1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Шахсият

Мўмин киши таҳқирловчи бўлмайди

19:04 / 11.08.2017 7405 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

309. Солим ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Абдуллоҳнинг бирор кимсани лаънатлаганини ҳеч эшитмадим. Фақат инсоннигина эмас (бошқа нарсаларни ҳам)».

Солим яна айтади: 

«Абдуллоҳ ибн Умар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши лаънатловчи бўлмайди», деганлар», дер эди».

Шарҳ: Ровийнинг оталари, ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу буюк саҳобалардан бўлган тақводор зот эдилар. Барча саҳобалар каби, у зотнинг сифатлари ҳам сиз билан биз – мўминлар учун ўрнак бўладиган сифатлардан ҳисобланади. 

Ровий Солим ибн Абдуллоҳ айтадиларки, «Отам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Мўмин киши лаънатловчи бўлмайди» деганларини эшитган эканлар».

Сўкиш, лаънат айтиш, хусусан, «лаънат» деган сўзни ишлатишдан жуда эҳтиёт бўлишимиз лозим. Бу сўз «Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиш» деган маънони англатади. 

Шунинг учун ҳатто кофир бўлса ҳам, муайян бир шахсни лаънатлаб бўлмайди. 

Ояти карималардаги кофирларга айтилган лаънат умумий бўлиб, жоиздир. Бироқ маълум бир шахсни лаънатлаб, унга: «Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» деб бўлмас экан. 

Чунки, эҳтимол, эртага у мусулмон бўлиб қолар. Лаънат эса «Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлсин», дейишдир. Аллоҳнинг раҳмати эса иймон, Исломдир, яхшилик, хайр-баракадир. 

Шу боис, ҳеч кимни, ўтиб кетганларни ҳам, кофирми, фосиқми, ким бўлса ҳам – лаънатлаб бўлмайди. 

Умуман, мўмин киши бировни лаънатлаш, таҳқирлаш, сўкиш маъноларидан узоқ бўлиши керак экан.

310. Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ фаҳш сўзловчини, фаҳш сўзлашга уринувчини ҳамда бозорларда бақир-чақир қилувчини севмайди», дедилар».

Шарҳ: Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фаҳш сўз айтувчиларни, фаҳш, уят, шарм-ҳаёсиз иш қилувчиларни, бозорларда бақир-чақир қилувчиларни севмайди, ёқтирмайди. 

Аллоҳ таоло уят сўзларни, шарм-ҳаёсиз сўзларни айтишни, ана шундай амалларни қилишни хуш кўрмайди. 

Шунинг учун мўмин одам фаҳш сўз ва амаллардан, бозорларда бақир-чақир қилишдан ўзини ниҳоятда сақлаши керак.

311. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига яҳудийлар келиб:

«Ассааму алайкум», дейишди. 

Шунда Оиша:

«Сизларга ҳам! Сизларни Аллоҳ лаънатласин! Сизларга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин!» деди.

«Шошма! Эй Оиша, мулойим бўл. Зинҳор қўпол ва уят сўз айтувчи бўлма!» дедилар у зот.

«Уларнинг нима деганларини эшитмадингизми?» деди.

«Нима деганимни эшитмадингми? Мен уларга жавоб қайтардим. Менинг уларга айтганим қабул бўлади. Уларнинг менга айтгани қабул бўлмайди», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яҳудийлар айтган «Ассааму алайкум» деган гап саломга ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар ҳийла қилиб, саломнинг ўрнига шу сўзни айтишибди. 

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо буни эшитиб, «Сизларга ҳам ўлим бўлсин! Аллоҳ сизларни лаънатласин! Сизларга Аллоҳнинг ғазаби бўлсин!» деб, биттага учта жавоб қайтариб юборибдилар. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ҳай-ҳай, Оиша! Шошилма! Мулойим бўл, ғазаб қилма, сенга бундай қаттиқ, фаҳш сўзлар ярашмайди», деган маънода гапирибдилар. 

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: 

«Сиз буларнинг нима деганларини эшитмадингизми?» дебдилар. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сен менинг нима деганимни ҳам эшитмадингми? Мен «Ўзингларга ҳам» дедим, гапларини ўзларига қайтардим. Менинг сўзимни Аллоҳ мустажоб қилади, уларникини қабул қилмайди», деган эканлар.

Бу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг набийларга хос юксак, олий даражадаги одобларини кўриб турибмиз. Ғайридин, душман, қалблари ғаразу, гина-кудуратга тўлиб, моғор босиб кетган бир қавм келиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳийла билан: «Сенга ўлим бўлсин!» дейишди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса буни билиб, сезиб, тушуниб туриб ҳам, қаттиқ гапирмадилар. 

