1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг ҳаромлиги ҳақида (6-қисм)

17:15 / 17.03.2018 3713 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳикоя. Ҳажжожни ёмонлаб ғийбат қилаётган бир кишини кўрган Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга: «Ҳажжож ҳозир шу ерда бўлса, шу айтган гапларингни айта олармидинг?» дедилар. У: «Йўқ», деди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида биз буни, яъни кишининг олдида айта олмаган гапни унинг ортидан гапиришни мунофиқлик деб санар эдик», дедилар.[1]

Насиҳат. Ҳозирги кун одамларининг ҳолати ажабланарли. Учрашганда кишини ниҳоятда ҳурмат билан қарши олади, ҳол-аҳвол сўрайди, чиройли муомала билан зиёфатлар қилади. Бироқ буларнинг барчасини зоҳирда қилади, холос. Ичи эса адоватга тўлиб ётади. Шунинг учун мажлис тугаши биланоқ ғийбатни бошлаб юборади: «Фалончи одам фожир, чунки соқолини қиради; фалончи соқолини калталатиб юради; фалон кишига нима бўлдики, ҳамиша ажойиб рангли шим кияди; фалончи шариатга хилоф гап гапиради; фалончининг юриши ажойиб, кўриб кулгинг қистайди; фалончи одам шундай беҳаёки, гапидан уялиб кетасан; фалончи киши мутакаббирга ўхшайди, чунки одамлар билан кам гаплашади; фалончи аҳмоқ, чунки гаплашиш маданиятини билмайди; фалончи ҳезалакларга ўхшаб гапиради» ва ҳоказо. Агар унга «Нима учун одамларни ёмонлаб, уларнинг айбларини айтяпсиз?» десангиз, «Нима бўпти? Подшоҳларни ҳам ҳамма ғийбат қилади-ку», дейди. Мен бир куни шу хилдаги одамларга қарата: «Қандай бемурувват одам экансиз, ёнида бўлганингизда одамларни мақтайсизлар, уларга лаганбардорлик қиласизлар, йўқлигида эса ғийбат қилиб, ёмонликларини айтасизлар», дедим. Улар менга: «Буни ҳусни хулқ, гўзал муомала дейилади. Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламни: «Сиз буюк хулқ узрасиз», деб мақтаган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни юзига (ўзига) ёмонламас эдилар. Худди шунингдек, биз ҳам хафа бўлмасин деб одамларнинг ўзига ёмон гап айтмаймиз», деб жавоб беришди. Мен уларга шундай дедим: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларни олдида ёмонламаганларидек, ортидан ҳам ғийбат қилмас эдилар. Фақатгина ортидан гапиришда бирор фойда бўлса бундан мустасно (чунончи, бунинг тафсилоти юқорида ўтди). Сизлар эса зоҳирда мақтайсизлар, аммо ичингиз тўла нафрат ва адоват бўлади. Бу нарса ҳусни хулқ эмас, мунофиқлик дейилади».

Ҳикоя. Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ «Бўстон»да айтади:

 

Шунидам, ки аз порсоён яке,

Ба тийбат бихандид бо кўдаке.

 

Дигар порсоёни хилватнишин,

Ба айбаш фитоданд дар пўстин.

 

Ба охир намонд ин ҳикоят нуҳуфт,

Ба соҳиб назар бозгуфтанду гуфт.

 

Мадар парда бар ёри шўридаҳол,

На тийбат ҳаром асту ғийбат ҳалол.

 

Назмий маъноси:

 

Эшитдимки, порсо, тақволи бир зот

Кулиб бир гўдак-ла ҳазиллашди шод.

 

Хилватдаги бошқа «поклар» шу фурсат

Унинг айбин очиб, бошлашди ғийбат.

 

Охир бу ҳодиса пинҳон қолмади,

Ул соҳибназарга айтсалар, деди:

 

«Шўрлик дўст пардасин йиртмай қўя қол,

На ҳазил ҳаромдир, на ғийбат ҳалол!..»

 

Насрий баёни: Эшитдимки, тақволи сўфийлардан бир киши бир гўдак билан ҳазил-мутойиба қилиб, кулишди. Хилватда ўтирган бошқа сўфийлар эса уни айблаб, ғийбат қилишга тушиб кетишди. Охири бу ҳикоя, яъни ғийбат қилишгани махфий қолмади. Назар соҳиби бўлган сўфий зотга буни айтган эдилар, у шундай деди: «Шўрпешона (бечора) дўстингнинг пардасини йиртма, яъни айбини очма. Зеро, мутойиба ҳаром эмас, ғийбат эса ҳалол эмас».


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2. Айбларни тузатиш учун ғийбат қилиш.1 Бир киши бирор айб ёки гуноҳ ишга одатланиб қолган бўлса, бу ҳақда унга насиҳат қиладиган, айбу гуноҳдан қайтара оладиган давоми...

4802 18:44 / 15.02.2018
Сени У Зотнинг адли қарши олса, сағира гуноҳ қолмас. Сенга У Зотнинг фазли юзланса, кабира гуноҳ қолмас. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда давоми...

5020 19:01 / 18.02.2018
Вақтлардаги ҳуқуқларни қазо қилиш имкони бор. Вақтларнинг ҳуқуқларини қазо қилиш имкони йўқ. Зотан, ҳар бир ворид бўлган вақтда, албатта, Аллоҳнинг янги ҳаққи ва давоми...

3658 16:10 / 15.10.2017
Шу кунларда кўп инсонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига бўлган раҳмати кўриниши ва насибаси ҳақида сўрашади. Уларнинг бу суриштиришларидан танқид давоми...

4487 16:00 / 09.03.2018