1445 йил 12 зулқаъда | 2024 йил 20 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Касб ва таваккул (2-қисм)

19:37 / 27.07.2017 5042 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда:

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир», деган (Анфол сураси, 2-оят).

Оятда мўминларнинг бир неча сифати зикр қилинган.

Ояти кариманинг «Албатта», деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.

«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларгаза келадиган»лар мўминлардир.

Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳни зикр қилиш керак экан. Аллоҳ зикр қилинганда, қалбини титроқ босиб, Ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Яъни масалан, бирон ишни «Аллоҳ буюрган, қилиш керак», дейилса, Аллоҳдан қўрқиб, ўша ишни бажаришга киришган одам мўмин бўлади.

«...уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган»лар мўминлардир.

Яъни Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда, иймони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган, иймонини бақувват қиладиган инсон мўминдир.

«...Роббларига таваккул қиладиганларгина мўминлардир».

Яъни фақат Аллоҳ таологагина қайтадиган, Унигина кўзлайдиган, Ундангина паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишини сўрайдиган, Унгагина рағбат қиладиган, У хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишиларгина мўминлардир.

Бу дунёдаги ишларга аралашмай, сабабини ахтармай туравериш керак, дегани эмас. Мўмин ҳар бир ишни режага солиб, пухта ўйлаб, турли сабабларни топиб, кейин қилади. Лекин ўша тадбирларнинг ўзигагина суяниб қолмайди. Фикр, режа ва тадбирлар натижа берди, ҳам демайди. Аксинча, ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга суянади. Натижани Аллоҳдан деб билади.

Аллоҳ таоло яна бир оятда:

 

«Бизга Аллоҳ ёзиб қўйган нарсадан ўзгаси зинҳор етмайди. У бизнинг Хожамиздир. Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деб айт», деган (Тавба сураси, 51-оят).

Яъни бизга нима етса ҳам, Аллоҳдан етади. Аллоҳ таоло бизга нимани битган бўлса, ўшани кўрамиз. Аммо оқибатимиз яхши бўлиши, Аллоҳ бизга ғалабани ёзиб қўйгани ойдек равшан. Ўша ғалабага эришиш йўлида дуч келинадиган қийинчилик ва машаққатлар бизни наср – ғалабага элтувчи воситалардир. Шу тарзда Аллоҳ бизни синаб кўради.

«У бизнинг Хожамиздир».

У бизга доимо ёрдам беради. У бизни доимо Ўзи сақлайди.

«Мўминлар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар».

Ҳа, улар фақат Аллоҳнинг Ўзигагина суянсинлар. Аллоҳнинг қазою қадарига ишониш ва Унга таваккул қилиш тайёргарлик ва ҳаракатга зид эмас, балки Аллоҳнинг амрини бажо келтиришдир. Аллоҳнинг амрини бажармаган ва ҳаракат қилмаганлар ҳеч қачон таваккул қилмаган (суянмаган) бўладилар.

Бу доимий ҳақиқатдир. Ҳар замон ва ҳар маконда мўминлар фақат Аллоҳга суянадилар. Ундан ўзгага эмас. Уларнинг қалблари Ундан бошқага бурилмасин. Улар Ундан ўзгадан ёрдам ҳам, ҳимоя ҳам сўрамасинлар.

Аллоҳ таоло яна бир оятда:

 

«Бизга нима бўптики, Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз?! Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди. Ва сиз берган озорларга албатта сабр қиламиз. Таваккул қилувчилар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар», деган (Иброҳим сураси, 12-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳга таваккул қилишнинг, ҳар бир нарсада Унга суяниш, Ундан изн олиш, Унга ёлвориш, Ундан мадад кутишнинг асосий боиси ўз ифодасини топгандир.

Айни чоғда, бу маъно ажойиб бир услуб, инкорий савол услуби ила баён этилмоқда.

«Бизга нима бўптики, Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз?!»

Эй кофирлар, айтинглар-чи, нима учун биз ўз Роббимизга таваккул қилмас эканмиз?!

Бу дунёда яшашдан мақсад икки дунё саодатига эришишмиди?

Ўша саодатга эришиш учун унинг йўлини топиш керакмиди? Аллоҳ таоло бизга ўша йўлни кўрсатиб қўйди.

«Ҳолбуки, У бизни йўлимизга ҳидоят қилди».

Биз Унинг инояти ила саодат йўлимизни топдик. Энди бизга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Шу йўлдан собитқадам бораверамиз. Бу саодатга эришиш йўлида

«Ва сиз берган озорларга албатта сабр қиламиз».

Бу борада биз иккиланмаймиз ҳам, бўшашмаймиз ҳам.