Бироқ ўзларини тушунмаганга олиб: «Сизларга ҳам», деб қўйдилар. Сўнг буни Оиша онамиз розияллоҳу анҳога тушунтириб, «Уларнинг гапи қабул бўлмайди, бироқ меникини Аллоҳ хоҳласа, қабул қилади», дедилар. Душманларнинг гапидан жаҳллари чиқиб, шошилиб қолмадилар. Уларга Аллоҳнинг лаънату ғазабини тилаган Оиша онамиз розияллоҳу анҳога насиҳат қилдилар.

Шунинг учун биз, умматлар ҳам ушбу юксак ахлоқни ўрганишимиз, бундай пайтларда ўзимизни мулойим тутиб, Ислом маданиятига риоя қилган ҳолда амал қилишимиз керак экан. Маданиятсиз, савияси паст одамлар билан тенглашиб, улар билан бақир-чақир қилмаслигимиз лозим экан.

312. Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин таҳқирловчи, лаънатловчи, фаҳш сўзловчи ва сўконғич бўлмайди», дедилар». 

Шарҳ: Фаҳш ва уятсизлик кўпроқ уят гапларни очиқ-ойдин айтиш билан бўлади. Одатда, бу нарсалар жинсий алоқага оид гапларни бешармлик ила гапириш орқали юзага чиқади. Аҳли солиҳ кишилар ундай ибораларни ишлатмайдилар.

Сўкиш ва ачитиб гапиришни жамлаб ифодаловчи сўз араб тилида «базоъа» дейилади. У рост бўлса ҳам, тилдаги аччиқ ва бешарм гапдир.

Уламолар уни қуйидагича таърифлайдилар:

Ғаззолий: «У – қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир», деган.

Муновий: «У – калом рост бўлса ҳам, нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдир», деган.

Мўмин киши одамларни таҳқирламайди, ҳаммага лаънат айтавермайди, фаҳш сўз ва ишлардан узоқ бўлади, сўконғичлик ҳамда аччиқсўзликдан йироқ бўлади. 

Бу ҳар бир мўминга лозим бўлган сифатлар бўлиб, мазкур амалларни қилишдан ўзимизни сақлашимиз керак.

313. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иккиюзламачи омонатдор бўла олмайди», дедилар». 

Шарҳ: Иккиюзламачи одам омонатдор бўла олмайди. Чунки бу сифат катта нуқсон, катта гуноҳдир. Бундай одам амин бўла олмайди, омонатга хиёнат қилиб қўяди. 

Бундай бўлиши оғир бир мусибат эканки, мўмин-мусулмонлар ундан доимо сақланишлари лозим. 

Иккиюзламачиликда ҳам бировга таъна қилиш, айб юклаш борлиги учун бу ҳадиси шариф ушбу бобда келтирилган.

314. Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Мўминнинг энг разил ахлоқи фаҳшдир», дедилар». 

Шарҳ: Мўмин киши уятсиз, фаҳш сўз ва қилиқлардан мутлақо узоқ бўлиши лозим. 

315. Убайд Киндий Куфий отасидан ривоят қилади:

«Али ибн Абу Толибнинг «Лаънатловчилар лаънатланади», деганини эшитдим.

Марвон: «Улар одамларни лаънатлайдиганлар», деди».

Шарҳ: Аввал айтиб ўтганимиздек, лаънатлаш кимнингдир Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Мўмин банда бундан сақланиши лозим.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Одоблар ҳазинаси китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умму Қайс розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга .Умри узоқ бўлгир, нима деди, дедилар. Унга ўхшаган умри узоқ аёлни давоми...

4319 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло айтади У Аллоҳ сизлар учун Ерни хокисор ndash бўйсунувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у Ернинг ҳар томонида юринглар ва У Аллоҳнинг ризқрўзидан давоми...

2791 05:00 / 02.03.2017
Мискинга таом бериш Исломда кенг тарғиб қилинган ишлардан биридир. Бу хайрли амал ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган улардан баъзиларини ўрганиб давоми...

3729 05:00 / 03.03.2017
Аллоҳ таоло одамзотни яратар экан, уларга меҳрибонлик назари билан қараб ўзаро доимо меҳроқибатда бўлиб яшашлари лозимлигини Ўзининг Каломи мажидида кўп бора давоми...

3442 05:00 / 04.03.2017