1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Холислик сари

ФОЛБИНЛИКДАН САКЛАНИНГ!

15:37 / 28.04.2017 2449 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бугунги кун одамлари сеҳргарлик, фолбинлик ҳамда мунажжимлик балоси Билан балоланган. Бу ҳол шу қадар кенг ривож олганки, оммавий ахборот нашрлари ҳам мунажжимлар башоратига алоҳида эътибор қаратиб, одамларнинг юлдузига қараб фол очиш билан овора. Одамлар Аллоҳнинг каломи, пайғамбар cоллоллоҳу алайҳи ва васалламнинг ҳадиси шарифлари бир четда қолиб, шайтонга ростмана шогирд тутинган фолбинларнинг сўзларига қулоқ соладилар. Расулуллоҳ cоллоллоҳу алайҳи ва васаллам ўз ҳадисларида фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган киши диндан чиқишини айтганлар. Нима учун энди, фақат борган одам эмас, балки бориб гапини тасдиқлаган киши? Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Гап бу ерда фолбиннинг олдига боришда эмас, балки унинг гапини тасдиқлашда. Иймон ҳақида кетмоқда гап. 

Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари келажагини билишга қизиқади. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди ўзлари каби бир одам... Яқинда бир табиб акамиз бўлган воқеани сўзлаб бердилар. Уларнинг олдига бир йигит келибди. Бозорда юрганида одамлар ҳазиллашиб йигитни табибнинг олдига жўнатишган экан. Акамиз: "Хўш, келинг, қандай мақсад ила келдингиз?" деса, ҳалиги йигит: "Амакимни ўлдириб беринг", дебди.

Табибнинг ҳайронлиги ошибди: "Ия, ким айтди сизга мени одам ўлдиради?" Йигит: "Йўқ, нотўғри тушуниб қолдингиз, шекилли, мен амакимни иссиқ совуқ қилиб беринг, демоқчи эдим", деган сўзни айтибди. Кейин маълум бўлишича, табибнинг олдига келиб қолган йигит бир неча кундан бери амакиси билан жанжаллашиб юрган экан. Бунга сабаб албатта узоқ маҳаллада яшовчи фолбин хотин бўлганди.

Табиб акамиз кўпни кўрган, бу соҳада катта фириб ишлари бўлиб туришини билгани боис, йигитга бўлган воқеани ипидан игнасигача тушунтирган бўлди. Ҳақиқатан ҳам воқеа аслида шундай ривож олганлиги маълум бўлди кейинроқ. Демак, тингланг, жуда ҳам оддий воқеа... 

Йигит адашиб, фолбиннинг олдига боради. Эртанги кунини билмоқ ниятида. Фолбин эса тайёр гўшт келганидан фойдаланиб, йигитнинг яшаш жойини яхшилаб билиб олади. Амакиси билан яшаётган йигит чиқиб кетаётганда фолбиндан "дарвозаси остонасига бир дам солинган суякни кўмиб қўйиш" вазифасини олади. Йигит бориб шу ишни қилади. Кейин фолбиннинг одамлари йигит яшайдиган хонадонга бориб, амакиси ва хотини тезлик ила фол очдириш зарурлигини уқтиришади. "Ҳеч нарсадан бехабар" фолбин шошилинч етиб келган амакини ҳайратга солади. Чунки у умуман "нотаниш" хонадон ҳақида ишонарли фол очарди:

- Сизнинг уйингизда бир йигит юрар экан-а, - дейди охирги юришга ўтган фолбин, - ўша йигит ўлиб кетган акангизнинг ўғли бўлади, фалон-фалон жойда ишлайди, яқинда уйланмоқчи бўлиб юрибди. У сизнинг ўлимингизни истаб, ҳар хил ишларга қўл урган. Мана шу ерда амаки сапчиб тушади: Бўлмаган гап, жияним туппа-тузук йигит, унинг қўлидан бу иш келмайди. Хўп майли, - дейди фолбин, - бориб унда дарвоза остига кўмиб қўйган 

суякларини бир очиб кўринг...Амаки лаққа тушади-қўяди, чунки эътиқодсиз одам бундай пайтда бошқа чора топа олмайди ҳам.

