1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг жаҳаннам азобини бекор қилишига сабаб бўладиган ишлар

14:00 / 02.07.2019 11333 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яхшилаб ўрганилганидан сўнг, бундай ишларнинг сони ўн биттага етади:

1. Тавба.

Аллоҳ таоло:

«Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, амали солиҳ қилса» (Марям сураси, 60-оят) ва

«Тавба қилиб, ислоҳ қилиб, баён қилганлар мустаснодир, ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилурман. Ва Мен тавбани кўплаб қабул қилувчидирман, ўта раҳмлидирман», деган (Бақара сураси, 160-оят)

Тавба – маъсиятни тарк этиб, тоатга қайтишдир.

2. Истиғфор.

Аллоҳ таоло:

«Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчи эмас», деган (Анфол сураси, ­33-оят).

Истиғфор – гуноҳларни ювиш, кетказишни ва сатр қилишни сўраб тазарру ила дуо қилишдир.

3. Яхшиликлар.

Аллоҳ таоло:

«Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади», деган (Ҳуд сураси, 114-оят).

Ва «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради», дедилар» (Термизий Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

4. Дунёвий мусибатлар.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминга чарчоқ, касаллик, ғам, ташвиш, хафалик етса, хаттоки тикан кирса ҳам хатоларига каффорат бўлади», деганлар» (Бухорий ва Муслим Абу Саъид Худрий ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумодан ривоят қилганлар).

Аллоҳ таолонинг «Ким ёмонлик қилса, унинг жазосини тортадир» (Нисо сураси, 123-оят) ояти нозил бўлганида мусулмонларга оғир бўлди, қаттиқ таъсир қилди. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилишди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: «Яқинлашинглар ва маҳкам бўлинглар. Мусулмонга етган ҳар бир мусибат, хаттоки бало-офат ҳам каффорат бўлади», дедилар (Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган).

5. Қабр азоби. (Тафсилоти келади, иншааллоҳ).

6. Ҳаётда ва мамотдан кейин мусулмонларнинг дуоси ва истиғфор айтишлари.

Аллоҳ таоло:

«Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин», деган (Ҳашр сураси, 10-оят).

7. Ўлимидан кейин маййитга аталадиган садақа, Қуръон қироати ва ҳажга ўхшаган нарсаларнинг савоби.

8. Қиёмат кунининг қўрқинчлари ва шиддатлари.

9. Бухорий ва Муслимнинг «Саҳиҳ»ларида ривоят қилинган ҳадисда:

«Мўминлар сиротдан ўтишса, жаннат билан дўзах орасидаги  кўприк устида тўхтатиладилар. Сўнгра баъзиларидан баъзиларига қасос олиб берилади. Қачонки покланиб, тозаланганларида, уларга жаннатга киришга изн берилади», дейилган.

10. Шафоатчиларнинг шафоати.

Шафоат ва унинг қисмлари зикр қилинганда бу масала ҳақида батафсил сўз юритганмиз.

11. Шафоатсиз, Арҳамар-роҳиминнинг афв қилиши.

Аллоҳ таоло:

«Ундан (ширкдан) бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир», деган (Нисо сураси, 48-оят).

Бас, қалбида заррача иймони бор одам дўзахда қолмайди. Балки, ким «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтса, дўзахда боқий қолмайди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган, Бухорий ва Муслим иттифоқ қилган ҳадисда шу маъно айтилган.

Шундай бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати ичида у зот жаннати деб башорат берганлардан бошқа бирорта муайян шахс ҳақида қатъий ҳукм қилиш мумкин эмас. Лекин биз мусулмонлар учун хайрли оқибатни умид қиламиз, уларга ёмон оқибат етишидан хавфсираймиз.

67. Эмин бўлиш ва ноумид бўлиш – иккиси Ислом миллатидан чиқаради. Аҳли қибла учун ҳақ йўл – шу иккисининг орасида бўлишдир.

Шарҳ: Аллоҳнинг азобидан эмин бўлиб, Унинг раҳматидан ва мағфиратидан ноумид бўлиш бандани Исломдан куфрга чиқаради. Ҳақ йўл эса диний заруратларни инкор қилмайдиган аҳли қиблалар учун шу иккисининг орасида мўътадил бўлишдир.

Банда ҳам қўрқиб, ҳам умидвор бўлиб туриши вожибдир. Мақталган ва содиқ хавф ўз эгасини Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тўсувчи хавфдир. Мақталган ва содиқ умидворлик эса Аллоҳнинг нури ва ҳидояти ила Аллоҳ таолога тоат амалларни қилиб, Ундан савоб кутиб турган одамнинг умидворлигидир. Ёки бир гуноҳни қилгандан сўнг Аллоҳга тавба қилиб, Унинг мағфиратини умид қилиб турган одамнинг умидворлигидир.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

«Ёки у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Роббининг раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?!» (Зумар сураси, 9-оят).

«Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар» (Сажда сураси, 16-оят).

«Албатта, иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилганлар – ана ўшалар Аллоҳнинг раҳматини умид қиладилар. Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир» (Бақара сураси, 218-оят).


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Ақидатут таҳовия шарҳининг талхийси китобидан)


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иккинчи қисм. Фаҳш тарқатиш, пок эркакаёлларни зинода айблаш, бир аёлга уйланиш мақсадида унинг эри билан орасини бузиш, зино қилиш, зинога ёрдам бериш, давоми...

4936 18:58 / 27.03.2018
Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини давоми...

6092 17:52 / 08.07.2017
Аллоҳни сендан У билан бирга бир мавжудот борлиги тўсгани йўқ. Ўзи У Зот билан бирга ҳеч нарса йўқ. Лекин Ундан сени У билан бирга мавжудот борлиги ҳақида пуч хаёл давоми...

4074 20:20 / 09.09.2017
Ботин бўлгани учун барча нарсани зоҳир қилди. Зоҳир бўлгани учун барча нарсанинг вужудини яширди.Аллоҳ таолонинг Ботин ва Зоҳир исмлари нисбий ва изофий маънони давоми...

3852 20:45 / 18.03.2018