«Таваккул қилувчилар Аллоҳгагина таваккул қилсинлар».

Аллоҳ таоло қуйидаги оятда:

 

«Албатта, иймон келтирганларга ва Роббларига таваккул қилганларга у(шайтон)нинг ҳукмронлиги йўқ», деган (Наҳл сураси, 99-оят).

Шайтон қанча уринмасин, қанча васваса қилмасин, Аллоҳга иймони бор одамни йўлдан ура олмайди. Чунки мўмин одамнинг қалби Аллоҳга боғлиқ бўлади. Аллоҳга боғлиқ қалбга эса на васваса таъсир қилади ва на ғулғула тушади.

Аллоҳгагина таваккул қиладиган, фақат Унгагина суянадиган мўминлар бошқа томонга умуман қиё боқмайдилар. Шунинг учун ҳам шайтон мўминга ва Аллоҳга таваккул қилувчи шахсга султонни – ҳукмини ўтказа олмайди.

Аллоҳ таоло яна бир оятда:

«Ва барҳаёт, ўлмайдиган Зотга таваккул қил ҳамда Уни ҳамду сано ила поклаб ёд эт. Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир», деган (Фурқон сураси, 58-оят).

Доимо барҳаёт ва ҳеч ўлмайдиган зот ягона Аллоҳнинг Ўзидир. Банда фақат ўша Зотга таваккул қилиши, суяниши лозим. Ана ўша энг ишончли суянишдир. Чунки Аллоҳдан ўзга ҳар бир нарса ўлади, йўқ бўлади. Аллоҳдан ўзгага суянган эса бақосиз нарсага суянган бўлади. Бу билан иш битмайди. Шунингдек, берган неъматлари учун ҳамду сано айтишга лойиқ зот ҳам Аллоҳ таолонинг ягона Ўзидир. Зеро, Ундан бошқа неъмат берувчи йўқдир. Унга ношукр бўлиб, бошқаларга ҳамд айтганлар катта хато қиладилар. Шунинг учун ҳам мўмин банда Аллоҳ таолони доимо барча нуқсонлардан поклаб ёд этмоғи лозим. Бу ишни қилмайдиган кофирлар катта хато этадилар. Уларнинг амали ўзлари учундир. Охир-оқибатда гуноҳлари учун Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беришлари турган гап. Чунки

«Бандаларининг гуноҳларидан ўта хабардор бўлишда Унинг Ўзи кифоядир».

Аллоҳ таоло яна бир оятда:

«Иймон келтирган ва Роббларига таваккул қилганлар учун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса яхшироқ ва боқийроқдир», деган (Шууро сураси, 36-оят).

Аллоҳнинг ҳузуридаги яхши ва боқий, қадр-қийматли нарсаларга эришиш учун қуйидаги сифатларни ўзида мужассам қилган жамоанинг аъзоси бўлиш керак:

Биринчиси: Иймон келтирган бўлиш.

Иймон юқорида эслатилган мўминларга хос сифатларнинг асли ва асосидир. Умуман, иймон дунёдаги барча яхши сифатларнинг асосидир.

Агар иймон бўлмаса, бошқа ҳамма яхши сифатларнинг заррача ҳам фойдаси бўлмайди.

Иймон бўлмаса, дунё ва ундаги нарсалар тўғри тушунилмайди.

Иймон бўлмаса, дунё ҳақидаги тасаввур ҳам, ундаги тасарруф ҳам мутлақо нотўғри бўлади.

Шунинг учун иймонсиз бирор яхши иш қилиб бўлмайди, қилинганда ҳам, асоссиз, қандайдир ғараз билан қилинган бўлгани учун, савоблар дафтаридан ўрин олмайди.

Инсоннинг дунё, ҳаёт ҳақидаги тасаввури ва ундаги тасарруфи фақат иймон билан тўғри бўлиши мумкин. Шу сабабдан ҳамма нарсанинг ҳақиқатда яхши бўлиши учун иймон шартдир.

Шу сабабдан ҳам Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга эга бўлишга сазовор жамоанинг энг бош сифати ўлароқ, иймон зикр этилмоқда.

Иккинчиси: Роббларига таваккул қилган бўлиш.

Аллоҳ ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга эга бўлишга сазовор жамоанинг иймондан кейинги иккинчи сифати Роббларига таваккул қилишдир. Ҳар бир нарсада фақат Аллоҳ таолога суянишдир.

Бу эса ҳақиқий тавҳиддир. Мўмин-мусулмон ўзининг фикрида ҳам, зикрида ҳам, тасаввурида ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина таваккул қилади, суянади. Унинг Аллоҳдан ўзга ҳеч бир суянчиғи йўқдир.

