1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзандингизга ўзингиз кўмаклашинг

12:17 / 15.01.2018 5410 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-онага итоат қилиш, уларга яхшилик қилиш фарз амаллардан бири бўлиб, уларга итоатсизлик қилиш эса Аллоҳга ширк келтириш билан бир қаторда зикр қилинган гуноҳи кабиралардан биридир.

Ота-онага итоатли фарзанднинг бу дунёда ҳар бир иши ўнгидан келади, охиратда эса ютуқларга эришади. Итоатсиз фарзанд эса дунёда хорликка, охиратда жазога маҳкумдир.

Биз бу мавзуда фақат фарзандларга панд-насиҳат қилишга ўрганиб қолганмиз. Аммо фарзандларимиз бизга итоат қиладиган, бизга яхшилик қиладиган инсонлар бўлиб етишиши учун, бизга итоатсиз бўлмаслиги учун уларга биз ёрдам беришимиз керак экан. Афсуски, бу мавзуда отага деярли ҳеч ким панд-насиҳат қилмайди. Ваҳоланки боланинг айрим итоатсизлигига ота-оналарнинг ўзлари сабабчи бўлишади. Оқибатда эса фарзандларидан олдин ўзлари маломатга қолишади. Бир улуғ зот тарбиясиз ўғлидан шикоят қилиб келган, аммо ўзи оталик бурчини бажармаган одамга қараб: «Боланг сенга оқ бўлмабди, балки сен ўзинг болангга оқ бўлибсан», деган экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Фарзандларингизга итоатгўй бўлишда ёрдам беринглар. Ким хоҳласа, фарзандидан ўзига итоатсизликни чиқариб олаверсин» (Табароний ривоят қилган).

Яна бир ҳадисда: «Ўзига итоат қилишда фарзандига ёрдам берган отага Аллоҳ раҳм қилсин. (Бундай оталар) фарзандининг яхшилигини қабул қилади, ёмонлигини кечириб юборади»,  дейилган (Абу Абдурраҳмон Суламий «Одобус-суҳба»да заиф санад билан ривоят қилган).

Оталар фарзанддан яхшилик ва итоат қозониши учун қуйидаги кўрсатмаларга амал қилишлари керак:

1. Гўзал хулқ ва дин соҳибаси бўлган аёлга уйланиш. Чунки у фарзандларга она бўлади, уларни тарбиялайди, уларга таъсир ўтказади. Ота кўпинча уйда эмас, тирикчилик ва нафақа билан банд бўлгани учун фарзандларга ундан кўра она яқинроқ бўлади, улар билан кўпроқ бирга бўлади.

2. Гўзал исм қўйиш. Фарзандларга яхши ният билан анбиёларнинг, саҳобалар, буюк уламолар, фотиҳ ва солиҳ зотларнинг исмини қўйинг. Шояд фарзандлар уларнинг шахсиятидан таъсирланишса.

3. Ёмон улфатлардан узоқлаштириб, солиҳлар билан дўст бўлишга ундаш.

4. Одоб-ахлоқ, Қуръон ва ҳадис ўргатиш, масжидга олиб бориш, илм-фан, касб-ҳунар ўргатиш. Фарзандларни олимлар, зокирларнинг суҳбатига олиб бориб, уламоларга муҳаббатли бўлишни ўргатиш керак.

5. Фарзандлар билан доимий суҳбат қуриш, улар билан бирга ўйнаш, каттароқ бўлганида эса бирга иш қилиш, ибратли қиссаларни ҳикоя қилиб бериш, уларни суйиб, бошини силаш, пешонасидан ўпиш, хуллас – меҳр бериш, уларни жонидан ортиқ кўришини билдириш, кўрсатиш. Фарзандларни ҳалол луқма билан боқиш, ёшига, қобилиятига қараб ўйинчоқлар, ҳадялар бериш, уларнинг моддий таъминотида қўли очиқ бўлиш, ёшига муносиб муомала қилиш, меъёрида эркалаш ва тергаш, одатда болаларда учраб турадиган, оталар хушламайдиган хато-камчиликларни кечириш лозим.

