1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 236-оят

09:25 / 17.03.2018 4037 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Агар хотинларни уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ. Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг. Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ. Бақара 236.

Бу оятда никоҳ ўқиб бўлингач, ҳали маҳр белгиланмай ва духул қилмай туриб талоқ қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Аввало, шундай ҳолатда талоқ қилиш гуноҳ эмаслиги баён қилинди:

«Агар хотинларни уларга қўл теккизмай туриб ёки улар учун маҳрни белгиламай туриб талоқ қилсангиз, сизга гуноҳ йўқ».

Чунки инсонгарчилик юзасидан турли ҳолатлар бўлиб туради. Албатта, бу талоқ келин учун, унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида, оилавий ҳаётни бошламай туриб талоқ бўлиши катта мусибат. Бунинг устига, дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳр ҳам тайин бўлмагани учун, бу келинга фойда – «мутъа» деб номланган молиявий бадал бериш шариатда ушбу ояти карима асосида жорий қилинган.

Бериладиган мутъанинг миқдори куёв тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади.

Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар. Қадимги уламоларимиз ўз вақтларининг ўлчовида ҳисоблаб: «Бой бир хизматчи олиб беради, камбағал уч сидра кийим-бош беради», – деганлар. Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади. Кўнгиллари таскин топади. Дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутуладилар. Чунки шунчалик мол-дунё бериш қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажрашаётганлигининг аломати бўлади. Шу билан бирга, куёв тарафни ҳам қийнаб юбориш керак эмас. Оятда:

«Уларни бой борича, йўқ ҳолича маъруф ила баҳраманд этинг»,  дейиляпти.

Куёв тараф маъруф – яхшилик ила ҳаракат қилиши керак. Шунингдек, келин тараф ҳам. Оятнинг охирида мутъа бериш юқори мақом экани:

«Яхшилик қилувчилар зиммасига бурч ўлароқ», – деб яна бир бор таъкидланяпти.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Бақара 199. Ислом тенглик давоми...

4374 08:10 / 06.02.2018
Одамлар бир уммат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм давоми...

3701 23:50 / 20.02.2018
Иброҳим ўз ўғилларига ва Яъқуб ҳам .Эй ўғилларим, албатта, Аллоҳ сизларга динни танлади, бас, мусулмон бўлган ҳолингиздагина ўлинг,, ndash деб, шумиллатни васият давоми...

4131 12:35 / 29.11.2017
Булар ўтиб кетган умматдирлар. Уларга ўзлари касб қилганлари бўлур, сизларга ўзингиз касб қилганингиз бўлур. Уларнинг қилган амалларидан сўралмассиз. Бақара 134. давоми...

4529 09:55 / 01.12.2017