1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Қуръон ва баённи ўргатган - Роҳман

15:21 / 18.10.2020 5072 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Роҳман…

Қуръонни ўргатди.

Аввал айтганимиздек, «Ар-Роҳман» Аллоҳ таолонинг исмларидан ва сифатларидан биридир. Маъноси чексиз раҳмлиликдир. Раҳмлилик инсонга нисбатан айтилганда юмшоқлик, меҳрибонлик маъноларини англатса, Аллоҳ таолонинг сифати маъносида меҳрибонлик, эҳсон ва ризқ бериш маъноларини ҳам англатади. Суранинг биринчи ояти алоҳида битта cўз билан, яъни «Ар-Роҳман» деб бошланиши ўзига хос ажойиб бир ҳолатни вужудга келтиради. Таъсири ҳам ўзгача бўлади. Кейинги оятларда ушбу оятнинг маъносини шарҳлаш, Аллоҳнинг инсонлару жинларга ато қилган неъматларини эслатиш ўз аксини топган экан, биринчи бўлиб энг улкан неъмат – Қуръони Карим тилга олинади.

Роҳман Ўз бандаси Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил фаришта орқали Қуръонни ўргатди. Қуръони Каримни ўргатиш неъмати бош­қа неъматлардан бениҳоя улуғдир. Шунинг учун ҳам мазкур неъмат биринчи бўлиб зикр қилиняпти. Чуқурроқ ўйлаб кўрилса, Қуръонни ўргатиш неъмати инсонни яратиш неъматидан ҳам устун қўйилган. Агар Қуръон бўлмаса, иймон бўлмайди. Аллоҳ таолони таниб бўлмайди, яхшилик бўлмайди. Қуръон бўлмаса, инсон бадбахт, қонхўр, порахўр, ўғри, муттаҳам бўлади. Шунинг учун ҳам Қуръон барча неъматлардан устун туради.

«Роҳман» Инсонни яратди.

Роҳман инсонни йўқдан бор қилди. Яратганда ҳам, чиройли, бекаму кўст қилиб яратди. Унга ақл, ҳис-туйғу, тафаккур ва бошқа кўплаб қобилиятларни берди. Инсоннинг яратилиши неъматларини санаб, охирига етиб бўлмайди. Инсон бу неъматларга шукр қилиб яшамоғи лозим.

«Роҳман» Унга баённи ўргатди.

Роҳман Ўзи яратган инсонга нутқни, гапиришни ўргатди. Нутқ, баён қилиш қобилияти Аллоҳ таоло инсонга берган улкан неъматлардан биридир. Айнан ушбу неъмат билан инсон ўзга жонзотлардан ажралиб туради. Уларнинг устидан ўз ҳукмини ўтказади. Инсон Аллоҳ ерда яратган жонзотлар ичида мукаммал овоз чиқарадиган ягона жонзотдир.

Бошқа жонзотларнинг овози асосан тақлидий ҳамда фикрсиздир. Инсон турли товушлардан сўз, сўзлардан жумлалар тузади ва жумлалардан нутқ қилади. Дунё халқларининг турли тилларидан миллион-миллионлаб жумлалар тузилади. Баён қилиш неъмати инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини, хотираларини, таассуротларини гап орқали ифода этиш қобилиятидир.

Биз ҳар куни, ҳар лаҳзада хоҳлаган фикримизни нутқ қилганимиз учун, бунга одатий бир нарсадай кўникиб қолганмиз. Лекин тафаккур қилиб кўрсак, нутқ, овоз чиқариш ниҳоятда мураккаб, нозик бир жараён экани маълум бўлади. Бу жараёнда инсоннинг ақлию руҳидан тортиб, кичик пай ёки томирларигача иштирок этади. Шулардан бирортаси ўз вазифасини озгина бажара олмай қолса, нутқ мукаммал бўлмайди. Овознинг хилма-хиллиги, баён қилиш, гапиришнинг турли-туманлиги – ҳаммаси улкан мўъжизадир. Бундай неъматни улуғ Аллоҳ бермаса, ким беради?! Шунинг учун бошқа неъматлар қатори, бу неъматга ҳам шукр қилмоқ лозим. Аллоҳ таоло Қуръонни ўргатиш ва баённи ўргатиш неъматлари орасида инсоннинг яратилишини зикр қилди. Бунда инсоннинг ўрганишга бўлган қобилияти асосий белгилардан бири экани ва ўрганиладиган нарсаларнинг энг муҳими Қуръон эканига ишора бордир.

 "Тафсири Ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ихлос, луғатда .тозалаш, ва .тўғрилаш, деган маъноларни англатади. .Холис бўлди, дегани .мусаффо бўлди, маъносига тўғри келади. Бу икки маъно орасидаги фарқ шуки, давоми...

9208 15:03 / 16.03.2018
Дунёнинг энг машҳур санъат асарларига боқинг. Уларнинг ҳаммасида санъаткор ва муаллифларнинг имзосини кўрасиз. Яъни, ҳар қандай санъаткор ўз асарига ўзининг давоми...

5117 14:00 / 28.07.2022
Ҳофиз Заҳабий .Тазкиротул Ҳуффоз,да ҳижрий 297 йилда туғилиб, 385 йилда 88 ёшда вафот этган муҳаддис Ибн Шаҳиннинг таржимаи ҳоли ҳақида қуйидагиларни айтган .У ҳофиз, давоми...

2079 16:04 / 29.12.2019
Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳи алайҳи катта бир йиғинда ўтирсалар, маҳмадона ҳожи акалардан бири .Ҳазрат, деб гап бошлабди..Мен бир саволни давоми...

9074 12:30 / 15.04.2021
Аудиолар

211041 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130301 14:35 / 11.08.2021