1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?

19:39 / 24.05.2017 4734 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир одам келиб: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди. 

«Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга кириши, ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийси Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу билан ҳам танишиб олайлик:

Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ал-Ансорий ас-Саламий, насаблари ансорларнинг ўртасидан бўлмиш Бану Саламадан. Оталари ва тоғалари билан «Ақаба» байъатининг иккинчисида бирга бўлганлар. Бу байъатда ансорлардан етмиш киши Набий алайҳиссаломнинг ғалаба қозонишларига ҳисса қўшиш ва Исломни бутун ер юзига ёйишга аҳд қилиб, байъат беришган. Бу зот Бадр ва Уҳуд жангларидан ташқари, Расулуллоҳ алайҳиссалом қатнашган барча жангда қатнашганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ: «Набий алайҳиссалом билан ўн тўққизта жангда бирга бўлдим. Бадр билан Уҳуддагина отамнинг монеъликлари сабабли иштирок этмадим. Отам вафот этганларидан сўнг, бирорта жангда у зотнинг орқаларидан қолганим йўқ», дейдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ саҳобаларнинг ичида кўп ҳадис ривоят қилганларнинг олтинчиси бўлиб, 1540та ҳадис ривоят қилганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ Миср ва Шомга борганларида одамлар у кишидан кўп илм ўрганар эдилар. Шунингдек, Мадинаи Мунавварадаги Масжидун Набавийда ҳам илм ҳалқалари бўлиб, унда тўпланганлар у кишининг илм ва тақволаридан кўп нафланардилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ 74-ҳижрий санада Мадинаи Мунавварада вафот этдилар. Жанозаларини Онзак шаҳрининг волийси Абон ибн Усмон ўқидилар.

Ушбу ҳадиси шарифда ҳам олдингилари каби, тавҳиднинг фазли, ўз эгасига берадиган улкан самараси ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб, икки вожиб қилувчи сифат ҳақида сўради.

«Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди.

Яъни, икки сифат бор экан. Улар икки нарсани вожиб қилар экан. Шу икки сифат бўлса, ортидан икки нарса келмаса бўлмас экан, ўша икки сифат қайси, демоқчи бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа ва қониқарли жавоб бердилар:

1. «Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолида ўлса, жаннатга кириши» вожиб. 

Биринчи сифат – муваҳҳид ҳолда, яъни Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлиш. Бу сифат жаннатга киришни вожиб қилади. Бунга эга бўлган одам жаннатга кирмай қолмайди. Гуноҳига яраша дўзахда ётгандан кейин бўлса ҳам, жаннатга киради.

2. «Ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши» вожиб. 

Ундай одам дўзахга кирмай қолмас. Чунки Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни асло кечирмаслигини қатъий равишда таъкидлаган. Ушбу ҳадисдан тавҳиднинг – Аллоҳга ширк келтирмасликнинг қанчалар улуғ бахт эканини билиб олдик. Шунингдек, ширкнинг қанчалар бадбахтлик эканини ҳам англаб етдик. Шундай экан, муваҳҳид бўлайлик, мушрик бўлиб қолмайлик!

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар ва уларга гап очманглар, бирор масалани ҳал этиш давоми...

4021 16:00 / 25.07.2017
Мадинаи мунавварадан қайтишда Мадина хурмоларидан ўзи билан олишга эътибор бериш керак. Ҳадиси шарифларда Мадинаи мунавваранинг хурмолари катта фазилатга эга давоми...

6650 13:07 / 15 май
.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ушбу умматдаги ёки менинг умматимдаги ер ютиш, бошқа махлуққа айланиб қолиш ёки осмондан бўладиган тошбўронга учраш қадар давоми...

3916 17:24 / 30.07.2017
Абу Азза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Аллоҳ бандага бирор ерда ўлишни қазо қилса, унинг учун ўша ерга бир ҳожат ҳосил давоми...

4217 15:44 / 20.07.2017
Аудиолар

211079 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130338 14:35 / 11.08.2021