1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир

22:01 / 30.04.2017 4136 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар». 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийcи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишганмиз. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқнинг комил иймонга сабаб бўлишини баён қилиш билан бирга, биз мусулмонларни яхши хулқли бўлишга тарғиб қилмоқдалар.

Ислом ҳусни хулққа катта эътибор беради. Бу ҳақда Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Буни ўз навбатида келадиган бобларда кўриб чиқамиз. Аммо бу ҳадиси шарифнинг комил иймон бобида келтирилишига сабаб – ҳусни хулқнинг иймон комил бўлишида ҳам муҳим омил эканини таъкидлашдир.

Яхши хулқ очиқ чеҳралик, кишиларга озор бермаслик, уларга яхшилик қилишдир. Яхши хулқли инсон икки дунё саодатига эгадир. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз алайҳиcсалом иймоннинг камолини хулқнинг яхшилигига боғлиқ қилиб қўймоқдалар. 

«Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир», яъни, мўминнинг хулқи қанчалик яхши бўлиб бораверса, иймони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Яхши хулққа бундан ҳам ортиқ тарғиб қилиш мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомидаги хулосалардан бири шуки, бирор аҳамиятли мавзу омматан баён қилинганидан сўнг ортидан ўша мавзуга тегишли энг муҳим нарса алоҳида таъкидлаб қўйилади. Ушбу ҳадиси шарифда: 

«Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», деб таъкидланмоқда.

Нима учун? Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик бошқалар билан яхши муомалада бўладилар-у, хотинлари билан муносабатда бадхулқ бўладилар. Бундайларни халқимиз «кўча хандон, уй зиндон» дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша ҳолатни эътиборга олиб, яхши хулқ иймон камолоти сабаби эканини айтганларидан сўнг, бунда фақат бегоналар билан муносабатгина эмас, балки энг аввало ўз хотинига нисбатан яхши хулқли бўлиш зарурлигини таъкидлаб қўйдилар.

Ҳусни хулқни иймон мукаммаллиги учун шарт қилиб қўйиш Ислом учун, мусулмонлар учун ҳар қанча фахр қилса арзийдиган ишдир.

Хотинларига яхши муомалада бўлганлар мусулмонларнинг энг яхшилари, деб алоҳида таъкидлангани эса Исломда аёлларнинг ҳақлари қанчалик устун қўйилишини кўрсатади.

Ушбу ҳадисдан оладиган фойдамиз икки улкан фойдадан иборатдир:

1. Ҳусни хулқли бўлиш.

2. Хотинга яхшилик қилишни йўлга қўйиш.

Ҳадиси шарифнинг ҳикматига инсоният қанчалар муҳтож эканини ҳар онда, ҳар қадамда кўриб-билиб турибмиз. Чунки ушбу ҳадисда зикр этилган нарсалар орқали ҳар бир инсоннинг ижтимоий ва оилавий ҳаёти қоим бўлади. Бунга инсоннинг ҳар лаҳзада иши тушади. Шу боис гўзал ахлоқли бўлишга ҳаракат қилайлик, мўминлар ичида энг мукаммал иймонлиси бўламиз. Хотинларимизга яхшилик қилишга уринайлик, мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўламиз.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. .11. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Икки кишидан бошқасига ҳасад қилинмайди Аллоҳ давоми...

2696 09:51 / 14.03.2019
Имрон ибн Ҳусойн алХузоий розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинадиЖуҳайна қабиласидан бўлган бир аёл зинодан ҳомиладор бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

3824 08:20 / 04.11.2017
Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда.Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен ndash Ўзим берурман. Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳ давоми...

4096 02:48 / 08.06.2017
Абу Зуҳайр Умора ибн Рувайба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни.Қайси бир киши қуёш чиқиши ва қуёш ботишидан олдин, яъни давоми...

7837 09:50 / 15.03.2018
Аудиолар

211026 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130286 14:35 / 11.08.2021