1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Нафл рўза тутувчи ўзига ўзи амир

17:19 / 21.06.2017 6623 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1342. Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Макка фатҳи куни Фотима келиб, Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чап томонларига, Умму Ҳониъ ўнг томонларига ўтирди. Чўри қиз бир идишда ичимлик келтириб, у зотга тутди. Бас, у зот ундан ичдилар. Сўнгра Умму Ҳониъга тутдилар. У ҳам ундан ичди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, оғзимни очиб юбордим, рўзадор эдим», деди.

«Бирор нарсанинг қазосини тутаётган эдингми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Агар нафл бўлса, сенга зарар қилмайди», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Нафл рўза тутувчи ўз нафсининг амини ёки амиридир. Хоҳласа, тутади, хоҳласа, очиб юборади», дедилар», дейилган.

«Сунан» эгалари ва Имом Аҳмад ривоят қилган­лар.

Шарҳ: Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо Пайғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг қизи бўладилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Маҳрам эркак, аёл қариндошлар бир жойда ўтиришлари мумкинлиги.

2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг ҳузурларида чўри қиз хизмат қилганлиги.

3. Ичимлик берилганда улуғлардан бошлаш кераклиги.

4. Шаробни ичиб бўлгандан кейин ўнг томондаги кишига узатиш кераклиги.

5. Кўнгилли равишда рўза тутган одам ўзи хоҳлаган вақтида рўзасини очиб юборса бўлавериши.

6. Қазо рўза тутган киши рўзасини очмаслиги кераклиги.

7. Кўнгилли равишда рўза тутган одам ўз нафсига ўзи амир эканлиги.

1343. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Менга ва Ҳафсага таом ҳадя қилинди. Икковимиз рўзадор эдик. Бас, оғзимизни очиб юбордик. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар ва биз у зотга:

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга ҳадя қилинган эди. Иштаҳамиз келиб, оғзимизни очиб юбордик», дедик.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга ҳеч нарса бўлмайди. Унинг ўрнига бошқа куни рўза тутиб қўйинглар», дедилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги ҳадислардаги маънолар таъкидланмоқда.

Янги маълумот эса кўнгилли равишда тутилган рўзани очиб юборгандан кейин ўрнига бошқа бир кун рўза тутиб бериш кераклигидир.

РЎЗАДОР ДАЪВАТГА ИЖОБАТ ҚИЛАДИ

1344. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирортангиз таомга даъват қилинса-ю, у рўзадор бўлса, мен рўзадорман, деб айтсин», дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Бирортангиз даъват қилинса, ижобат этсин. Бас, агар оғзи очиқ бўлса, таомлансин. Агар рўзадор бўлса, (унинг ҳаққига) дуо қилсин», дейилган.

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда нафл рўза ҳақида гап кетаётганини олдиндан айтиб қўйганимиз маъқул.

Бу ҳадиси шарифга биноан, бир киши рўзадор инсонни таомга – маросимга даъват (таклиф) қилса, «Мен рўзадорман», деб узр айтиши керак.

Даъват қилувчи унинг ҳолини тушуниб, узрини қабул қилса, айтилган жойга бормайди. Агар даъватчи вазиятни тушунмай, боришни талаб қилиб, туриб олса, узрини қабул қилмаса, боради. Агар рўза нафл бўлмаса, қазо ёки назр бўлса, у ерда бошқалар таом еяётган пайтда мезбоннинг ҳаққига дуо қилиб ўтиради. Агар рўзаси нафл бўлса ва мезбон унинг қўйилган таомни ейишидан хурсанд бўладиган бўлса, егани маъқул.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  («Ҳадис ва Ҳадис» китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рамазонда қандай яшаймизОйлар ичида Рамазонни кўп фазилатлар ва хусусиятлар билан хослаган Аллоҳга ҳамд бўлсин.Набий ва элчиларнинг шарафлиси бўлган Муҳаммад давоми...

4338 15:32 / 01.06.2017
Аллоҳ таоло инсонни икки олам орасида яратди. Уларнинг биринчиси руҳоният олами бўлиб, бу фаришталар дунёсидир. Чунки фаришталар овқат емайдилар, ичимлик давоми...

4341 15:37 / 29.05.2017
Рўзанинг турлари тўрттадирЛозим рўза.Лозим рўза иккига фарз ва вожибга бўлинади.Фарз рўза. У ҳам иккига тайин қилинган ва тайин қилинмаган фарз рўзага давоми...

13421 17:30 / 23.05.2017
Биринчи дарсКуну тунларни бошқариб, ойу йилларни алмаштириб турувчи Зот Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Набийларнинг шарафлиси бўлган Муҳаммад соллалоҳу давоми...

4564 17:25 / 31.05.2017
Аудиолар

210982 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130241 14:35 / 11.08.2021