1447 йил 17 жумадис сони | 2025 йил 08 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Маҳзунлик йили

16:51 / 26.12.2017 4413 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик келганига ўн йил тўлган эди. Ислом учун ўта нозик бир пайт. Ҳар қандай кишининг бир оз мойиллиги ҳам мусулмонларнинг катта хурсандчилигига сабаб бўладиган бир пайт эди. Ўшандоқ бир пайтда мусулмонларга, хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломнинг биринчи кунидан буён асосий ёрдамчи бўлиб келаётган киши вафот этди.

Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари, мўминларнинг оналари Хадийжа бинту Хувайлид розияллоҳу анҳо бу дунёни тарк этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўнгилларини доимий равишда кўтариб турувчи, у кишига бош маслаҳатчи бўлган, биринчи бўлиб иймон келтирган ва фазилатларини санаб, адоғига етиб бўлмайдиган бир улкан маконатли зот у дунёга риҳлат қилдилар. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз уйларида етим болалари билан қолдилар. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ Ислом жамияти учун оғир жудолик эди.

Хадийжа онамизнинг вафотларидан бир ою беш кун ўтиши билан иккинчи мусийбат содир бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб вафот этди. Ўзи мусулмон бўлмаса ҳам, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни кофирларнинг доимий ҳужумларидан ҳимоя қилиб келаётган одам бу дунёдан кўз юмди. Бу ҳам ғоятда катта йўқотиш эди.

Ушбу икки улкан мусийбатни ва кейин зикри келадиган бошқа мусийбатларни назарда тутиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша йилни «маҳзунлик йили» деб атадилар.

Абу Толиб вафот этганидан кейин қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг тириклигида етказа олмаган озорларини етказа бошладилар.

Бир куни Қурайшнинг эсипастларидан бири Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан тупроқ тўкиб юборди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига бошлари тупроққа қорилган ҳолда кириб бордилар. У зотнинг қизларидан бирлари йиғлаб, бошларидаги тупроқни ювдилар. У зот бўлса «Қизгинам, йиғлама. Албатта, отангни Аллоҳнинг Ўзи сақлайдир», дер эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиётиб, саждага борганларида Уқба ибн Абу Муъайт туянинг қорнини олиб келиб, у зотнинг бошлари аралаш елкаларига ташлади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларини кўтара олмай қолдилар. Кофирлар эса бир-бирларига қараб, кулар, ҳеч ким бирор ёрдам қилишга ботина олмас эди. Охири бир одам бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимани чақириб келди. Фотима келиб, ўша нарсани у зотнинг устиларидан олиб ташлади ва мушрикларни қарғади.

Ана шундай оғир бир пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан бошқа ерда ҳам Ислом даъватини қилиб кўриш ҳақида тафаккур қила бошладилар. Бу жой ўша пайтларда ҳамма жиҳатдан Маккадан кейинги, иккинчи ўринда турадиган Тоиф шаҳри бўлиб кўринди. У зот Тоифга боришга қарор қилдилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз намозида таҳоратини кетказиб қўйса, бурнини ушласинда, давоми...

3216 14:33 / 19.07.2020
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки киши қазои ҳожатни ирода қилиб чиқиб, авратларини очиб, гаплашавермасин. давоми...

4086 11:55 / 13.07.2019
432. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг муҳаррам ойи рўзасидир. давоми...

3831 13:00 / 13.11.2020
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мастура қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан давоми...

4859 20:02 / 28.04.2017
Аудиолар

211517 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар