1445 йил 6 зулқаъда | 2024 йил 14 май, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳажжи мабрур нима?

05:00 / 16.01.2017 5146 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алҳамдулиллаҳ. Вас солату вас саламу ала Росулиллаҳ. Биз ушбу мақолада ҳажжи мабрурга эришиш йўллари ҳақида сўз юритамиз. Саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: 

“Бу умра кейинги умрагача ўрталаридаги гуноҳларга каффоротдир. Мабрур ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”. Бухорий ва Муслим ривоят қилишган. 

Уммул муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо: “Эй Расулуллоҳ, биз жиҳодни энг афзал амал деб биламиз. Жиҳод қилайликми?” деб сўрадилар. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ. Лекин энг афзал жиҳод мабрур ҳаждир” деб жавоб бердилар. Бухорий ривоят қилган. 

Хўш, энг афзал жиҳод саналган, мукофоти жаннат бўлган мабрур ҳажнинг ўзи нима? 

Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларда “Энг афзал амал қайси?” деб берилган саволга турлича жавоб берганлар. Бир ҳадисда бу саволга “Таом бериш ва саломни кенг ёйиш” деб жавоб берилган. 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир ҳадисда зикр қилинган “Алъажжу вас сажжу”ни “талбияни баланд овозда айтиш ва ҳожиларни таомлантириш учун қурбонлик сўйиш” деб тушунтирганлар. 

Бир ривоятда “мабрур ҳаж”ни “ҳеч қандай гуноҳ аралашмаган ҳаж” дейилган бўлса, бошқасида “қабул бўлган ҳаж” деб шарҳланган. 

Бошқа бир ривоятда “риё ва сумъасиз қилинган ҳаж” деб шарҳланган. 

Яна бир ривоятда “ҳажнинг ҳукмларига амал қилган ҳолда мукаммал адо этилган ҳаж” деб шарҳланган. 

Ҳеч шубҳа йўқки, юқоридаги шарҳу таърифларга ояту ҳадислар мувофиқ келади ва луғат жиҳатидан ҳам тўғри келади. Мабрур ҳаж қуйидаги уч шарт асосида бўлади десак ҳам ўринлидир. Демак: 

1.    Ихлос. Адо этилаётган ҳаж мабрур ҳаж бўлиши учун лозим бўлган ихлоснинг миқдори ниятни тўғрилаш, яъни ҳаждан кўзланган мақсад “ҳеч қандай риё ва сумъасиз фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаш” бўлишидир. Шу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадислари бор: 

“Албатта, амаллар ниятларга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади”. 

Ихлос ўз соҳибини улуғ мақомларга кўтаради. Ҳаж қилмоқчи бўлган одам қиладиган ҳажидан насуҳ тавбани ният қилиши керак. Токи ҳаждан олдинги аҳволидан кўра ҳаждан кейинги аҳволи яхшилансин. Ҳаж бир ҳолдан бошқа ҳолга ўтиш амалиёти бўлиши керак. Ҳаждан кейин фарзларга бепарволик, гуноҳларда бардавомлик бўлмаслиги керак. Ҳажда ихлоснинг мукаммал кўриниши – қалбда Аллоҳдан бошқасининг бўлмаслиги, Аллоҳдан бошқаси кўнгилга келмаслигидир. Ҳожи қалбининг бундай бўлиши Аллоҳнинг унга берган бебаҳо ҳадяси, олий мақомидир. Бу мақомга эришиш осон эмас. 

2.    Нафақани ҳалол-пок молдан қилиш. Бу нафақага таом, либос, транспорт ва бошқа ҳажга кетадиган маблағлар киради. Шу билан бирга ортидаги аҳли оиласига қолдириб кетадиган нафақаси ҳам ҳалол бўлиши керак. Бундаги энг зарур миқдор нафақа ҳаром касб (ўғрилик, порахўрлик, алдаш орқали мулкка эга бўлиш, судхўрлик, бировнинг мулкини тортиб олиш) орқали топилган бўлмаслиги керак. Бир ҳадисда шундай дейилган: 

“Агар киши ҳажни ният қилиб, пок нафақа билан чиқса ва оёғини узангига қўйганда “Лаббайкаллоҳумма лаббайк” деб нидо қилса, самодан унга ҳам бир нидо қилувчи “Лаббайка ва саъдайка, озуқанг ҳалол, минадиган уловинг ҳалол, ҳажинг гуноҳдан холи, мабрурдир” деб нидо қилади. Агар киши ҳаром нафақа билан ҳажни ният қилиб чиқса ва оёғини узангига қўйганда “Лаббайкаллоҳумма лаббайк” деса, унга бир нидо қилувчи самодан “Ла лаббайка ва ла саъдайка, озуқанг ҳаром, нафақанг ҳаром, ҳажинг мабрур эмас” дейди”. 

