1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Каъбани Аллоҳ таоло ҳифз этганлиги ҳақида

18:03 / 28.08.2017 8862 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Албатта, одамлар учун  қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир. Унда очиқ аломатлар, мақоми Иброҳим бор. Ким унга кирса, омонда бўлади», деган («Оли Имрон» сураси, 96-97-оятлар).

Ушбу икки оятда Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазлини, қибла бўлишга энг ҳақли жой шу ер эканлигини, намоз вақтида у томонга юзланишдан ташқари, имкон топганлар уни ҳаж қилиши ҳам фарз бўлганлигини марҳамат қилмоқда.

«Бакка» – Маккаи мукарраманинг исмларидан бири. «Бакка» сўзининг луғавий маъноси «тақиллатиб урмоқ» бўлиб, Маккада ҳар қандай мағрурнинг ҳам бўйни эгилади. Шунинг учун у «Бакка» ҳам дейилади.

«Албатта, одамлар учун  қўйилган биринчи уй – Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир».

Баккадаги уй Байтуллоҳдир. Одамларга ибодат учун, бутун оламларнинг ҳидояти учун қурилган биринчи уй Байтуллоҳдир. Ундан аввал бундай уй қурилмаган. Бу уй муборак бўлиб, уни ким ҳаж ёки умра қилса, кўплаб яхшилик ва манфаатлар топади.

«Унда очиқ аломатлар», яъни Байтуллоҳнинг ўзида бошқалардан устунлигига очиқ-ойдин аломатлар бор.

«...мақоми Иброҳим бор».

Уламоларимизнинг фикрларича, «Мақоми Иброҳим» деб, Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қураётганларида устида турган тошга айтилади. У тошга у зотнинг оёқ излари тушиб қолган. Авваллари бу тош Каъбаи муаззамага тегиб турар экан. Кейинроқ ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу унинг ёнида намоз ўқиётганлар, тавоф қилаётганларга ҳалақит бермасин, деб четроққа олдирганлар. Ҳозирги кунда у шиша ғилоф ичига олиниб, ердан маълум миқдор кўтариб қўйилган.

«Ким унга кирса, омонда бўлади».

Бундай фазилат дунёдаги ҳеч бир жойда йўқ. Иброҳим алайҳиссалом бу Байтни Аллоҳнинг амри ва ўғиллари Исмоилнинг ёрдами билан қурганларидан буён ҳар бир хавф-хатардаги одам учун тинчлик-омонлик маскани бўлиб келмоқда. Араблар ҳатто жоҳилият даврида ҳам бу қоидага амал қилишган. Баъзи бир жиноятчилар Масжидул ҳаромга кириб олишса, унга тегмаганлар. Арабларда ўч олиш туйғуси жуда юқори бўлишига қарамасдан, отасини ўлдириб, Масжидул ҳаромга кириб олган одамни учратган ўғил ҳам унинг олдидан индамай ўтиб кетаверган.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Маккаи мукаррамани фатҳ қилган кунларида:

«Албатта, бу юртни Аллоҳ осмонлару ерни яратган кунда ҳаром қилган. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Мендан олдин ҳеч кимга унда уруш қилиш ҳалол бўлмаган. Менга ҳам кундуз куни бир оз муддат ҳалол қилинди, холос. У Аллоҳнинг ҳурмати ила қиёмат кунигача ҳаромдир. Тикани юлинмайди. Ов ҳайвонлари ҳуркитилмайди. Тушиб қолган нарсани таниган одамдан бошқа олмайди...», деганлар.

Демак, Ҳарами Шарифда нафақат одамга, балки ҳайвонот ва набобот оламига ҳам озор берилмайди.

Олимларимиз ушбу ояти каримага асосланиб, «Жиноят қилган одам қочиб, Ҳарами Шарифга кириб олса, унга озор берилмайди, аммо унга жой, таом берилмасдан, муомала қилинмасдан, Ҳарами Шарифдан қайтиб чиқишга мажбур этилади ва чиққанидан сўнг ушлаб, жазоси берилади», дейишган.

