1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Вараънинг фазли

13:02 / 07.03.2018 3098 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўтган гаплардан вараъ камолот сифатларини ўзида жамловчи мақом экани кўриниб турибди.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи Маккага бориб, Масжидул Ҳаромга кирибди. Қараса, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг авлодларидан бири Каъбага елкасини суяб олиб, одамларга ваъз қилаётган экан. Ҳасан унинг олдида тўхтаб:

«Диннинг асоси нима?» деди.

«Вараъ», деди.

«Диннинг офати нима?»  деди.

«Тама», деди.

Ҳасан қойил қолди. Бас, у:

«Бир зарра мисқолича вараъ минг мисқол намоз ва рўзадан афзалдир», деди».

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий айтади: «Банданинг фаҳмига унинг илмининг кўплиги ва вирдида бардавомлиги далолат қилмайди. Аммо унинг нурига ва фаҳмига Робби ила беҳожат бўлиши, қалби ила У Зотга берилиши, тамага қулликдан озодлиги ва вараъ зийнати ила зийнатлангани далолат қилади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Ҳурайра, вараъли бўл, одамларнинг энг ибодатлиси бўласан», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса кимда бўлса, савоби вожиб ва иймони комил бўлади: одамлар ичида яшайдиган хулқи, уни Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсиб турадиган вараъ сифати, жоҳилнинг жаҳлини қайтарадиган ҳилми», дедилар».

Баззор ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдан бир дона хурмо топиб олдилар ва: «Агар садақа бўлишидан қўрқмаганимда, албатта буни ер эдим», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Туялар сотиб олдим. Уларни қўриқхонага ҳайдаб бордим. Улар семирганидан кейин бозорга олиб келдим. Умар розияллоҳу анҳу бозорга кириб, семиз туяларни кўрди ва:

«Булар кимники?» деди.

«Абдуллоҳ ибн Умарники», дейилди.

«Эй Абдуллоҳ! Бай-бай! Мўминларнинг амирининг ўғли! Булар қандай туялар?!» деди.

«Озғин туялар эди. Сотиб олиб, қўриқхонага юбордим. Мусулмонлар қилган ишни қилдим», дедим.

«Мўминларнинг амирининг ўғлининг туясини боқинглар! Мўминларнинг амирининг ўғлининг туясини суғоринглар! Ҳой Абдуллоҳ ибн Умар! Сармоянгни олгин-да, фойдани мусулмонларнинг байтулмолига топшир!» деди».

Вараънинг фойдаларидан:

1. Вараъ иймоннинг энг олий мартабаларидандир.

2. Вараъ эҳсоннинг энг афзал даражаларидандир.

3. Вараъ мўминни хотиржам қилади.

4. Вараъ мўминнинг қалбига роҳат бағишлайди.

5. Вараъ бор жамият пок ва солиҳ бўлади.

6. Вараъни Аллоҳ таоло яхши кўради.

7. Вараъни халқ яхши кўради.

8. Вараъ эгасининг дуоси қабулдир.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Руҳий тарбия китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тақво билан вараъ орасидаги фарқлар қуйидагилар1. Тақво ҳимояга тайёргарликдир. Вараъ шубҳани даф қилишдир.2. Тақво сабаби аниқ нарсадир. Вараъ сабаби гумон давоми...

3914 12:53 / 07.03.2018
.Қалбда Аллоҳдан бошқага жой йўқ, деган гапни одамлар нотўғри талқин қилишади.Аллоҳ таолога муҳаббатдан жуда кўп муҳаббатлар юзага келади1. Расулуллоҳ соллаллоҳу давоми...

4497 10:53 / 26.08.2017
Роббингиз .Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар,, ndash деди.Аллоҳга банда давоми...

4141 20:38 / 03.10.2017
Маълум бўлсинки, ғийбат сабабли дунёда ҳам, динда ҳам жуда кўп зарарлар юзага келади. Ғийбат қилувчига Қуръони Каримдаги .Дунёни ҳам, охиратни ҳам қўлдан бой давоми...

3145 17:47 / 11.04.2018