6. Энг муҳими, фарзандларнинг ҳаққига уларнинг олдида ҳам, ортидан ҳам кўп дуо қилиш. Айниқса саждаларда ғойибона дуо қилиш, солиҳ зотлардан уларнинг ҳаққига дуо олиш, сўнг ана шу дуоларнинг ижобат бўлишини ҳам сўраш лозим.

Оталарга (оналарга ҳам) насиҳатим шу:
1. Сиз фарзандларингиз учун ўрнаксиз. Шундай экан, ўзингиз ҳам ота-онага итоатда бўлинг. Фарзандлар ота-онага итоатни сиздан ўргансин. Сиз ота-онангизга итоат қилсангиз, фарзандларингиз ҳам сизга итоат қилишади.
2. Оталарнинг солиҳ инсон бўлиши фарзандга ҳам ўтади. Шундай экан, солиҳ бўлинг, Аллоҳ сизни ташлаб қўймайди, фарзандингиздан ҳам ёмонлик кўрсатмайди.
3. Луқмони ҳакимнинг ўғлига қилган буюк панд-насиҳатларини (Луқмон сурасининг 12-20-оятларини) фарзандларингизга ўқиб беринг, маъноларини тафсир қилиб беринг.
4. Ота-онанинг фарзандга муҳаббати инсоннинг фитратида бор. Шунинг учун ота-она болани деб жонини фидо қилишга ҳам тайёр туради. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Аммо боланинг ота-онага муҳаббати бундай эмас. Бу муҳаббат болага қилинган яхшилик туфайли шаклланади. Одам боласи яхшиликнинг, ширин сўзнинг гадоси бўлади. Инсоннинг қалби яхшиликлар билан эгалланади. Шундай экан, уларнинг итоатини яхшиликлар эвазига сотиб олинг.
5. Ривоят қилинишича, Муовия розияллоҳу анҳу Аҳнаф ибн Қайснинг болалар ҳақидаги фикрини сўради. У шундай деди: «Улар қалбимизнинг меваси, белимизнинг қуввати. Биз улар учун хокисор ер, соябон осмонмиз. Бола бирор нарса сўраса, топиб бергин. Аччиқланса, уни рози қилгин. Шунда улар ҳам сенга меҳр беришади, сен учун куч-қувват сарфлашади. Аммо уларга оғирлигингни туширма, акс ҳолда сендан малолланиб, вафотингни орзулаб қолишади».
6. Сиз уларга чин кўнгилдан, кўп-кўп инфоқ қиларсиз. Аммо ёшингиз улғайганда уларга муҳтож бўлиб қолишингиз мумкин. Шунда улардан сўраш сизга, сиз сўраган нарсани топиб бериш эса уларга оғир келиши мумкин. Бироқ, бу ҳолатдан ажабланмай, ҳамма нарсани Аллоҳга топширинг. Гуноҳкор бўлиб қолмасликлари, итоатсизлик қилиб, ота-онага оқ бўлиб қолмасликлари учун улардан ҳеч нарса сўрамасликка ҳаракат қилинг.
7. Ким фарзандини ёшлигидан тарбия қилса, бу фарзанд катта бўлганида унинг кўз қувончига айланади.