Аллоҳ субҳанаҳу:

«Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб: «Роббимиз! Биздан қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг Самийъ ва Алиймсан» (деганларини) эсла», деган («Бақара» сураси, 127-оят).

Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун қиссада, жумладан, ушбу иборалар ҳам бор:

«Иброҳим: «Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди.

Исмоил: «Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди.

«Сен ёрдам берасанми?» деди.

«Ёрдам бераман», деди.

«Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб, кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош ташир, ота қурар эди».

Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб, кўз олдимизга келтиради.

Ота-бола пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила:

«Роббимиз! Биздан қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг Самийъ ва Алиймсан», деб илтижо айлаб, дуо қилдилар. Бу жуда улкан мақомдир. Салафи солиҳлардан Вуҳайб ибн Вард раҳматуллоҳи  алайҳи  ушбу  оятни  ўқиганларида  йиғлаб туриб:

«Эй Роҳманнинг Халили! Роҳманнинг Байтининг пойдеворларини кўтариб турибсан-ку, яна қабул бўлмай қолармикан деб қўрқяпсанми?!» деган эканлар. Улкан қалблар, камолга етишган инсонлар ана шундай ҳассос бўладилар.

Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломлар Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар:

«Роббимиз! Икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил...»

Ўзлари мусулмон бўла туриб, ҳидоятда бардавом бўлиш учун бутун борлиғи билан Аллоҳ таолога таслим бўлишдан ажрамаслик умидида дуо қилмоқдалар. Шу билан бирга, улар ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тилаб:

«...ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон бўлган уммат қил», демоқдалар.

Ақийда иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масала. Шунинг учун аввалги оятларда ҳарам аҳлига ризқ сўраган ота-бола энди зурриётларига Аллоҳ таолодан иймон сўрамоқдалар.

Улар яна Аллоҳ таолодан:

«бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўрадилар.

Биз «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз араб тилида «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда ҳаж ибодатлари маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуода «Мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди унда ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат», деган маъно ётади. Дуонинг охирида Аллоҳ таолонинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтилмоқда:

«Албатта, Сен Ўзинг Таввоб ва Роҳиймсан».

Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломлар Аллоҳ таолодан катта неъмат – зурриётларига ўз ичларидан пайғамбар юборишини сўрамоқдалар.

«Роббимиз! Уларнинг ичига ўзларидан оятларингни уларга тиловат қилиб берадиган, китоб ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор!»

Ўша пайғамбар уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб, Китобни, яъни Аллоҳнинг Китобини ўқишни, унинг маъноларини, унга амал қилиш шартларини ўргатади. Ҳамда ҳикматни – ҳар бир нарсани ўз жойига қўйишни таълим беради. Уламоларимиз «Ҳикматдан мурод – Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари», деганлар.

Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири – уларни ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклаш бўлади.

Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломларнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У зот Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломларнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у зотда мужассам.

Чин дилдан қилинган дуо албатта қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай шошилади, ноумид бўлади, холос. Хўш, ўзини Иброҳим алайҳиссаломнинг меросхўрлари деб фахрланиб юрган яҳудийлар, насронийлар ва араб мушриклари шунча гапдан кейин нима дейдилар?! Тўғри, ҳаммалари Иброҳим алайҳиссаломнинг зурриётларидир. Аммо Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссалом Байтуллоҳни қураётганларида «Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирган» зурриётларигагина ризқ ва барака сўраб дуо қилдилар. Улар яна:

«Икковимизни ўзингга мусулмон бўлганлардан қилгин», «Зурриётимиздан ҳам ўзингга мусулмон уммат қилгин», дедилар. Яҳудий ё насроний ёки мушрик қилгин демадилар.

Улар бутун оламлар Роббисидан илтижо билан сўраган Пайғамбар – Муҳаммад алайҳиссалом ҳам келди. Энди у кишига иймон келтириш лозим. Бу ишларнинг ҳаммаси Иброҳим алайҳиссаломга эргашганларнинг энг бирламчи иши бўлиши лозим.

Аллоҳ таоло:

«Аллоҳ Каъбани – Байтул ҳаромни... одамлар учун асос қилиб қўйди», деган («Моида» сураси, 97-оят).

