1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Махсус дуолар ҳақида - видолашув дуоси

19:14 / 21.03.2018 7299 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4653. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«У киши сафарни ирода қилган одамга «Менга яқин кел. Сен билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз ила видолашганларидек видолашиб қўяй. У зот «Аставдиъуллоҳа дийнака ва амонатака ва хавотийма аъмолика», деб айтардилар», дер эди».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Сафарга жўнаб кетаётган одам билан видолашув мустаҳабдир. Ушбу ривоятдаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган сўзларнинг маъноси «Аллоҳдан динингни, аҳли аёлингни, молу мулкингни ва ишларингнинг охирини муҳофаза қилишини сўрайман»дир.

4654. Анас розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, мен сафар қилмоқчиман, менга зоди роҳила беринг», деди.

«Аллоҳ тақвони сенга зоди роҳила қилиб берсин», дедилар.

«Яна зиёда қилинг», деди.

«Гуноҳингни мағфират қилсин», дедилар.

«Яна зиёда қилинг, ота-онам сизга фидо бўлсин!» деди.

«Қаерда бўлсанг ҳам сенга яхшиликни осон қилсин», дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Шарҳ: Зод – сафарда керак бўладиган озуқа. Роҳила – сафарда керак бўладиган улов.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Сафарга чиқишдан олдин аҳли илм ва аҳли фазл кишилардан дуо ва насиҳат олиш кераклиги.

2. Сафарга чиқадиган одамга тақво сўраб дуо қилиш кераклиги.

3. Сафарга чиқадиган одамга мағфират сўраш кераклиги.

4. Сафарга чиқадиган одамга яхшилик осон бўлишини сўраш кераклиги.

4655. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Албатта, мен сафар қилмоқчиман, менга насиҳат қилинг», деди.

«Аллоҳга тақво қилишни, ҳар баландликда такбир айтишни ўзингга лозим тут», дедилар.

Ҳалиги одам ортига қайтганидан кейин «Аллоҳим! Унга ерни яқин қилгин ва унга сафарни осон қилгин», дедилар».

Термизий ҳасан санад ила ривоят қилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Сафарга чиқишдан олдин аҳли илм ва аҳли фазл кишилардан насиҳат олиш кераклиги.

2. Сафарга чиқадиган одамни тақвога ва сафар одобларига риоя қилишга чорлаш кераклиги.

3. Сафарга чиқадиган одамнинг ҳаққига дуо қилиш кераклиги.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини давоми...

2160 11:51 / 11.02.2025
Тирикларнинг дуо ва садақаларидан марҳумларга манфаат бор.Шарҳ Аҳли суннат ва жамоа марҳумлар тириклардан икки йўл билан манфаат олишларига, иттифоқ давоми...

6822 15:30 / 14.08.2018
Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизгина эмас. Лекин яхшилик ndash Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, набийларга иймон келтирган ва давоми...

8450 16:27 / 19.10.2017
Ҳаётда турли вазият юзага келиб, қаршимиздан биз кутмаган муаммолар чиқиб қолади. Ана шундай муаммолар ечим сифатида гоҳида бировдан қарз сўрашга мажбур бўламиз. давоми...

2071 13:45 / 10.07.2024