Аввалги суҳбатимизда оталар қандай қилиб фарзандларнинг итоати ва яхшиликларини қозониши мумкинлиги ҳақида сўз юритган эдик. Энди эса фарзанднинг ота-онага оқ бўлишга сабаб бўладиган, ота-оналар четланиши керак бўлган ишларни баён қиламиз.
1. Ота-онага оқ бўлиш. Уларни норози қилган, кўнглини оғритган одам ўзининг фарзандлари ҳам унга оқ бўлишини ўйлаб қўйсин, чунки «Нима эксанг, шуни ўрасан» деганларидек, жазо ҳам гуноҳнинг жинсидан бўлади.
2. Болага ёмон муомалада бўлиш. Ёмон муомаладан безган бола бориб-бориб бетгачопар, бағиртош бўлиб қолса, ёмон муомалада бўлган ота гуноҳкор бўлади, чунки у болани гуноҳ қилишга ундади. Инсоннинг табиати эса ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтаришга мойилдир.
3. Фарзанднинг нафақасида зиқналик қилиш, уларни уриб-сўкиш, айблаш, ҳақоратлаш. Айниқса, дўстлар, қариндошлар ва кўпчилик ўртасида болани калтаклаш. Аксинча, ота бошқалар олдида болани ҳурмат қилиши, унинг яхши хулқларини гапириб, ундан рози эканини айтиши, панд-насихатни эса ўз ўрнида, бола билан ёлғиз қолганда қилиши керак.
4. Бўлар-бўлмас нарсаларга тергайвериш. Бундай қилиш болани малоллантириб, «уф» тортишига сабаб бўлади.
5. Боланинг эркини жиловлаб қўйиш. Масалан, ўзи хоҳламаган касб-ҳунарга ўргатиш, ўзи истамаган аёлга никоҳлаш, бундай муҳим ишларда ихтиёрни ўзига қўйиб бермаслик мутлақо нотўғридир. Аксинча, болани тўғри йўл танлашга ўргатиш, адашса койиш ёки уриш эмас, балки насихат қилиш керак.
6. Кучи етмайдиган ишларни юклаш. Болага тоқатидан ташқари, ҳаддан ортиқ кўп иш юклаб, уни ўқишдан, касб-ҳунар ва тижорат ўрганишдан маҳрум қилиш.
7. «Ўзинг ҳам, мол-мулкинг ҳам отангникидир» деган ҳадисни ҳужжат қилиб, фарзандларнинг мол-мулкини зулм билан олиб қўйиш. Ота болани ўқиш, ҳалол мол-мулк тўплаб, уй-жой қилиш, уйланишга  қўйиб бермаса, «Менинг келажагим отамни қизиқтирмас экан» деган фикрга бориб қолади.
8. Шаръий сабаб бўлмай туриб, ўғлига хотинини қўйиб юборишни буюриш. Бундай ҳолатда фарзанднинг талоқ қилмасликка ҳаққи бор.
9. Шаръий сабаб бўлмай туриб, фарзандига ҳаққидан кечишни, бирор нарсасини сотиб юборишни, дўстлари билан алоқани узишни ёки уйини алмаштиришни буюриш.
10. Фарзандларга муомалада, гап-сўзда, меҳр-муҳаббатда ва ҳадя беришда адолат қилмаслик. Бу борада болаларнинг орасини ажратиш катта хатодир, чунки бу нарсалардан маҳрум бўлиб қолган фарзанд отасини ёмон кўриб, ака-укаларига ҳасад қиладиган бўлиб қолади.

Аллоҳим, фарзандларимиз тарбиясида бизга тўғри йўлни кўрсатгин, уларни кўз қувончимиз қилгин!


Доктор Муҳаммад Содиқ Дарвиш 
(Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф таржимаси)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдулқуддус амакининг сабоқлари 14қисмҲАЛОЛ, ПОК БЎЛИНГ Ассалому алайкум, кўзимнинг нури, қалбимнинг сурури бўлган азиз болакайларим Бугунги дарсимиз ҳалол, пок давоми...

4927 05:00 / 16.02.2017
ЎНИНЧИ САБОҚНАМОЗ ЎҚИШНИ ЎРГАНИНГАссалому алайкум, менинг суюкли тойчоқларимБугун сизларга намоз ўқишни ўргатиб қўяман, деб ваъда берувдим. Ваъдани, албатта, давоми...

3727 05:00 / 15.02.2017
Маълумки, Қуръони карим Аллоҳнинг Каломи сифатида инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи китобдир. Шундай экан фарзандларни комил инсон бўлиб вояга давоми...

2794 05:00 / 15.02.2017
...Ислом дини кишилик жамиятида қарор топа бошлаган дастлабки кунларданоқ душманлардан қўлга тушган асир ҳаётини сақлаб қолиш, унинг инсонлик ҳуқуқини ҳурмат давоми...

4859 05:00 / 15.02.2017
Аудиолар

118744 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40705 14:35 / 11.08.2021