Каъбаи муаззаманинг турли номлари бор. Жумладан, у Байтул ҳаром ҳам дейилади. Яъни у ерда ҳар хил ёмонликлар, қон тўкишлар, уруш қилиш, ов овлаш, майсаларни юлиш, дарахтларни синдириш, кесиш каби ишлар ҳаром қилинган. Бу ўринда фақат Каъбаи муаззама биноси ёки Каъба атрофидаги Масжидул ҳаромгина кўзда тутилмайди. Балки Маккаи мукаррама атрофидаги белгиланган муайян минтақа ҳам назарда тутилади. Ҳозирги кунда ана шу чегарадан мусулмон бўлмаганлар кирмаслиги ёзиб қўйилган ва тафтиш ҳам бор. Ушбу минтақа ҳарам дейилади – у ерда айрим ишлар ҳаром ҳисобланади.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи мукаррама фатҳи куни:

«Албатта, бу юрт ҳаромдир. Дарахти кесилмайди, ўсимликлари юлинмайди, ови чўчитилмайди ва тушиб қолган нарсалар олинмайди. Тушиб қолган нарсани билдириш учунгина олса бўлади», деганлар.

Бу ҳудудда ҳаром саналган қолган амаллар бошқа оят ва ҳадисларда баён этилган. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи бир зарарли ҳайвонларни истисно тариқасида ўлдиришга изн берганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беш фосиқ ҳайвонни ҳалолда ҳам, ҳарамда ҳам ўлдиришга амр қилдилар. Улар: қарға, калхат, чаён, сичқон ва қутурган итдир», дейилган.

Яна маълумот тариқасида айтиб ўтиш керакки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳижрат қилган шаҳар – Мадинаи мунавварани ҳам ҳарам қилганлар.

Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Иброҳим Маккани ҳарам қилди ва унинг ҳақида дуо қилди. Иброҳим Маккани ҳарам қилганидек, мен Мадинани ҳарам қиламан», деганлар.

Икки ҳарамдаги ҳукмлар ҳам бир хил. Аллоҳ таоло бу маконни, хусусан, Маккаи мукаррама ҳарамини Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломлар давридан буён омонлик минтақаси қилиб қўйди. Бу муқаддас маконда жамики жонзот ва наботот тинчлик-омонликда. Атрофдаги халқларга қирғин келса ҳам, ҳарам аҳолиси, гарчи ўзлари мушрик бўлсалар-да, тинчлик-омонликда бўлиб келди. Уларга ҳеч ким қўл кўтармади. Абраҳага ўхшаш бу жойга кўз олайтирганлар эса бало-офатларга учради. Бу жойдан кишиларга доимо яхшилик келадиган қилиб қўйилди. Ниҳоят, мазкур яхшиликларнинг тожи ўлароқ, шу шаҳарда Ўзининг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарининг дунёга келишини, унга шу ерда охирги илоҳий Китоб нозил этилиб, мукаммал дини жорий бўлишини ирода қилди. Ояти каримадаги:

«Аллоҳ Каъбани – Байтул ҳаромни одамлар учун асос қилиб қўйди» жумласини уламоларимиз динга ва ҳаж ибодатларига асос қилиб қўйди, деган маънода таъвил қиладилар. Ҳақиқатда ҳам, Ислом дини асослари, ҳаж ибодати Маккаи мукаррамага, ҳарамга, Каъбага чамбарчас боғлиқдир.

Аллоҳ таоло Байтуллоҳнинг фазли хусусида бошқа бир жойда қуйидагиларни айтади:

«Байтни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсла. Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг. Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», деб амр қилдик» («Бақара» сураси, 125-оят).

Оятдаги «масаба» сўзи Қуръони Каримнинг мўъжиза эканлигига ҳамда араб тилининг бойлигига далолат қилади. Тилимизда бу сўзнинг айнан маъносини берадиган сўзни топа олмай ўзини ёзиб қўйдик. Масаба – «одамлар қайта-қайта келиб, тўймайдиган жой», деганидир. Каъбатуллоҳга неча бор келса ҳам одам ҳар гал тўймай қолавериши, яна келишни истайверишининг боиси ҳам шу ояти карима шарофати билан бўлса керак.

