1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаннат аҳли

22:29 / 24.02.2018 6260 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар. Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» – дедилар.

Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», – дедилар. Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!

Бу ҳолат жаҳаннам аҳлининг ҳолатидан тамоман бошқача. Ҳамма томонда хурсанчидлик, ҳамма томонда шоду хуррамлик барқ уриб туради. Қўриқчиларнинг гапи ҳам салом, табрик ва башоратдан иборат. Жаннат аҳлининг гапида ҳам Аллоҳ таолога ҳамду сано, хурсандлик бор. Нақадар яхши ҳолат! Нақадар гўзал жой! Нақадар яхши мукофот!

«Ва Роббларига тақво қилганлар жаннатга гуруҳ-гуруҳ қилиб олиб борилдилар».

Мазкур саодатманд бандаларнинг жаннатий бўлишларининг асосий боиси Роббларига тақво қилганлари экан. Ана ўша тақво сифатига эга бўлганлари учун ҳам қиёмат куни уларни гуруҳ-гуруҳ қилиб, жаннатга олиб борилар экан. Шунинг ўзидан тақводорлик қанчалар зарур нарса эканини тушуниб олишимиз керак бўлади.

Ана, жаннатга киришларига ҳукм чиққан хушбахт бандалар жаннатга олиб келиндилар. Уларнинг бутун вужудларидан қувонч ёғилиб турибди. Мана, орзиқиб кутилган жаннат эшиги ҳам кўринди. Жаннатийларнинг шавқу завқлари яна ҳам зиёда бўлиб, унинг эшиклари томон йўлландилар.

«Унга етиб келган чоғларида, унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга: «Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг!» – дедилар».

Жаннатнинг эшик оғаси бўлган фаришталар Роббларига тақво қилган бандаларни табрик сўзлари билан:

«Сизга саломлар бўлсин! Хуш келдингиз!» – деб кутиб олдилар. Сўнгра жаннатийларнинг кўнгилларини яна ҳам тўқ қилиш учун:

«Бас, унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринг», – дедилар».

Ҳа, жаннатга унда доимий қолиш учун, унинг нозу неъматларидан доимий лаззатланиш учун киринглар, дедилар.

Жаннатийлар жаннат эшик оғаларининг бундай илтифотларига ўзларига хос муомала ила жавоб илтифоти кўрсатдилар:

«Улар: «Бизларга берган ваъдасини рост қилган ва бизга бу ерни мерос қилиб берган Аллоҳга ҳамд бўлсин».

Оҳ! Нақадар юксак одоб бу! Ўзини билиш, Роббини таниш қандай ҳам яхши. Жаннатий бандалар, ўзларига берилган олий мақом ва доимий саодат хабарини эшитишлари билан, дарҳол Ўз Роббларига – уларга берган ваъдасига амал қилиб, уларни жаннатга киритган Аллоҳга ҳамд айтмоқдалар!

Улар Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ эканини яхши биладилар. Шунинг учун жаннатга кирмасларидан аввал, Аллоҳнинг ваъдасига биноан, ундан қандай жой олишларини билиб,

«Жаннатда хоҳлаган еримизга жойлашамиз», – дедилар».

Ана, кўрдингизми, бу қандай ҳам яхши! Нақадар гўзал!

«Бас, амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!»

Ва, ниҳоят, «Зумар» сурасининг охирги оятида қиёмат саҳнасига якун ясалади.

Ва фаришталарни Аршни ўраб олиб, Роббларига ҳамд ила тасбеҳ айтаётган ҳолда кўрурсан. Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинди ва: «Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» – дейилди.

Ўша ишлар бўлган қиёмат кунида фаришталар Аршни ўраб олиб, Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб, Уни барча айблардан поклаб ёдга олиб турадилар. Ўшанда

«Улар орасида ҳақ ила ҳукм қилинди...»

Яъни бандалар орасида адолат ила ҳукм қилинди

«...ва: «Оламларнинг Робби – Аллоҳга ҳамду сано бўлсин!» – дейилди».

Бу ҳамду санони бутун оламлар, бутун борлиқ бир овоздан айтди. Бу ҳол ҳам Аллоҳ таолонинг ваҳдониятига ёрқин далилдир.

Оламларнинг Робби – Аллоҳга, Унинг ёлғиз Ўзига битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳга ширк келтиришнинг турларидан бири, нафс бандаси бўлишдир. Бундай кишилар ҳавойи нафси нимани буюрса, шуни қилишга мажбурдирлар.Аллоҳ таоло .Фурқон, давоми...

5028 00:08 / 03.12.2016
Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий давоми...

6014 10:46 / 23.10.2017
.Амални вожиб қиладиган иститоъат махлуқни сифатлаб бўлмайдиган, у билан амал вожиб бўладиган тавфиқ каби амал асносида бўлади. Аммо сиҳатсаломатлик, кенгчилик, давоми...

5534 13:30 / 01.04.2019
иккинчи мақола Одамни Аллоҳ таоло тупроқдан яратганлиги ва сўнгра унга Ўз руҳидан жон пуфлаганлиги ҳақидаги ҳақиқатни ақлнинг мушоҳадаси йўли билан ҳам давоми...

5193 13:00 / 30.11.2020
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021