар. Бир йўла мойил бўлиб кетиб, баъзисини муаллақга ўхшатиб қўйманг. Агар ислоҳ ва давоми...

11618 05:00 / 19.01.2017
59. Эй иймон келтирганлар Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва давоми...

11599 05:00 / 23.01.2017
учинчи мақолаАраблар Қурайш лаҳжасини танлаб олиб, уни ўзларининг адабий тилларига айлантиришди. Айни пайтда, ўзлари бу лаҳжадан таъсирланганларидек, Қурайш давоми...

7222 13:40 / 18.02.2020