«Байтни одамлар учун масаба ва омонлик жойи қилганимизни эсла».

Аллоҳ бу ерни омонлик юрти ҳам қилиб қўйган – ким бу ерга келса, омон бўлади. Ҳанафий мазҳаби уламолари «Жиноятчи Байтуллоҳга кириб олса, уни тутиб, жазолаб бўлмайди», дейишган.

Маълумки, араб мушриклари ҳам «Биз Ибро­ҳим алайҳиссаломнинг набираларимиз», деб фахр­ла­нишар эди. Хўш, улар бу муқаддас даргоҳнинг ҳурматини жойига қўйдиларми? Йўқ, улар Исломга қарши турдилар, мусулмонларни ҳайдаб чиқардилар, омонлик йўриғини оёқости қилиб, уларни хавф-хатар остига қўйдилар, кўпларини ўлдирдилар ёки ўлдирмоқчи бўлдилар.

«Ва Иброҳимнинг мақомини намозгоҳ тутинг».

Иброҳим алайҳиссаломнинг келинлари – Исмо­ил алайҳиссаломнинг хотинлари Байтуллоҳни қуришда иштирок эта туриб, у зот алайҳиссаломга бир тош узатганлар. У киши ана шу тош устида туриб, Каъбатуллоҳни қурганлар. Шунда ўша тошга оёқ излари тушиб қолган. Шу тош ҳозирда ҳам мавжуд. «Мақоми Иброҳим» деганда ана шу тош ва унинг атрофи назарда тутилади. Ривоятларда келишича, Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни қуриб бўлганларидан сўнг ўша ерда намоз ўқиганлар. Мусулмонларга Аллоҳ таоло ўша жойни намозгоҳ қилиб олишни буюрмоқда. Шунга биноан, тавофдан кейин ҳамиша ўша ерда икки ракъат намоз ўқилади.

Имом Муслим раҳматуллоҳи алайҳи Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ алайҳиссалом Ҳажарул асвадни истилом қилиб, уч марта паҳлавон юриш билан ва тўрт марта оддий юриш билан тавоф қилдилар. Сўнгра мақоми Иброҳимга ўтиб, «Ваттахизуу мим-мақоми Иброҳима мусаллаа» (ояти)ни ўқидилар ва у жойни ўзлари билан Каъбанинг орасида қолдириб, намоз ўқидилар».

Иброҳим алайҳиссаломнинг набирасимиз деган мушриклар бутларини Байтуллоҳга ўрнатиб, уларга чўқинар эдилар. Аллоҳ таоло эса:

«Ва Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», деб амр қилдик», демоқда.

Яъни «Атрофдан келиб Байтуллоҳни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун поклаб қўйишни буюрган эдик», демоқда. Бу эслатма мушрикларнинг муқаддас Байтни маънавий нажас бўлмиш уч юз олтмишдан ортиқ бут ва ширк ақийдаси билан ифлос қилганлари нақадар ёмон иш эканлигини кўрсатади.

1579. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Каъба бино қилинаётган пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Аббос тошларни таший бошладилар. Аббос Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Изорингни елкангга қилиб ол» деди. Бас, у зот ерга йиқилдилар ва кўзлари осмонга тикилиб қолди ва:

«Менга изоримни кўрсат!» деб, уни ўзларига тортиб олдилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Ўша кундан кейин яланғоч кўринмадилар», дейилган.

Икки шайх ривоят қилганлар. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўттиз беш ёшга кирганларида қурайшликлар Каъбани қайта қуришга киришдилар. Замон ўтиши, хусусан, сел келиши оқибатида Каъбани қайта қуриш зарурати туғилиб қолган эди.

