1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Инсоният учун ўрнак ҳаёт

19:53 / 28.04.2017 3148 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло яратган бандалари ичида энг афзали, пайғамбарларнинг охиргиси ва мукаммали бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳаётлари барча инсоният учун ўрнак эканлигига заррача шубҳа йўқ. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг инояти ила қуршалган ушбу муборак ҳаётнинг ҳар бир лаҳзаси ўта аниқлик ва диққат билан ўрганилганига ҳам заррача шубҳа йўқ. Ҳа, бу улуғ ҳаётни қанчалик эҳтимом билан ўрганилса, шунча яхши. 

Чунки бу ҳаёт Одам Атонинг сулбидагилигидан то охирги лаҳзасигача Аллоҳ таолонинг алоҳида иноятига сазовор бўлган бир ҳаётдир!

Чунки у энг афзал банданинг, энг сўнгги ва энг маҳбуб Пайғамбарнинг муборак ҳаётидир.

Чунки бу ҳаётнинг йигирма уч йили осмон билан ернинг, яъни, Роббил оламийн билан оламларнинг бевосита боғланишига сабаб бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг соҳиби илоҳий дастур асосида тўлақонли ва ер юзида жонли Қуръон бўлиб яшаган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт барча учун гўзал ўрнак манбаи бўлиб, мўмин-мусулмонлар учун илҳом чашмаси бўлган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт уни диққат билан ўрганиб, ундан ўрнак олиб, эргашиб яшаган кишилар учун жаннат йўлига етакловчи ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт осмонлар малакутига кўтарилган, ҳар лаҳзаси Аллоҳ таолонинг ваҳийи ила йўлга солинган ва фаришталар ҳам ҳавас қилган ҳаётдир.

 Шу билан бирга, бу ҳаёт ер воқеълигидан ажраб қолмаган, оддий инсонлик табиатидан ҳеч четламаган, оддий ота-онадан туғилиб ўсган камтар бир банданинг ҳаётидир. Қолаверса, бу ҳаёт дунёдаги барча эзгу фазилатларни ўзида мужассамлаштирган ва барча разолатлардан узоқда бўлган зотнинг ҳаёти экани диққатга моликдир.

Чунки бу ҳаёт Аллоҳ таолонинг Ўзи томонидан етарли даражада мақталган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт ошиқлари ишқида ёниб, уни диққат билан ўрганган ва ундан имкони борича ўрнак олган ҳаётдир.

Чунки бу ҳаёт унинг душманлари ундан камчилик топа олмай доғда қолган, унга туҳмат қилиб шарманда бўлган ва охири унинг буюклигига тан берган ҳаётдир.

Ана шундай — васфига сўз ожиз ҳаётни ўрганишда, унга эргашишда бу муборак ҳаётнинг ҳамасрлари бўлмиш саҳобаи киромлар дунё халқларига намуна бўлганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини ўта синчковлик ва диққат билан ўрганиб борганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак оғизларидан чиққан ҳар бир сўз, у зот томонларидан содир этилган ҳар бир ҳаракату сакинат саҳобаи киромларнинг диққат-эътиборида бўлган.

Саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларининг ҳар бир лаҳзаси ҳақидаги ўзлари билган ишончли маълумотларни тобеъинларга омонат ила ўргатганлар. Ўз навбатида, тобеъинлар бу маълумотларни ўзларидан кейинги мусулмонлар авлоди табаъа тобеъинларга қолдирганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ МУҲАММАД ЮСУФ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз намозида унутиб, бир ракат давоми...

3440 15:00 / 14.02.2021
. .Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар жунубликдан, Жумъа куни, қон олдирган ва давоми...

3328 16:09 / 22.12.2019
255. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат соф табиат билан туғилади. Отаонаси давоми...

1434 19:00 / 05.08.2023
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманларига ва мухолифларига муомалалари давоми167. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.У киши .Эй Аллоҳнинг Расули, давоми...

4491 13:00 / 06.04.2019