1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара cураси, 188-оят

14:35 / 26.01.2018 4404 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг. Бақара 188. 

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мусулмонларни бир-бирларининг молини ботил – ҳаром йўл билан емоқдан қайтармоқда.

Ушбу ояти каримани тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

«Бу дегани – бир одам қарздор бўлади, лекин ўзига қарши ҳужжат йўқлигидан фойдаланиб, у молни олганидан тонади. Бировнинг молини ҳаромдан еб, гуноҳкор бўлаётганини билиб туриб, ҳокимга арз қилади», – деган эканлар. Гўё ҳоким ҳукм қилса, гуноҳ гуноҳликдан тушиб, ҳаром мол ҳалолга айланиб қоладигандек. Ҳолбуки, ҳалол ҳокимнинг ҳукми ила ҳаром бўлиб қолмайди ёки аксинча ҳам бўлмайди. Балки айнан ҳамма нарсани кўриб, билиб турувчи Аллоҳнинг ҳукми билан ҳалол ёки ҳаром бўлади. Ҳоким ҳамма нарсани кўра олмайди, била олмайди. У сиртдан кўрганига, талашаётганларнинг гапига, уларнинг ҳужжатларига қараб ҳукм чиқаради.

Имом Бухорий Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом:

«Мен бир одамман, холос. Талашганлар ҳузуримга келадилар. Баъзилари бошқаларидан кўра ҳужжатини яхшироқ кўрсатиб юбориши, мен эса унинг фойдасига ҳукм қилишим мумкин. Кимга бир мусулмоннинг ҳаққидан ҳукм қилиб берсам, у дўзах ўтидан бир бўлакдир. Хоҳласа олиб, хоҳласа қолдириб кетсин», – деганлар.

Зоҳирга қараб ҳукм чиқаргани учун ҳоким гуноҳкор бўлмайди. Имом Қуртубий: «Оятдаги «ботил йўл билан емаслик»ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб, мол топиш, ҳаром касбларни қилиб, мол топиш ва бошқалар киради», – деганлар.

Шу ерга келганда, сурадаги ояти карималар ёш мусулмон жамиятини илоҳий йўлда тарбиялаб боришда янгича услуб қўллаб, мусулмонларнинг турли саволларига жавоб беришни бошлайди. Табиийки, бу саволларнинг келиб чиқишига ўзига яраша сабаблар бор эди.

Аввало, мусулмонлар жоҳилиятнинг барча асоратларини тарк этиб, Ислом деб номланган янги илоҳий умматга аъзо бўлаётганларини чуқур тушуна бошладилар. Аввалги эътиборсизлик, бепарволикни йиғиштириб, мусулмон деган буюк номга муносиб бўлишга астойдил ҳаракат қила бошладилар. Шунинг учун ўзлари ҳар бир нарсада Аллоҳнинг таълимини, ҳукмини билишга қизиқиб қолдилар. Ҳақиқий мусулмон бўлиб яшаш учун аввал ҳар бир иш ва ҳолнинг ҳукмини билиб олиш лозим эди, албатта.

Шу билан бир пайтда, мусулмонлар ичида яшаб турган яҳудийлар, мунофиқлар ва мушриклар исломий ҳукм, ақийда ва тузумларга шубҳа туғдириш ниятида турли гап-сўзлар тарқатишарди. Табиийки, бу ғаразли ҳужумларни мусулмонлар имконлари борича қайтарар эдилар. Имконлари бўлмаса, ўзларича ҳал қилишнинг иложини топа олмасалар, раҳбарлари, йўлбошчилари – Муҳаммад алайҳиссаломга савол билан мурожаат қилар эдилар. Шундай пайтларда мўминларнинг қалбларига ишонч ва сокинликни солиш учун, уларнинг ҳақ йўлда эканликларини баён қилиш учун саволларга жавоб беришга Қуръони Карим аралашар эди.

Маълумки, рўза Пайғамбаримиз ҳижратларининг иккинчи йилида фарз бўлди. У ҳақдаги оятларни бундан олдин ўргандик. Шариат ҳукмига асосан рўзани тутиш ҳам, очиш ҳам ҳилолга – янги ойга боғлиқ. Рамазон ойининг ҳилолини кўриб, рўза тутиш бошланади, кейинги ойнинг ҳилолини кўриб, рўза тутиш тугайди, ийди Рамазон бўлади. Ҳамма аҳкомлар ҳилолга боғлиқ. Шунинг учун ҳозирги кунимизда ҳам Рамазон яқинлашган сари одамларнинг ҳилол ҳақидаги савол-сўровлари кўпаяди. Худди шунингдек, ўша пайтда ҳам, хусусан, рўзанинг фарзлиги ҳақидаги биз ўрганган аввалги оятлар нозил бўлгандан сўнг ҳилол ҳақида саволлар кўпайган. Одамлар келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Ҳилол нима учун халқ қилинган?» – деб сўраганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми Бақара 107..Насх, сўзи давоми...

3432 09:00 / 03.11.2017
Бақара 3. Улар ғайбга иймон келтирадиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсаларshyдан нафақа қиладиганлардир.Ушбу оятда Қуръон давоми...

3031 02:53 / 23.04.2017
Аллоҳ рибони нобуд қилур ва садақаларни ўстирур. Ва Аллоҳ ҳар бир кофир, гуноҳкорни суймас. Бақара 276. Бандалар пулмоллари зиёда бўлиши учун рибохўрлик қиладилар давоми...

5320 11:48 / 13.06.2018
Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли худди ҳар бошоқда юзтадан дони бор, етти бошоқни ўстириб чиқарадиган бир дона донга ўхшайдир. Ва Аллоҳ Ўзи давоми...

3834 09:45 / 11.04.2018