Ана шу қурилиш ишларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам амакилари Аббос ибн Абдулмутталиб билан бирга қатнашдилар. Иш пайтида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тош кўтаришларига тўғри келиб қолди. У кишига киндикларидан пастларига тутиб олган изорлари халақит берди. Аббос ибн Мутталалиб у зотга: «Изорингни елканга қилиб ол», деди. У зот шундай қилган эдилар, авратлари очилиб қолди ва дарҳол ерга қулаб тушдилар. Шунда у зот шошилиб: «Менга изоримни кўрсат!» деб, уни тортиб олдилар. Ана шу кундан кейин у зот ҳеч ҳам авратлари очиқ ҳолда кўринмадилар.

Бу ҳодиса милодий 605 йили Каъба янгидан қурилаётганда содир бўлган эди. Қурилиш ҳамжиҳатлик билан олиб борилди. Аммо Ҳажарул асвадни жойига қўйиш вақти келганда ихтилоф чиқди. Ҳар бир қабила бу шарафли ишни ўзи адо этишини хоҳлар эди. Ихтилоф кучайиб, уруш чиқиш хавфи туғилди. Баъзилар жангга ҳозирлана бошладилар. Бани Абдуддорликлар бир тоғорада қон келтирдилар, улар бани адийликлар билан келишиб, қўлларини тоғарадаги қонга солиб туриб, ўлимга тайёр эканлкларини эълон қилишди. Бу «уруш» дегани эди.

Шу ҳолатда бир неча кун туриб қолишди. Узоқ баҳслашувлардан кейин ишни олдиларига биринчи бўлиб кириб келган кишига ҳавола этиш билан ҳал қилишга келишишди.

Биринчи бўлиб уларнинг олдига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. У зотни кўришлари билан ҳаммалари хурсанд бўлиб, «Ана, Муҳаммад келди, Амин келди, рози бўлдик, ишни унга ҳавола қилишга розимиз!» дейишди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бир ридо келтиришларини сўрадилар. Уни олиб келиб, ерга ёйдилар. У зот Ҳажарул асвадни олиб, ридонинг ўртасига қўйдилар ва ҳар қабиладан биттадан вакил келиб, ридонинг ҳар чеккасидан тутиб кўтаришди. Улар Ҳажарул асвадни олиб, жойига қўйишди. Шундай қилиб, у зот ўзларнинг беқиёс ҳикматлари билан урушнинг олдини олиб қолдилар.

Ислом дини тарқалганидан кейин Масжидул Ҳаромни кенгайтиришга Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида қўл урилди. Умавийлар даврида эса халифа Валид ибн Абдулмалик масжидга маълум миқдор ер қўшди ва унинг биносини янгилади. Мисрдан мармар устунлар келтириб, уларни зийнатлади.

Аббосийлар вақтида халифа Абу Жаъфар Ман­сур Масжидул ҳаромга кенг ерларни қўшди ва доира шаклидаги равоқ қурдирди. Милодий 776 санада эса халифа Маҳдий Масжидул ҳаром билан саъй қилинадиган жой орасидаги уйларни сотиб олиб, уларни буздириб, ерини Масжидул ҳаромга қўшди. Халифа Маҳдийнинг даврига келиб, Масжидул ҳаромнинг майдони 120000 квадрат аршинга етди.

Мўътазидбиллаҳ, Муқтадирбиллаҳ исмли халифалар ҳам Масжидул ҳаромга анчагина ерларни қўшдилар. Ҳижрий 306, милодий 918 санага келиб, Масжидул ҳаромнинг майдони анча кенгайди.

Фотимиийлар, айюбийлар, мамлуклар ва усмонийлар даврларида Масжидул ҳаромда ислоҳ ишлари олиб борилган бўлса ҳам, у кенгайтирилмади.

Саудийлар даврида Масжидул ҳаромни кенгайтириш ишларига тўрт марта қўл урилди.

Биринчи кенгайтириш ҳижрий 1375, милодий 1955 санада бошланиб, саъй қилинадиган ерга яқин турар жой ва дўконлар, Марванинг шарқий тарафидаги бинолар бузилиб, Марва ва Сафо ёнидан ўтадиган йўл қурилди.

Саъй қилинадиган жой эса икки қават қилинди. Саъй қилинадиган жойнинг ички тарафи узунлиги 394,5 метрга етказилиб, эни 20 метр бўлди. Пастки қаватнинг баландлиги 12 метр, устки қаватники эса 9 метр қилинди.

