1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Юнус сураси, 35-36

05:00 / 23.01.2017 4521 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

35. Сен: «Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида ҳаққа ҳидоят қиладигани борми?» деб айт. Сен: «Аллоҳ ҳаққа ҳидоят қиладир. Эргашишга ҳаққа ҳидоят қиладиган зот ҳақлироқми ёки ҳидоят қилмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож кимсами? Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?!» деб айт.


Инсон бу дунёда кимга эргашса, тўғри йўлда юрган бўлади ва икки дунёнинг бахт-саодатига эришади? Мушрик ва кофирлар эргашаётган буту санам ва бошқа нарсалар ҳидоятга–тўғри йўлга бошлай оладими? Улар Пайғамбар юбориб, китоб нозил қилиб, инсонларни тўғри йўлга йўллаб, икки дунё бахти билан таъминлай оладиларми? Оятда ушбу масалалар кўндаланг қўйилмоқда.

«Сизнинг шерик келтираётганларингиз орасида ҳаққа ҳидоят қиладигани борми?» деб айт», деган илоҳий амр Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилмоқда. Қани, ким жавоб беради? Инсон ўз қўли билан ясаб олган ҳайкаллар, бут-санамлар ҳаққа ҳидоят қила олмаслигини уларни ясаганлар ҳам, уларга чўқинганлар ҳам яхши биладилар.

Кейинчалик бу содда кўриниш анча мураккаблашди. Ўтмишдаги бут-санамлар эндиликда турли доҳийлар, сиёсий-ижтимоий фирқалар ва тузумлар шаклига кирди. Уларнинг ҳар бири, мен ҳаққа ҳидоят қиламан, деб жар солди. Лекин ҳаммаси бирин-кетин муваффақиятсизликка учраб, йўқ бўлиб кетди ва кетмоқда. Бизнинг асримизда бунга коммунистик тузум яққол мисолдир. Вақтида коммунистлар бутун дунёга жар солиб: «Фақат бизгина инсониятни ҳалокатдан қутқарамиз, фақат бизгина тўғри йўлга бошлаймиз. Фақат бизгина инсонларга бахт-саодат берамиз, уларни ер юзидаги жаннатга–коммунизмга эриштирамиз», дейишган эди. Аммо натижа тамомила аксинча бўлиб чиқди. Коммунистлар ва уларнинг низом-мафкураси туфайли инсоният ўз тарихида кўрмаган бадбахтликларга, қийинчиликларга, ваҳшийликлар ва турли бало-офатларга йўлиқди. Охир-оқибат коммунистлар хатоларини тан олишга мажбур бўлдилар. Энди эса, бошқалар шунга ўхшаш даъволарни қилмоқдалар. Аммо бу ҳам вақтинчалик, қолганлар ҳам бир кун келиб хатоларини тушунадилар. Чунки инсоният ҳақ йўлдан юрсагина, икки дунё бахтига эришади. Чунки фақатгина:

«Аллоҳ ҳаққа ҳидоят қиладир».

Инсонни яратган ҳам, борлиқни яратган ҳам Аллоҳ. Шу инсон, шу борлиқда қандай қилиб ҳаққа эришишини, қандай қилиб икки дунё бахтига муяссар бўлишини ҳам ёлғиз Аллоҳ билади. Шу боисдан У зот бандаларига Пайғамбар юбориб, илоҳий китоб тушириб, уларни ҳаққа ҳидоят қилиб туради. Фақат Аллоҳнинг ҳидоятига эргашганларгина саодатга эришадилар. Бошқага эргашганлар саодатдан маҳрумдирлар. Келинг, ақлни ишлатиб ўйлаб кўрайлик: кимга эргашиш кераг-у, кимга эргашмаслик керак?

«Эргашмоқликка ҳаққа ҳидоят қиладиган зот ҳақлироқми ёки ҳидоят қилмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож кимсами?»

Албатта, эргашмоқликка ҳаққа ҳидоят қиладиган зот ҳақлидир. Бу зот эса, шубҳасиз Аллоҳ таолодир. Шундай экан, эй одамлар, нима учун унга эргашмайсизлар:

«Сизга нима бўлди?! Қандай ҳукм қилмоқдасиз?!»

Ушбу нидо бугун дунёдаги барча инсонларга қаратилгандир.

Чунки ҳозирги одамлар кимга, нимага эргашаётганларини билмайдилар:


36. Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос. Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи зотдир.

Аллоҳнинг йўлида юрмаганларнинг кўплари, балки ҳаммалари гумон ва тахминга эргашадилар. Улардан, нима учун бу ишни қилмоқдасан, нима учун бу йўлга юрмоқдасан, деб сўралса, берадиган жавоблари фақат гумондан иборат бўлади. Ҳа, 

«Уларнинг кўплари гумонга эргашадилар, холос».

Қадимда бутпарастлар, ота-бобомиз шундай қилган, биз ҳам қилмоқдамиз, деб жавоб беришган. Ҳозирда ҳам фалончи айтгани учун, пистончи қилгани учун, дейишади.

«Албатта, гумон ҳақ ўрнида ҳеч нарса бўла олмас».

Баъзи бировлар коммунистик ғоя деган сафсатани ўйлаб чиқарган кишиларни ҳам, уларга эргашганларни ҳам хатодан холи деб гумон қилиб юрдилар. Лекин гумонларининг ҳеч бири ҳақ бўлиб чиққани йўқ. Ҳамма гаплари ёлғон ва нотўғри экани исбот бўлди. Иншааллоҳ, бошқалари ҳам исбот бўлади.

«Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларини билгувчи зотдир».


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Г.Флюгель 1834 йили Олмониянинг Лейпциг шаҳрида ўзига хос Қуръонни чоп этди. Ушбу босманинг имлоси янги ва осон бўлгани сабабли оврупаликлар уни катта иштиёқ билан давоми...

4539 14:10 / 24.03.2020
Имом Осим ибн Абу Нажуд Куфий. Имом Осимнинг куняси Абу Бакр. У киши машҳур қори бўлган. Таҳқиқ, балоғат, фасоҳат ва ширин овоз ила қироат қилиш билан машҳур бўлган. давоми...

7943 14:00 / 29.12.2020
Эй иймон келтирганлар Рукуъ қилинглар, сажда қилинглар ва Роббингизга ибодат қилинглар ҳамда яхшилик қилинглар, шоядки, зафар топсангиз. Ва Аллоҳ учун ҳақ жиҳод давоми...

5268 22:47 / 07.04.2018
Имом Ҳамза азЗайёт алКўфий қироати.1 Ундан Халафнинг ривояти.Бизга уни Муҳаммад ибн Аҳмад хабар берган. У айтганки.Бизга Ибн Мужоҳид хабар берган. У айтганки.Бизга давоми...

2928 14:00 / 23.02.2021