Бир шеърда шундай дейилади: “Агар сен асли ҳаром бўлган мол ила ҳаж қилсанг, сен эмас, балки туянг ҳаж қилган бўлади”. 

Киши ҳалол нафақа билан ҳажга борса, тақвонинг олий чўққиларига эришиши осон бўлади. 

3.    Ҳажни чиройли адо қилиш. Бу дегани шариат аҳкомларига асосан ҳажни бажариш ва шу билан бирга қалб ва тана аъзолари ҳам Аллоҳни норози қиладиган ҳамма нарсадан сақланиши, фақат зикр билан машғул бўлиб, тортишиш, ёмон сўзларни айтишдан сақланиш тушунилади. Мабрур ҳаж бўлиши учун бу борада қўйилган миқдор ҳажнинг барча рукнларини, вожибларини бажариш, ҳажни ботил қиладиган, бузадиган нарсалардан сақланишдир. Шу билан бирга талбияни кўп айтиш, зикрга машғул бўлиш, таом бериш, одамлар билан гўзал муомалада бўлиш талаб этилади. Кейин ҳожи ҳажнинг суннатларига, мустаҳабларига, одобларига қатъий амал қилиши, макруҳ амаллардан сақланиши лозимдир. 

Пайғамбар алайҳиссалом: “Маносикларнингизни (Ҳажингиз ҳукмларини) мендан олинглар” деганлар. 

Ҳожи бекорчи гаплардан, кўп мубоҳ амаллардан тийилиб, зикр, тиловат, дуо, тазарруъ, ёлбориш, тафаккур, тадаббур билан машғул бўлиши керак. Қалбда, ташқи кўринишда, одамлар билан муомалаларда тавозуъни шиор қилиб олиш керак. 

Мукофоти фақат жаннат бўлган мабрур ҳаж мана шу тарзда адо этилади. Аллоҳнинг фазли кенгдир. У Зот Жавод (бандаларига фазлини кўп берувчи), Карим (бандаларига карамли)дир. 

Эй Аллоҳим, Байтингни ҳаж қилаётганларни Ўз паноҳингда асрагин! Улардан қилаётган ҳажларини қабул айлагин! Улар Сенинг фазлинг билан фазлингни истаб келдилар. Уларни оналаридан туғилган кунларидагидек бегуноҳ қилгин! Уларни ўз ватанларига соғ-саломат қайтаргин! Уларга берадиган улкан неъматларингдан бизларни ҳам насибадор қилгин! Бизларга ҳам мабрур ҳаж қилишни насиб айлагин! Байтингни ҳаж қилишдан ва Набиййинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилишдан бизларни маҳрум этмагин! Албатта, Сен барча нарсага қодирсан.


Ҳабиб Али Жифрий ҳафизаҳуллоҳ 

Таржимон: Нозимжон Ҳошимжон


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж уч турли бўлади. Улар 1. Ифрод 2. Қирон 3. Таматтуъ. ИФРОД ҲАЖ Ифрод ҳаж деб мийқотдан фақат ҳаж қилиш учун эҳромга киришдир. Ифрод ҳаж қилувчи Маккаи мукаррамага давоми...

4819 05:00 / 16.01.2017
.Ҳажи мабрур, деб мақбул ҳажга айтилади. Унинг аломати ҳар бир қилган гуноҳига тавба қилиб, истиғфор айтиш ва бирор кишининг ҳаққи зиммада қолмаслигидир. Шу билан давоми...

1808 13:00 / 29.06.2022
Аллоҳ таоло.Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй ndash Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилингануйдир. Унда очиқ аломатлар, мақоми Иброҳим бор. Ким унга давоми...

8992 18:03 / 28.08.2017
Ҳaжжи бaдaл қaндай узрлaр сабабли жoиз бўлaдиЗиммасига ҳаж фарз бўлган ҳар қандай киши номидан бошқа бир кишини ҳaжжи бaдaл қилиш учун жўнатиш жoиз эмас. У, яъни ҳажжи давоми...

3533 05:00 / 16.01.2017