1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 73-оят

09:00 / 24.09.2017 4338 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейин: «Уни у(сигир)нинг бир қисми билан уринг», – дедик. Аллоҳ худди шундай қилиб, ўликларни тирилтирур ва оят(аломат)ларини кўрсатур. Шоядки, ақл юритсангиз. Бақара 73.

Қотилни аниқлаш учун ўлдирилган шахсни тирилтириш керак эди. Бунинг учун эса:

«Уни у(сигир)нинг бир қисми билан уринг», – дедик».

Яъни «Ўликни сўйилган сигирнинг баъзи жойи билан уришни талаб этдик».

Шу ўринда: «Ҳар нарсага қодир бўлган Зот – Аллоҳ таоло ўша ўликни шартта тирилтириб қўяверса бўлмасмиди? Сигир сўйдириб, унинг баъзи жойи билан ўликни урдиришнинг нима ҳикмати бор?» деган савол пайдо бўлади. Жавоб шуки: «Аввало, сигир Бану Исроилнинг одатига кўра, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон эди. Шунинг учун бошқа ҳайвон эмас, айнан сигир ихтиёр этилди. Иккинчидан, улар сигирни худо қилиб олиб, унга ибодат ҳам қилишган эди. Ҳолбуки, улар сиғинаётган нарса оддий бир ҳайвондир. Шуни билдириб қўйиш учун уни сўйишга амр этилди. Қолаверса, сўйилган ҳайвоннинг бир бўлаги ҳам жонсиздир, у билан ўлик урилса, тирилиб кетиши ёлғиз Аллоҳнинг қудратига далолатдир. Бу рамзий бир восита холос, аслида инсон ўликка қандай қилиб жон кирганини билмайди, билолмайди ҳам. Аллоҳ ўликни қандай қилиб тирилтиришини кўрсатиб қўйди, холос. Чунки Бану Исроил ҳам ўлгандан сўнг тирилишни инкор қилар эди. Аллоҳ таоло битта ўликни тирилтириб, уларга кўрсатиб қўйиб:

«Аллоҳ худди шундай қилиб, ўликларни тирилтирур…» деб танбеҳ беряпти. Ўликни тирилтириш ҳақиқати нимадан иборат эканини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, бу илоҳий мўъжиза. Аллоҳ Бану Исроилга ушбу мўъжизасини кўрсатди. Агар хоҳласа, яна бошқа мўъжизаларни ҳам кўрсатаверади:

«...ва оят(аломат)ларини кўрсатур».

Эски тафсирларимизнинг баъзиларида «Ўша сигир парчаси қайси парча эди, думими ёки бошқа жойими?» деган савол устида узундан узоқ тортишилган. Айрим уламолар эса: «Бунинг аҳамияти йўқ, керак бўлса, Аллоҳнинг Ўзи айтар эди. Аллоҳ айтмаган ва баҳс қилишни буюрмаган ишни баҳс қилиб, вақтни, ақлни бекорга сарфлашнинг нима кераги бор», – дейишган. Шу гап – жуда тўғри гап.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилганларга улар учун остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар борлигининг хушхабарини бер. Ҳар гал уларнинг мевасидан давоми...

6205 14:02 / 04.08.2017
Албатта, иймон келтирган, солиҳ амалларни қилган, намозни тўкис адо этиб, закотни берганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар маҳзун ҳам давоми...

5867 11:04 / 21.06.2018
Сўнгра, шундан кейин ҳам қалбларингиз қаттиқ бўлди, улар тошдек ёки унданда қаттиқ. Ҳолбуки, тошларнинг ичида ундан анҳорлар отилиб чиқадигани бор. Ва уларнинг давоми...

4894 15:43 / 25.09.2017
Набийлари уларга .Албатта, унинг подшоҳлигининг ояти белгиси ndash сизларга ичида Роббингиздан сакина ва Оли Мусодан ҳамда Оли Ҳорундан қолдиқ бор сандиқ келишидир. давоми...

5179 09:30 / 31.03.2018
Аудиолар

211025 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130284 14:35 / 11.08.2021