1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Дин насиҳатдир

00:56 / 27.04.2017 3046 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тамийм Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дин насиҳатдир», дедилар. 

«Ким учун?» дедик. 

«Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун», дедилар».

Аввалги ва бу ҳадисни бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда ҳам комил иймон учун зарур бўлган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ҳузурида сўзлаб:

«Дин насиҳатдир», дедилар. 

«Насиҳат» сўзи луғатда «холис», «покиза», «содиқ» маъноларини билдиради. Урфда эса бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу у зотнинг «Ҳаж арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни, ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир, деганларидир.

Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва: 

«Ким учун?» деб сўрадилар. 

Яъни, «Насиҳат қилсак, ким учун қиламиз?» дедилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг мадори бўлмиш насиҳат беш нарсада эканини баён қилиб бердилар:

1. «Аллоҳ учун», яъни, Аллоҳга иймон келтириш, У Зотга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб, насиҳат қилишдир.

2. «У Зотнинг Китоби учун», яъни Аллоҳнинг Китоби – Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.

3. «У Зотнинг Расули учун», яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатларига, суннатларига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга чақириш.

4. «Мусулмонларнинг имомлари» учун. 

Улар учун насиҳат қилиш уларга итоат қилиш ва одамларни ҳам шунга чақириш билан бўлади.

5. «Мусулмонларнинг оммаси» учун. 

Барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади. 

Ушбу вазифаларни қилган одам диннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади. Аммо бу осон иш эмас. Шунинг учун ҳам у диннинг мадори ҳисобланади. Чунки одамлар насиҳатни ёқтирмайдилар. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар учун қилинган насиҳат кўпчиликка хуш келмайди.

Бекорга бу ҳадиси шариф комил иймон сифатлари бобида келмаяпти. Қачон комил иймон бўлгандагина шундай насиҳат бўлади. Бундай насиҳатлар эса ўз навбатида самара беради. Аллоҳ учун, Аллоҳнинг Китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишни дин деб тушунган жамиятгина олдинга кетади, кўзлаган мақсадига етади.

Агар биз ушбу ҳадиси шарифдан фойда олмоқчи бўлсак, ана ўша тушунчани қайта тирилтирмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У Зотнинг Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишга ўтишимиз лозим бўлади.

Бу ҳадиснинг ҳикматига бутун дунё жуда муҳтож. Энг аввало, мусулмон олами муҳтож. Мусулмон олами деб ном олган олам Исломдан узоқлашгани учун, динни насиҳат деб билмагани учун турли муаммо ва кулфатларга кўмилиб ётибди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, одамларнинг энг мукаррами ким, дейишди. У зот .Энг тақволиси,, дедилар. .Сиздан бу ҳақда давоми...

2574 08:05 / 29.12.2017
. ,. .6387. Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни.Кимики мулойимликдан маҳрум қилинса, давоми...

1648 08:49 / 20.12.2018
. ,. .5822. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари, қачон Оишанинг навбати келадиган давоми...

1749 06:54 / 24.10.2018
. ,. . Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам .Ҳар бир набийнинг умматига қилган дуоси давоми...

1393 11:57 / 29.06.2019