Бир-бирига билдирмасдан бир фолбиннинг олдига келган амаки жиян камида миллион сўмлик ҳаражат қилиб қўйишади. Охир-оқибат, фолбин битта мижозидан воз кечади. Яъни йигитдан. Шунинг учун амакисини ўлдиришга шай турган йигит бошқа фолбин қидириб, табиб акамизнинг олдига келиб қолади. Масала ойдинлашгандан сўнг, йигит уйига қайтди. Амакисига бўлган воқеани сўзлаб берган эди, хонадон соҳиблари ҳақиқатан ҳам фолбиннинг тузоғига илинганликларини билишди. Ҳаммасини яхшилаб ўйлаб кўришди ва жуда ҳам тубан ҳолатга тушиб қолганликларини англаб етишди. Яхшиямки, Аллоҳнинг хоҳиши билан йигит иймон-эътиқодли табиб уйига бориб қолган эди, акс ҳолда... Бундай воқеалар айни пайтда жуда кўпайиб кетган. Бунинг сабабини ўрганиш учун яна ўша ҳадиси шарифга мурожаат қиламиз. Расулуллоҳ cоллоллоҳу алайҳи ва васаллам фолбиннинг олдига бориб, унинг гапини тасдиқлаган кишини муртад демоқдалар. Демак, бу ерда гап иймон-эътиқод ҳақида. Инсон табиий эҳтиёжлар маҳсули ҳисобланади. Агар унинг қорни очса, албатта нимадир ейди. Ҳалол йўл билан топмаса, ҳароми билан озуқаланади барибир. Нафсни қондирмасдан унинг иложи йўқ. Балоғатга етганлар ё никоҳланиб шаҳвий нафсларини қондиришади, ёки зино қилишади. Ўртада йўл йўқ. Инсон вужудида қалб деган бир жавҳар бор. У сиғинишга, қуллиқ қилишга эхтиёж сезади. Шуни яхши билиб олайликки, Аллоҳга сиғинмаган банда барибир нимагадир, кимгадир сиғинади. Аллоҳнинг тақдиридан рози бўлмаган банда кимнингдир сўзларидан рози бўлади ва ана шу сўзларга ишонади. Шунинг учун ҳам, сарвари коинот cоллоллоҳу алайҳи ва васаллам фолбиннинг сўзини тасдиқлаган кишини диндан чиқади, деганлар. Шу биргина амал ила инсон кофир бўлиши турган гап. Фолбиннинг айтаётган сўзлари юз фоиз тўғри чиқиб қолса ҳам, унинг сўзларига мўмин одам ишонмайди, чунки Аллоҳ ва Унинг Расули буни қатъий равишда таъқиқлаган. Аллоҳ инсонларни синаш учун баъзан фолбин ва мунажжимларнинг сўзларини амалга оширади, худди шайтон бир одамнинг кўзига қўлини тиқиб олиб, фолбиннинг олдидан чиққанида қўйиб юборгани сингари. Ўша одамнинг кўзи тузалиб кетади-да, у буни фолбин амалга оширди, деб ўйлайди. Бу ерда гап иймон, эътиқод, ишонч устида кетмоқда. Бу савдо қаттиқ савдо ҳисобланади.Ҳозирги кунда мунажжимлар башоратига қараб иш режалаштирадиган, газета нашрларида чоп этилган башоратларга ишониб, келган совчини қайтариб юбораётган юртдошларимизга хитобимиз шуки, Аллоҳга қайтинг, Муҳаммад cоллоллоҳу алайҳи ва васаллам қайтарган ва охири абадий дўзаҳ бўладиган йўлни тарк этинг. Пайғамбаримиз Аллоҳ таъоло ҳар бир одамнинг тақдирини яратишидан эллик минг йил олдин ёзиб қўйганини айтиб кетганлар. Бу тақдирни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Фолбинларга қатнаётган опаларимиз, сингилларимизнинг шу бугунданоқ бу йўлдан қайтишларини сўраймиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг, нима учун фолбинлар ҳамиша хор ва ғарибхоналарда яшашади. Нима учун улар келажакни айтиб бериш учун ўзларида журъат топишади-ю, оёқлари остида турган конларни топиб, бойиб кетмайдилар. Майли, бу ҳам оғирдир, нега биргина лоторея қоғозини олиб, ноль бутун мингдан бир миллиметр нарида турган ёзувни ўқиб, Нексия ё Дамас эгаси бўлиб олишмайди, нега?! Чунки улар келажакни ҳеч қачон била олишмайди. Аллоҳ таъоло Қуръони каримда бу илм фақат Ўзида эканлигини айтган. Аллоҳ билан Аллоҳнинг илмини талашаётган бандалар албатта хор бўлажак. Шу малъун, ифлос ва жирканч маҳлуқларнинг олдига бориб, иймон-у эътиқодни поймол қилмайлик, азизлар. Кимки шу ишни қилган бўлса, шу бугуноқ тавба қилсин, Аллоҳ кечирувчи Зот. Улгура олмай қолса, Аллоҳнинг Ўзи асрасин, қиёматда Муҳаммад cоллоллоҳу алайҳи ва васаллам га тушган динда турмайди. Ҳаммага Яратгандан тавфиқ ва офият сўраб қоламиз. Албатта, У саҳий ва марҳаматли Зотдир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Салафлар намозни жамоат билан ўқишга нақадар ҳарис эканликларини кўп эшитгансиз. Ана шулардан хулоса чиқарган ҳолда, бугунги кунимизга ҳам мурожаат қилсак. Зеро, давоми...

2494 15:39 / 28.04.2017
Абу Бакр ибн Айёш шундай ривоят қилади Куфада бир киши бор эди. Тирикчилик қилишга жуда қийналиб қолди. Ризқ топиш мақсадида иш излаб сафар қилди ва касб қилиб, уч давоми...

2534 15:09 / 28.04.2017
Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар. Зарийат18 Ояти каримада истиғфор айтишга саҳар вақтини хослаб қўйилганининг ҳикмати бор. Чунки саҳар вақтида дуо ижобат давоми...

2177 14:51 / 28.04.2017
Баъзилар, эр деган йиғламаслиги керак, дейдилар. Уларнинг наздида эркак жинсига мансуб инсонлар кўз ёшлари қотиб қолган, қалблари эса тошданда қаттиқ жисмга давоми...

2606 15:29 / 28.04.2017