1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Тақлид

17:18 / 20.12.2017 3223 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тақлид» сўзи араб тилида бир нарсани бўйнига осиб олишни англатади. Кейинги даврларда бу сўзни бошқанинг амалига ўхшаш амал қилиш маъносида кўпроқ ишлатиладиган бўлиб қолган. 

Усулул фиқҳ уламолари таърифида: «Тақлид» – сўзи ҳужжат бўлмаган шахснинг гапини ҳужжатини билмасдан қабул қилиб, амал қилишдир».

Бунда: тақлид қилувчи кимса ўзи билган, илмига, тақвосига ўта ишонган бир олимнинг дийндаги амали ва гапини бўйнига белги аломати сифатида илиб олди, деган маъно бордир.

Таърифдаги «сўзи ҳужжат бўлмаган шахс» деган калом ила Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан хориж бўлмоқдалар. Чунки, у зот алайҳиссаломнинг амаллари ва гаплари ҳужжатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тақлид қилинмайди, балки эргашилади.

Тақлиднинг ҳукми

Аввал айтиб ўтилганидек, ижтиҳод қилиш даражасига етмаган шахс мужтаҳидга тақлид қилади ва мужтаҳиднинг фатвосига амал қилади. Худди шу ишнинг ҳукми ҳақида уч турли фикр айтилган.

1. Ибн Ҳазм ва унга ўхшаш баъзи кишилар: тақлид қилиш мутлақо жоиз эмас, балки ҳар ким ўзи ижтиҳод қилиши лозим, дейдилар.

Уламолар бу гапни ақл кўтармайдиган гап сифатида инкор қиладилар. Зотан, ҳар бир одам мужтаҳид даражасига етиши мутлақо мумкин эмас.

2. Тақлид қилиш вожибдир. Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мужтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас.

Бу гапнинг эгалари ҳижрий учинчи асрдан кейин ижтиҳод эшиги ёпилгани ҳақида уламоларнинг қарори чиққанини далил қилиб келтирадилар.

Ушбу гап узоқ муддат ҳукм сурган қарор сифатида танилган ва унда қаттиқ турилган. 

3. Мутлақ мужтаҳид бўлмаган киши учун мужтаҳид олимлардан бирига тақлид қилиш лозим бўлади. Баъзи фиқҳий масалаларда мужтаҳид бўлса ҳам, ўз ижтиҳоди ила аниқлай олмайдиган масалаларда тақлид қилиши керак бўлади. Бу йўналишнинг тарафдорлари қуйидаги далилларни келтирадилар:

– Аллоҳ таоло мўминларга шундай деб марҳамат қилади:

 «Бас, ўзингиз билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг» («Наҳл» сураси, 43-оят). 

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло билмаган кимсаларни билганлардан сўрашга амр қилди. Бу эса, одамлар ичида билимлиги ва билимсизи бўлиши муқаррарлигига далолат қилади. Бас, билмаган кимсалар биладиганлардан ўзи билмаган масалани сўраши лозим бўлади. Бу эса, ўз навбатида, билимсиз киши олим одамга тақлид қилиши вожиблигини англатади. 

Ушбу оятга биноан, «ҳаммага тақлид вожиб» деган гап ҳам, «ҳаммага ижтиҳод вожиб» деган гап ҳам тўғри эмаслиги чиқади.

– Саҳоба ва тобеъинларнинг даврида мужтаҳид бўлмаган кишилар ўзлари билмаган масалаларни мужтаҳид бўлган саҳоба ва тобеъинлардан сўрашар эдилар. Мазкур мужтаҳид саҳоба ва тобеъинлар сўровчиларга ҳеч қандай инкор қилмай жавоб берар эдилар. Агар ҳаммага ижтиҳод қилиш лозим бўлганда, сўровчилар савол бермас ва сўралганлар уларга: «Ўзингиз ижтиҳод қилинглар», деб айтар эдилар.

Ушбу ҳолат ижтиҳодга илми ва қурби етмаган шахс мужтаҳидга тақлид қилиши кераклиги ҳақида саҳоба ва тобеъинларнинг ижмоъи собит бўлганига яққол далилдир.

– Ижтиҳод қилишга ҳар ким ҳам қодир бўла олмайди. Чунки, бу ишни қилиш учун шаръий далиллардан ҳукмларни истинбот қилишга етарли даражада ақлий қувват лозим бўлади. Бу малакани Аллоҳ таоло ҳаммага ҳам берган эмас. 

Агар қудрати етмайдиган кишини ижтиҳод қилишга амр этилса, уни қудрати етмаган ишга таклиф қилинган бўлади. Шариатда эса, бундай қилиш жоиз эмас. Зотан, Аллоҳ таоло худди шу маънони таъкидлаб бундай деб марҳамат қилади:

 «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас» («Бақара» сураси, 286-оят).

– Мужтаҳид бўлиш учун керакли илмларни талаб қилиш узоқ вақт давом этади. Агар барча одамлар бу иш билан машғул бўлсалар, яшаш учун зарур бўлган бошқа ишларни ким қилади?  

