1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Суннатнинг Қуръон билан насх бўлиши

17:30 / 22.12.2017 4591 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннатнинг Қуръон билан насх бўлишига ҳамма иттифоқ қилган ва бунинг намуналари жуда ҳам кўп.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг, Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқишни бошлаганлар. Қибла ўша томон бўлган. Шунинг учун ҳам, Қудуси шарифни ҳозиргача «икки қибланинг биринчиси» деб аталади. 

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдис томонга намоз ўқидик. Сўнгра Каъба томонга бурилиндик».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадийнаи Мунавварага келишлари Робиъул Аввал ойида бўлган. Қибланинг Каъба томон бурилиши эса, ҳижрий иккинчи йилнинг Ражаб ойи ўрталарида бўлган. Шу икки муддат ичида Байтул Мақдис қибла бўлиб турган. 

Сўнг «Бақара» сурасида қуйидаги оят тушиб, суннат билан собит бўлган ҳукмни насх қилган ва Каъба қибла бўлган.

 «Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз» (144-оят).

– Дастлаб, рўза фарз бўлган вақтида ифтор вақти қуёш ботгандан то хуфтон намози вақти киргунча бўлган, холос. Агар ўша вақт ичида ифтор қилиб олинмаса, ундан кейин яна ифтор вақти келмагунча еб-ичишга рухсат бўлмаган. 

Шунингдек, рўза пайтида кечаси ҳам эру хотин жинсий яқинлик қилишларига рухсат бўлмаган.

Кейинчалик Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасидаги қуйидаги оятни нозил этиб, суннат ила собит бўлган ушбу ҳукмни насх қилди: 

 «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг» (187-оят).

– Баъзи уламоларнинг ижтиҳодларига қараганда, Ошуро куни рўзасини тутиш суннат ила вожиб бўлган. Сўнгра Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутиш ҳақидаги оятларни нозил қилиб, бу ҳукмни насх этган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу минбарда гапириб турганларида ортидан икки қизи, отаонаси ва хотини қолган маййитнинг хотинига меросдан қанча тегиши ҳақида давоми...

2714 12:00 / 18.05.2020
Албатта, ўзимизга керакли нарсаларни қўлга киритишга, хоҳлаганимизни эса улоқтиришга одатланганмиз. Аммо биз кераксиз деб ташлаб юборган нарсамиз ёки егуликлар давоми...

4004 05:00 / 06.03.2017
. . .Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам она бўлмаганда, момога олтидан бирни берганлар,.Абу Довуд ва Насаий давоми...

2149 16:05 / 23.12.2019
Савол. Шаръий рухсатларни ахтариб топиб, амал қилишни ўзининг мазҳаби қилиб олган кимсанинг ҳукми нима У бидъатчими ёки йўқмиУнга жавоб. Шаръий рухсат берувчи давоми...

3816 05:00 / 19.01.2017