1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳнинг марҳамати

23:42 / 04.05.2017 4995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

803. Абу Зарр Ғифорийдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бақийъ томон юриб кетдилар. Мен ҳам ортларидан эргашиб бордим. Орқаларига ўгирилиб қараб, мени кўрдилар ва:

«Эй Абу Зарр!» дедилар.

«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули! Ва саъдайка! Фидойингиз бўлай», дедим.

«(Дунёсини) кўпайтирувчилар қиёматда (савобини) камайтирувчилардир. Аммо ким мана бундоқ, мана бундоқ қилиб, ҳақ йўлга сарфласа, ундай бўлмайди», дедилар.

«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидир», дедим. Ул зот:

«Ана шундай», деб уч марта айтдилар.

Сўнгра олдимиздан Уҳуд тоғи чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Абу Зарр!» дедилар.

«Лаббайка, эй Аллоҳнинг Расули! Ва саъдайка! Фидойингиз бўлай!» дедим.

«Оли Муҳаммад учун мана шу Уҳуд тоғи тиллога айланиб қолса, бир куннинг ичида уларнинг ҳузурида бир динор – ёки мисқол – қолиши мени хурсанд қилмайди», дедилар.

Сўнг йўлимиздан бир водий чиқди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам илгарилаб кетдилар. Мен бирор ҳожатлари бўлса керак деб, бир чеккада ўтириб турдим. Ул зот кечикиб кетдилар. Ул зотдан хавотир ҳам олдим. Сўнг бир одам билан пичирлашиб гаплашаётганларининг овози келди. Кейин ёлғиз ўзлари мен томон чиқдилар. Шунда мен:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Пичирлашиб гаплашган одамингиз ким эди?» дедим.

«Эшитдингми?» дедилар.

«Ҳа», дедим.

«У Жаброил эди. Ҳузуримга келиб, умматимдан ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмай ўладиган бўлса, жаннатга киришини башорат қилди», дедилар.

«Зино ва ўғирлик қилган бўлса ҳамми?» дедим.

«Ҳа», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга бир қанча нарсаларни айтиб бердилар. Хусусан, бу дунёда мол-мулкка эга бўлиб, бироқ динимиз кўрсатган моддий ибодатларни қилмаган киши у дунёда камбағал бўлиб қолишини таъкидладилар.

Ўзларининг тоғдек тиллолари бўлса ҳам, бир кун ичида уни ҳаммага улашиб юборишга тайёр эканликларини айтиб бердилар.

Айниқса ушбу ҳадисдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаброил алайҳиссалом билан учрашганларини, ушбу суҳбатнинг овозини эшитган ровийнинг фазли нақадар юксаклигини билиб оламиз.

Шу билан бирга, бу ерда улкан ақийдавий масала – гуноҳи кабиралар қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таолога ҳеч бир нарсани ширк келтирмай вафот этган мўмин-мусулмон кишининг жаннатга кириши масаласи айтиб ўтилган.

Албатта, бунда аввал гуноҳларнинг жазосини дўзахда ўтагандан кейин жаннатга кириш назарда тутилмоқда. Буни яхши англаб олиш зарур, чунки баъзилар буни нотўғри тушуниб олиб, ширк келтирмаган одам тўғридан-тўғри жаннатга кириб кетаверар экан, дейишга одатланиб қолишган.

Аслида бу нарса Аллоҳ таолонинг қудрати, фазлу карамига боғлиқ, нимани ирода қилса, шу бўлади, лекин уламоларимизнинг кўплари оят ва ҳадислардан далил келтириб, юқорида айтиб ўтилган гапни таъкидлаганлар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Одоблар ҳазинаси китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Эй Абу Зарр қуёш ботган вақтда қаерга кетганини биласанми Албатта у юриб, Аршга етгач, Роббисининг ҳузурида давоми...

2151 11:00 / 15.08.2021
Инсоннинг жисмоний, руҳий ва ақлий камолотига болаликда пойдевор қўйилади. Инсон шахсиятини тарбиялаш ҳам асосан унинг болалигидан бошланади. Яхши, гўзал тарбия давоми...

2193 19:50 / 03.09.2019
Бир куни Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ Фузайл ибн Иёзнинг ҳузурига кириб, .Эй Абу Али, бизга насиҳат қилинг,, деди. Фузайл ибн Иёз шундай дедилар .Эй олимлар, сизларга давоми...

1326 07:10 / 19.08.2019
Юқорида амаки ота ўрнида бўлиши, ота вафот этганидан кейин амакини ота ўрнида кўриб, уни эъзозлаш лозимлиги ҳадислар, ривоятлар мисолида айтилган эди. Энди эса давоми...

4084 11:30 / 23.12.2018