– Ҳамманинг иттифоқига сазовор бўлган катта мажтаҳидлардан кейин ижтиҳод эшиги ёпилган ва ижтиҳод қилиш мумкин эмас, деган гапга жавоб қуйидагича:

Тўғри, баъзи уламолар, ўз замонларида шариат ва ижтиҳод ишларида тутуриқсизлик авж олгани, ким кўринган ўз фикрини ўтказишга ҳаракат қиладиган бўлиб кетгани учун, ҳижрий учинчи асрнинг охирида «Ижтиҳод эшиги ёпилган» деган гапни тарқатишган ва шу йўл билан ҳар хил ғаразгўйларнинг шариатни ўйин қилишларига чек қўйишган.

Аммо бу нарсани «Фиқҳий ижтиҳод қилиш шариатда маълум замонга ва шахсларгагина фарз бўлган» деган тушунчага айлантириб қўймаслик керак.

– Ҳозирги даврда Абу Ҳанийфа, Шофеъий, Молик ва Аҳмад ибн Ҳанбалга ўхшаш мужтаҳидлар йўқлигига ҳамма иттифоқ қилган. Мужтаҳидлик даъвосини қилган ёки қилаётган ёхуд «фалончи мужтаҳид» деб айтаётган аҳли илм йўқ. Бундай бўлиши қийин ҳам. Аммо мазҳаб ичида ва янги пайдо бўлган масалаларни ҳал қилишда ҳамда фатвода ижтиҳод содир бўлиб турибди. 

– Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи Академиялари бўлди. Авваллари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий муассасалар савиясида бўлар эди. Ҳар тараф ўз имконига ва ўзидаги илмга қараб ҳаракат қилар эди. 

Замон ўзгариши, ҳаёт кечиришнинг мураккаблашиши, фан ва техниканинг тараққиёти каби омиллар ўзига яраша муносабатни тақозо қила бошлади. Энди дунёда бўлаётган ўзгаришларни якка шахслар ёки маҳаллий муассасалар орқали қамраб олиш қийинлашди. Хусусан, бу ўзгаришларга шариат бўйича муносабат билдириш, улар ҳақида тўлақонли фатволар чиқариш мураккаблашди. Бу ва бунга ўхшаш бошқа омиллар фақиҳларнинг биргалашиб иш олиб боришларини талаб қиларди.

Юзага келган вазиятга жавоб ўлароқ Ислом Фиқҳи Академиялари тузила бошлади. Бу илмий муассасаларга кўзга кўринган фақиҳлар аъзо бўлдилар. Ҳал қилиниши лозим бўлган масала бўйича академия идораси аъзоларга аввалдан хабар беради. Аъзолар белгиланган муддатгача ўша масалани яхшилаб ўрганадилар. Ўзларидан илтимос қилинган мавзуларда илмий ишлар ёзадилар. Кейин Академиянинг умумий мажлисида мазкур масала муҳокама қилинади. Академиянинг мажлисига кўрилаётган масала бўйича мутахассис олимлар ҳам таклиф қилинади. Улар ўз мутахассисликлари асосида маълумотлар тақдим қиладилар ва академия аъзоларининг саволларига жавоб берадилар.

Узоқ ва аниқлик билан давом этган мажлислардан сўнг таҳлил қилинган масала бўйича Академиянинг бу борадаги қарори лойиҳаси муҳокамага ва овозга қўйилади. Кўпчилик овоз ила қарор қабул қилинади. Баъзи Академиялар қарши овоз берганларнинг фикрини ҳам эълон қилади.

Шу тарийқа, замонамизда ўртага чиққан кўплаб муаммолар шариат таълимотлари асосида ҳал қилиниши йўлга қўйилди ва мусулмонларнинг таҳсинига сазовор бўлди. Ҳозирда халқаро исломий ташкилотлар, давлатлар, вазирликлар, ширкатлар, турли муассасалар ва шахслар ўзлари ҳал қила олмаган фиқҳий масалаларни ечишда Ислом Фиқҳи Академияларига мурожаат қилишмоқда ва керакли ечимларни олишмоқда.

Баъзи бир уламолар кейинги пайтларда якка шахслар ижтиҳод даражасига етиши имконсиз бўлса ҳам, жамоъий ижтиҳод имкони борлигини худди шу Ислом Фиқҳи Академиялари фаолиятидан олиб айтмоқдалар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймБизларга рўза тутишни фарз қилиб, рўзани Ислом рукнларидан бири қилган Аллоҳга ҳамду санолар, Роббисига энг яхши ибодат қилган намоз давоми...

3304 05:00 / 19.01.2017
Халқимизнинг динимизга қайтиш жараёнида бу масалага ҳам унча кўп бўлмаса ҳам, қайта эътибор кўзга ташланмоқда. Қадимда фиқҳ китобларида келган фароиз бобларидан давоми...

6794 05:00 / 17.01.2017
Фуруъу усулнинг муқобилига ишлатилиб шохобча маъносини англатади. Усулда фиқҳий аҳкомларни истинбот қилиш қоидалари устида иш боради. Фуруъда эса турли фиқҳий давоми...

3448 05:00 / 17.01.2017
Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис ҳижрий 150санада, имом Абу Ҳанифа вафот этган кунда дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига давоми...

3911 14:37 / 27.02.2020