1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Нафснинг маъсиятдаги ва тоатдаги улуши

14:23 / 04.03.2018 3618 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Нафснинг маъсиятдаги улуши зоҳир ва равшандир. Унинг тоатдаги улуши ботин ва махфийдир. Махфий нарсани даволашнинг муолажаси қийиндир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳикматда нафснинг маъсият ва тоатдаги улушлари хусусияти ҳақида сўз юритмоқда.

«Нафснинг маъсиятдаги улуши зоҳир ва равшандир».

Осий банданинг ўзининг маъсияти туфайли эришадиган улушлари, самаралари жамиятда, кишилар орасида очиқ-ойдин кўриниб турадиган ҳолатлардан иборатдир. Кўпинча мазкур улушлар моддий бўлади.

Ароқхўр ароқ ичиш маъсиятини содир этганида маст бўлиб, гандираклаб юради, бақир-чақир қилади, атрофидаги одамлар билан, оила аъзолари билан жанжал кўтаради, идиш-товоқларни синдиради. Натижада қамалиши, бошқалардан калтак ейиши ва яна турли кўнгилсизликлар содир бўлиши мумкин.

Зинокор зино қилганида ҳам ўзининг, зинодаги шеригининг ва яна бошқаларнинг кўз ўнгида содир бўладиган юқоридагига ўхшаш кўнгилсиз ҳодисалар келиб чиқиши аниқ.

Қиморбоз қимор ўйнаганида ҳам ҳамманинг кўз ўнгида ўзига яраша моддий ҳодисалар содир бўлади. Қиморни қарта билан ўйнайдими, ошиқ биланми, «рулетка» ёки бошқа нарса биланми, қимор пайтида бўладиган ҳолатлар, гап-сўзлар ва бошқа нарсалар ҳамма-ҳаммаси кўзга кўринадиган, зоҳир ва равшан ҳодисалардир.

Хуллас, қай бир маъсиятга назар солмайлик, барчасининг осийнинг ўзига, шерикларига, оиласига, жамиятига етадиган зарарлари, касофатлари очиқ-ойдин кўриниб туради. Бу ҳолатни англаб етиш учун кўп уринишнинг ҳожати йўқ. Кашанда папирос чекадими, носми ёки нашами – барчасининг натижаси зоҳир ва равшан аён бўлиб туради. Ёлғон, бўҳтон, сўкиш, ғийбат, чақимчилик каби ҳар қандай маъсият ҳам шу жумладандир.

«Унинг тоатдаги улуши ботин ва махфийдир».

Тоат қилувчи одамнинг қилган тоат ва ибодатидан нафси топадиган улушлари асосан махфий бўлади. Мазкур улушларни тоат эгасидан бошқа одам сезиши ҳам қийин.

Намозхон намоз ўқиганида унинг ичида нималар кечганини фақат ўзи билади, бошқалар ҳеч нарсани била олмайди. У жамоат билан намоз ўқийдими, бир ўзи ўқийдими, сиртдан намоз ўқигани кўриниб турса ҳам, унинг самараси қандай ва қанча эканини ҳеч ким билмайди.

Рўзадор рўза тутганми-йўқми, буни унинг ўзидан бошқа одам билиши душвор. Рўза ибодатидан рўзадорга насиб бўладиган улуш ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Унинг самарасини Аллоҳ таолодан ва рўзадорнинг ўзидан бошқа биров билиши мушкул.

Закот ёки садақа берувчи адо этган молиявий ибодатдан олган улуш унинг ўзи учун ҳам, бошқалар учун ҳам қанчалик махфий эканини ҳамма яхши билади. Бунинг устига, шариатимизда ҳам бундай ибодатларни иложи борича махфий қилиш тавсия этилган.

Бошқа барча тоатларни оладиган бўлсак ҳам, барчасининг инсон нафсига кўрсатадиган таъсири, улуши махфий эканини кўрамиз. Мазкур тоатларни адо этаётганида уларнинг эгасининг кўнглидан нима ўтганини Аллоҳ таоло ва ўзидан бошқа ҳеч ким била олмайди, кузата олмайди, текшира олмайди. Ким билади дейсиз, у мазкур тоатларни адо этганида риё содир бўлдими, манманликми ёки бошқа нарсами...

Мана шу ҳолат, яъни нафснинг тоатдаги улуши ботин ва махфий бўлиши банда учун хатарлидир. Уни ҳеч ким кузата олмайди, текшира оламайди, ҳисоб-китоб қила олмайди, баҳо бера олмайди. Шунинг учун ҳам тоат эгаси содир этаётган риё, манманлик, тоати ила фахрланиш каби махфий жиноятларни даволаш қийинлашади. Зотан, Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек:

«Махфий нарсани даволашнинг муолажаси қийиндир».

Шунинг учун ҳам тоат-ибодатга сазовор бўлган бандалар ўз нафсларига эрк бермасликлари ва нафслари ботиний гуноҳлар тузоғига илиниб қолмаслиги учун барча керакли чораларни кўриб боришлари зарурдир.

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади:

«У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур» (19-оят).

Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У Зот ҳамма нарсани билади. Ҳаттоки

«У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам...» билади.

Яъни кимнингдир бировга билдирмасдан, ўғринча кўз қири ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. У Зот

«...кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур».

Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин, бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар Ундан огоҳ бўлсинлар.

Шунинг учун ҳам банда доимо махфий гуноҳ содир этишдан ўта ҳазир бўлиши лозим. Акс ҳолда ишининг оқибати яхши бўлмайди. Тоат-ибодатни қилиш билан бирга, махфий гуноҳларни ҳам содир этиб, оқибатда Аллоҳ таолонинг ҳузурига борганда хижолатда қолиши бор.

Аллоҳ таоло барчамизга нафснинг маъсиятдаги улуши зоҳир ва равшанлигини, шунингдек, нафснинг тоатдаги улуши ботин ва махфийлигини, махфий нарсани даволашнинг иложи қийинлигини англаб етишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир.2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради.3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

2941 12:18 / 19.03.2018
Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.ndash Маҳзунлик ndash давоми...

3286 17:04 / 01.01.2018
Сен учун У Зот субҳанаҳунинг қаҳри мавжудлигига далолат қиладиган нарсалардан бири Ўзи билан мавжуд бўлмаган нарса ила сени Ўзидан тўсганидир. Аввалги давоми...

4758 19:00 / 24.09.2017
4. Қўл остидагиларга ғазаб қилиш вa унинг муoлaжaси. Aйтгaнни қилмайдиган ходимлардан, қўл остидагилардан хaфa бўлиб, улaрни ғийбaт қилиш зaмoнaмиз аҳлида одат тусига давоми...

2874 18:40 / 12.05.2018