1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рўза тутишни ният қилиш

05:00 / 13.01.2017 13856 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Динимизда ҳар бир амалнинг тўғрилиги, унинг Аллоҳ даргоҳида мақбул бўлиши ниятга боғлиқ. Рўза ҳам ният билан тутилади. Фарз ва нафл рўзаларда ният қандай бўлиши кераклиги ҳақида ривоятлар ва батафсил маълумотлар келган. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.


عَنْ حَفْصَةَ زَوْجِ النَّبِىِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ لَمْ يُجْمِعِ الصِّيَامَ قَبْلَ الْفَجْرِ فَلاَ صِيَامَ لَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ خُزَيْمَةَ وَالدَّارَقُطْنِيُّ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالطَّبَرَانِيُّ وَسَنَدُهُ صَحِيحٌ.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам завжалари Ҳафса розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким фажрдан олдин рўзани ният қилмаса, унинг учун рўза йўқдир”, деганлар. (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ибн Хузайма, Дорақутний, Байҳақий ва Табароний ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Аксар уламолар мана шу ривоятни далил қилиб, фарз ва вожиб рўзалар учун тонг отмасидан аввал ният қилиб олиш лозимлигини таъкидлашган. Уларга кўра, нафл рўзаларда заволгача ният қилса бўлади. Аммо ҳанафий уламоларга кўра, фарз, вожиб ёки суннат рўза бўлсин, барчаси учун заволгача ният қилиб олса бўлади.

Рамазон ойи рўзасини мутлоқ ният ёки нафл рўза нияти билан тутса ҳам фарз рўза ўрнига ўтади. Сабаби Рамазон ойида фарз рўзадан бошқа рўза тутилмайди. Масалан, Рамазон ойида рўза тутишни ният қилдим, дейиш кифоя. Хоҳлаганлар фарз рўзани ният қилдим, тарзида ният қилсалар ҳам бўлади.

Бироқ қазо, каффорат ва мутлоқ назр рўзалар учун кечаси ният қилиш ва ниятни аниқ қилиш лозим. Сабаби бу турдаги рўзалар учун алоҳида вақт тайин қилинмаган. Банда уларни хоҳлаган вақтида тутиши мумкин. Изоҳ ўрнида шуни айтиш мумкинки, қазо, каффорат ва назр рўзалар учун субҳи содиққача ният қилиб олиш ва қайси рўзани тутаётганини аниқлаштириш лозим.

Ҳанафий уламолар, хусусан Абу Юсуф ва Муҳаммадлар наздида муқим ва мусофир, соғлом ва бетоб кишилар орасида фарқ йўқ. Яъни, муқим ҳам, мусофир ҳам, соғ ва касал киши ҳам куннинг ярмидан олдин – заволгача рўза тутишни ният қилиб олишлари мумкин .

Шофеъийлардан бошқа жумҳур уламолар рўза тутиш учун ният қилиш шартлигини таъкилашган. Сабаби хоҳ Рамазон ойи, хоҳ бошқа рўза бўлсин, булар ибодатдир. Ибодат фақат ният билан тўғри бўлади. Шофеъийларга кўра, рўзанинг нияти рукндир. Уларга кўра, банда рўза давомида еб-ичишдан тийилиши лозим бўлганидек, ният қилиши ҳам талаб этилади.

Аксар уламолар Рамазон ойининг ҳар бир куни учун алоҳида ният қилиш шартлигини айтишган. Сабаби ҳар кунлик ибодатга алоҳида ният қилинади. Аммо моликийлар бир ойлик Рамазон рўзасини бир ният билан тутиш жоиз эканини айтишган.


وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِذَا دَخَلَ عَلَىَّ قَالَ: هَلْ عِنْدَكُمْ طَعَامٌ فَإِذَا قُلْنَا: لاَ قَالَ: إِنِّى صَائِمٌ. زَادَ وَكِيعٌ: فَدَخَلَ عَلَيْنَا يَوْمًا آخَرَ فَقُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ أُهْدِىَ لَنَا حَيْسٌ فَحَبَسْنَاهُ لَكَ فَقَالَ: أَدْنِيهِ. قَالَ طَلْحَةُ: فَأَصْبَحَ صَائِمًا وَأَفْطَرَ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَالشَّافِعِيُّ وَابْنُ حِبَّانَ وَالدَّارَقُطْنِيُّ.

Оиша розийаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менинг олдимга кирсалар, “таомингиз борми?” деб сўрардилар. Агар биз: “Йўқ”, десак, “у ҳолда мен рўзадорман”, деб айтардилар. Вакийъ (ривоятида): “У зот бошқа куни менинг олдимга кирдилар. Биз: “Эй Расулуллоҳ, бизга ҳайс совға қилинди, уни сизга олиб қўйгандик”, деганимизда, у зот: “Ундай бўлса, уни олиб кел”, деганлар”ни зиёда қилган. Талҳа айтади: “У зот рўзадор ҳолларида тонг оттирган эдилар, кейин рўзаларини очиб юбордилар” (Муслим, Абу Довуд, Насоий, Аҳмад, Шофеъий, Ибн Ҳиббон ва Дорақутний ривояти).

“Ҳайс” хурмо, қурт ва ёғ қўшилиб тайёрланадиган таом. Бу таомни тайёрлашда қурт ўрнига ун ишлатиш ҳам мумкин.

Ушбу ривоятдан нафл рўзалар учун кундузи ният қилиб олиш жоизлиги маълум бўлади. Бунинг учун куннинг аввалида таом ва ичимликдан тийилиш шарт. Қолаверса, аввал рўза тутиш нияти бўлмаган одам кун давомида рўзани очувчи ишлардан тийилган ҳолда ният қилиб олиши мумкин. Агар нафл рўза учун заволдан сўнг ният қилинса, бундай рўза тўғри бўлмайди.

Шунингдек, мазкур ривоятга кўра, нафл рўза тутган одамнинг ихтиёри ўзида бўлиб, у хоҳласа, рўзани очиб юбориши мумкин. Бироқ, Абу Ҳанифа, Молик Ҳасан Басрий, Макҳул ва Нахаъийларга кўра, ким нафл рўзани очиб юборса, унинг қазосини тутиши вожиб бўлади. Бунга улар Дорақутний ва Байҳақий Оиша розийаллоҳу анҳодан келтирган ривоятни далил қиладилар.


Тошкент шахар Шайхонтохур тумани бош

имом хатиби Одилхон қори Исмоилов



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...Маълумки, бемор, мусофир, ўта қари кишилар, шунингдек, ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам рўза тутишлари узрли кишилар ҳисобланади. Мазкур тоифалардан бошқалар, давоми...

2658 05:00 / 11.01.2017
Сиздан ким у ойда хозир бўлса рўзасини тутсинrdquo деб буюрган Аллоҳ таолога ҳамду саноларнинг чексизи, зоти покига муносиби бўлсин. Қачон рамазон келса, жаннат давоми...

3721 05:00 / 14.01.2017
Фитр садақаси садақаи фитр Рамазондан фитрга оғиз очиқлигига чиқиш муносабати билан берилгани учун ҳам шундай ном олган. Садақаи фитр иккинчи ҳижрий санада жорий давоми...

3694 17:19 / 31.05.2018
Билинг Дарҳақиқат, рўзада мавжуд бўлган хусусият ундан бошқа нарсада йўқ. Нега деганда, рўзани Аллоҳ таоло Ўзига нисбат берган. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло айтади давоми...

2754 05:00 / 11.01.2017