Сафо билан Марва орасидаги масофа ўртадан тенг бўлиниб, борувчилар учун алоҳида, келувчилар учун алоҳида қаторлар қилинди.

Саъй қилинадиган жойнинг шарқий томонидан унга ўн олтита эшик очилди.

Иккинчи кенгайтириш ҳижрий 1379, милодий 1959 санада бошланиб, унда жанубий равоқнинг асоси қурилди. Деворига мармар қопланди. Деворларнинг баъзи жойлари ва шифтларга ҳам нақшли тошлар қопланди. Селхонанинг қолган ишлари охирига етказилди.

Сафо тепалиги устига жанубий равоққа ўтиш учун доира шаклдаги ўтиш йўли қурилди. Сафонинг устига қубба ҳам қурилди.

Учинчи кенгайтириш ҳижрий 1381, милодий 1961 санада амалга оширилиб, жануби ғарбий равоқнинг иккинчи қисми бино қилинди ва шу тарафнинг пастки қавати битирилди.

Бобул умрадан Бобус саломгача бўлган масофада шимолий равоқ қурилди.

Масжидул ҳаром атрофида бешта катта майдон барпо этилди. Ҳарами Шарифнинг эшиклари олтмиш тўрттага етди. Ер ости ўтиш йўллари, таҳоратхоналар ва ғуслхоналар қурилди.

Каъбаи муаззама таъмирланди. Мақоми Иброҳимнинг жойи ўзгартирилди. У Каъбаи муаззамадан бир оз узоқлаштирилди. Шундан кейин Ҳарами Шарифнинг ҳудудлари 193000 квадрат метрга етди.

Тўртинчи кенгайтириш подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз даврида бўлди. Бу сафар мисли кўрилмаган улкан ҳажмдаги ишлар адо этилди.

Масжидул ҳаромнинг ғарбий томонига катта қўшимча бино қурилди. Ўша бинода иккита мезана ҳам тикланди. Улар аввалги етти мезанага ўхшаш бўлиб, баландликлари саксон тўққиз метрдан эди.

Ер ости йўллари қурилиб, Масжидул ҳаромга келиб-кетиш осонлаштирилди. Шу билан бирга, Масжидул ҳаром атрофидаги майдонлар кенгайтирилиб, мармар билан қопланди.

Каъбаи муаззама тўлиқ тармим (таъмир) қилинди. 377 йил давомида Каъбаи муаззамада бу каби кўп иш қилинмаган эди. Марва томонда кўпгина қурилиш ишлари олиб борилди.

Адо этилган ишлар ҳажмини қуйидаги жадвалдан билиб олиш мумкин.

маълумотлар жадвали

Ном

олдинги ҳол

қилинган иш

умумий ҳол

Масжидул

ҳаром

193000 кв.м.

16300 кв.м.

35600 кв.м.

Намозхонлар

410000

773000

1183000

Мезаналар

7

2

9

Бош

дарвозалар

3

1

4

Оддий

дарвозалар

27

18

45

Ертўлалар

4

2

6

Эскалатор

7

4

11

Эшиклар

27

14

41

Таҳоратхона

5000

4000

9000


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳажжи мабрурнинг мукофоти жаннатдан бошқа нарса эмасrdquo Бухорий, Муслим ривояти.БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙММУҚАДДИМАҲаж исломнинг беш арконларидан бўлган давоми...

3455 05:00 / 16.01.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламинг қабри шарифлар устидаги яшил гумбаз Мадинаи Мунавваранинг рамзига, ҳабибимиз соллаллоҳу алайҳи васалламни давоми...

3517 16:00 / 05.06.2023
Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг Лаа илаҳа давоми...

7522 06:51 / 18.08.2018
1371. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Хасъамлик бир аёл келиб«Эй Аллоҳнинг Расули Аллоҳнинг бандаларга фарз қилган ҳажи отамга у ўта қариб, улов давоми...

6053 18:39 / 10.08.2017
Аудиолар

118782 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40732 14:35 / 11.08.2021