Бирор нарсада Аллоҳдан бошқага суяниш тавҳидга зарар етказади, ширкка олиб келади. Шунинг учун ҳам барча нарсада фақат Аллоҳга таваккул қилиш, суяниш иймондан кейинги энг муҳим сифат ҳисобланади.

Аммо баъзи кишилар таваккулнинг маъносини яхши тушунмайдилар ва бу маънода келган баъзи оят ва ҳадисларни нотўғри таъвил қиладилар. Бунга бир-иккита мисол келтиришимиз ҳам мумкин. 

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда, оч кетиб, тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.

Баъзи кишилар «Қушга ризқ берган Худо бизга ҳам ризқ беради, Ўзига таваккул қилиб тураверсак бўлди», деган фикрга борадилар. Аслида ҳадиси шариф бу маънонинг зиддига келган.

Бу ҳадиси шарифда агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар, суянсалар, худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда керакли ризқни бергани каби, уларга ҳам ризқ бериши турган гап экани ҳақида сўз бормоқда.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, эрталаб уйғонган ҳар қандай қуш қорни очиб, ичига қапишган ҳолда бўлади. Шу билан бирга, унинг ҳеч қандай жамғармаси ҳам, кўзга олиб қўйган ризқ манбаи ҳам бўлмайди.

Аммо у ризқ топиш мақсадида уясидан чиқади. Маълум вақт ўтгандан кейин қарасангиз, қорни қаппайиб қайтиб келаётган бўлади.

Дунёдаги барча ҳайвонотларнинг ҳоли шу. Агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккул қилсалар, У Зот уларга ҳам ғайбдан ризқ бериши турган гап. Фақат қуш уясидан чиқиб, ўз ризқини топишга ҳаракат қилганидек, бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилмоқлари шарт.

Аллоҳ таоло ҳатто қушларга ва қурт-қумурсқаларга ҳам ўзлари ҳаракат қилмасалар, уларнинг ризқини ётган жойига олиб келиб бермайди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар дам солишни талаб қилмайдиганлар, шумланмайдиганлар, тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббларига таваккул қиладиганлар», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун тўрт сифатга эга бўлиш керак экан:

1. «Дам солишни талаб қилмайдиган»;

Яъни жоҳилиятнинг ширкдан иборат дам солишини талаб қилмайдиган, Ислом ижозат берган дам солишни ўз-ўзидан шифо беради, деб эътиқод қилмайдиган, балки шифо Аллоҳ таоло томонидангина бўлади, деган эътиқодда бўладиганлар.

2. «Шумланмайдиган»;

Яъни «Фалон нарса бўлди, энди ёмонлик етса керак». «Пистон нарса кўринди, у шумқадам эди, энди ишлар чатоқ бўлади» каби эътиқодларни қилишдан йироқ бўлиш керак. Бу дунёдаги барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади, деган қатъий ишонч билан яшаш керак.

3. «Тамға қиздириб босмайдиган»;

Бунда ҳам баъзи яраларига тамға қиздириб босиб даволаганда жоҳилиятдаги каби «тамға қиздириб босиш шифо беради» деган, Аллоҳ таолога ширк келтиришдан иборат бўлган эътиқодни қилмаслик кўзда тутилган.

4. «Роббларига таваккул қиладиган».

Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган.

Ана ўша тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан.

Мана шу ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб «Даволаниш яхши эмас, Аллоҳ таолога таваккул қилиб туравериш керак», деган кишилар ҳам бўлган. Аммо муҳаққиқ уламолар бу нотўғри эканлигини, бу ҳадиси шарифдаги дам солиш ширк асосидаги, Ислом қоидаларига хилоф равишдаги дам солиш эканлигини таъкидлаганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Сунний ақийдалар китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло дуоларни ижобат ва ҳожатларни раво қилади.Шарҳ Жумҳури мусулмонлар ва бошқа динлар аҳллари ҳам дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг кучли давоми...

5574 22:02 / 01.12.2016
Бир ўйлаб кўринг, одам ўзини ўзи ярата оладими Йўқ, ярата олмайди ҳам. Нафақат ўзини, балки ўзидаги бирор тукни ҳам йўқдан бор қила олмайди. Шунингдек, одам ўз давоми...

3599 13:00 / 18.01.2021
23. Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

8531 21:12 / 22.07.2017
Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга умматларини қутқариш учун икром қилиб берган ҳовуз ҳақдир.Шарҳ Ҳовузнинг сифатида келган ҳадислардан қуйидагилар давоми...

3196 13:02 / 06.07.2020
Аудиолар

121651 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

43105 14:35 / 11.08.2021