1447 йил 2 шаъбон | 2026 йил 21 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Тақводорлар учун тайёрланган мукофот

20:14 / 26.03.2018 5062 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роббининг ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор.

Қиёмат куни Парвардигори оламнинг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисоб-китоб мақомидан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхшилик билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан.

«Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор, жумладан, инсонларга алоҳида жаннат, жинларга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат. Гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, яъни боғлари билан иккинчи жаннатлари – боғлари орасида сайр қилиб юрадилар. Яъни роҳат устига роҳат, фароғат устига фароғат.

«Роҳман» Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?!

«Роҳман» У(жаннат)лар шох-новдалидирлар.

Яъни у иккала жаннат сердарахт бўлиб, дарахтларининг шох-новдаларида мева-чевалар сероб ҳамда бу сершох, серновда дарахтлар соя-салқинлик манбаидир.

«Роҳман» Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?!

«Роҳман» Икковларида икки оқар булоқ бор.

Жаннатийлар ичишлари учун ва дарахтлар тагидан оқиб туриши учун мазкур икки жаннатда оқувчи икки булоқ бўлиб, уларда сув сероб бўлади.

«Роҳман» Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?!

«Роҳман» Икковларида ҳар мевадан жуфт навлар бор.

Яъни мазкур икки жаннатда меваларнинг жуфт-жуфт хил нав­лари бор. Бу ҳам жаннат аҳлининг роҳатлари, кўнгилхушликлари тугал бўлиши учун Аллоҳ томонидан берилган неъматдир.

«Роҳман» Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?!

«Роҳман» Астарлари истабрақ(қалин ипак)дан бўлган тўшакларга ёнбошлаган ва икки жаннат мевалари яқин бўлган ҳолларида...

Жаннат аҳли ипак астарли тўшакларга ёнбошлаган ҳолда истироҳатда бўлар эканлар. Жаннат ичидаги икки боғнинг мевалари уларга яқин бўлиб, ўтирган ҳам, турган ҳам, ёнбошлаган ҳам қийналмасдан узиб олиб, баҳам кўраверар экан.

«Роҳман» Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?!

«Роҳман» Уларда нигоҳини тийган, аввал инс ҳам, жин ҳам тегмаган(ҳур)лар бор.

У тўшакларда жаннат аҳли учун тайёрланган ҳурлар бор. Улар афифалар бўлиб, ўзларига соҳиб бўлган жаннатий шахсдан ўзгага кўз тикмайдилар, хаёллари ҳам бошқа ёққа кетмайди. Шу билан бирга, улар мастура бўлиб, ўзларига соҳиб бўлган жаннатий шахсдан аввал бирорта жиннинг ҳам, инсоннинг ҳам қўли тегмаган.

«Роҳман» Бас, Роббингизнинг қайси неъматларини ёлғонга чиқара олурсиз?!

«Роҳман» У(ҳур)лар худди ёқут ва маржондай.

Жаннатийларга жуфти ҳалолликка тайёрлаб қўйилган ўша ҳурлар беғуборликда ва гўзалликда худди ёқут ва маржонга ўхшайдилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
5. Фаришталарга одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб бориш вазифаси юкланган.Аллоҳ таоло Қоф сурасида .Икки кутиб олувчи ўнгда ва чапда давоми...

4180 00:00 / 06.09.2022
Ақоид илми уламолари бу масалани учга бўлиб таҳлил қилганлар. 1. Аллоҳ таолони кўришни ақл жоиз деб ҳисоблайдими, йўқми Мўътазилийлар мазҳаби бўйича бандалар давоми...

4956 17:00 / 20.12.2021
Пайғамбар башардан бўлиши таъкидланди. Энди пайғамбар башар бўлганда ҳам, оддий башар эканини таъкидлаш лозим бўлади. Чунки баъзи тушунмаганлар пайғамбар башар давоми...

4598 16:50 / 07.02.2022
Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши ўғлига.Эй ўғлим Сен то ўзингга етган нарса сени четлаб ўтиши мумкин эмаслигини, ўзингни четлаб ўтган давоми...

7370 23:28 / 02.12.2016