1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Таом бериш, саломни ёйиш ва тунги намоз ҳақида (35-тавсия)

13:49 / 03.08.2017 8156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен сизни кўрсам кўнглим ёришади, кўзим қувонади. Менга барча нарсалар (нимадан яратилгани) ҳақида айтиб беринг», дедим.

«Ҳамма нарса сувдан яратилган», дедилар.

«Менга агар уни қилсам, жаннатга киритадиган амал ҳақида айтиб беринг», дедим.

«Таом бер, саломни ёй, силаи раҳм қил, одамлар уйқудалигида тунда намоз ўқи, шунда жаннатга саломат кирасан», дедилар».

Аҳмад, Ибн Абуд-Дунё ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилишган. Лафз Ибн Ҳиббонники.

Изоҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳамма нарса сувдан яратилган», деган сўзларини тушуниш учун қуйида Анбиё сурасидаги 30-оятининг тафсирини келтирамиз: 

«Аллоҳ таоло шундай деган: «Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлганини, бас, уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмайдиларми? Иймон келтирмайдиларми?»

Ушбу ояти карима маъноси хусусида қадимги ва ҳозирги тафсирчиларимиз ўзларидаги илм, маърифат ва тушунчаларга кўра, бир неча хил маънолар айтганлар.

Биринчиси Ибн Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бўлиб, унга биноан: «Осмон ёпиқ эди, Биз уни очдик ва ёмғир-қор ёғдирдик, оқибатда ўша сув ила ҳамма тирик нарсалар пайдо бўлди».

Иккинчиси бошқа баъзи бир муфассирларнинг фикрлари бўлиб, унга кўра: «Осмонлару ер йўқ эди, уларни Биз яратдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик».

Учинчиси Ибн Аббос, Икрима, Ҳасан, Қатода розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинган бўлиб, унга биноан: «Осмонлару ер бир-бирига битишган бир нарса эди, Биз уларнинг орасини очдик, сўнгра сувдан тирик нарсаларни пайдо қилдик».

Тўртинчиси ҳозирги замондаги баъзи тафсирчиларнинг фикрлари бўлиб, учинчи маънога яқин келади. Унга биноан: осмону ер, юлдузлару қуёш – ҳамма-ҳаммаси бир бутун эди. Сўнгра Аллоҳнинг иродаси ила кўп айланиш ва ички портлашлар оқибатида парчаланиб, алоҳида-алоҳида бўлиб кетди: қуёш алоҳида, ер алоҳида, ой алоҳида, юлдузлар алоҳида ва бошқа нарсалар ҳам алоҳида бўлди. Сувдан эса барча тирик нарсалар, инсонлар, ҳайвонлар ва набототлар пайдо қилинди («Тафсири Ҳилол»дан).

 Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннатда шундай хоналар борки таши ичидан, ичи ташидан кўриниб туради. Аллоҳ уларни таом берган, саломни ёйган ва одамлар уйқудалигида тунда намоз ўқиганлар учун тайёрлаб қўйган», дедилар».

Ибн Ҳиббон ривоят қилган. 

Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Ҳамма нарса сувдан яратилган.

2. Жаннатга киритадиган амал ҳақида сўраш жоиз.

3. Мискин, мухтожларга таом бериш жаннатга етакловчи амал экан. 

4. Катта-ю кичик, таниган танимаганга салом бериш ҳам жаннатга олиб борувчи амал экан.

5. Қариндошлик ришталарини боғлаб туриш ҳам жаннатга киритадиган амал экан.

6. Тунда одамлар уйқудалигида таҳажжуд намозини ўқиш ҳам жаннатий бўлишга сабаб бўлар экан.

7. Юқорида санаб ўтилган амалларни қилган одамга Аллоҳ жаннатда таши ичидан, ичи ташидан кўриниб турадиган хоналар тайёрлаб қўйганини башоратини бермоқда. 

 

Муҳаммад Алий Муҳаммад Юсуф тайёрлади


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намозда аланглаш ҳақида сўрадим. У зот .У киссавурликдир. давоми...

1184 19:00 / 30 июль
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳамма ишларда истихора қилишни худди Қуръондаги сурадек ўргатар эдилар.Киши бир давоми...

48311 21:40 / 07.05.2017
. . . Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига давоми...

4596 14:00 / 03.03.2021
Биз Имом Бухорий энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун кўпроқ шу зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам ҳудди шундай йўл тутишган. Аслида бу давоми...

5783 17:23 / 08.01.2017