1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

«Ал-мийсоқ» ҳақида

21:14 / 25.04.2016 9960 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмончиликда қуйидагича савол-жавоблар бор:

– Мусулмонмисан?

– Алҳамдулиллаҳ, мусулмонман!

– Гумоним бор?

– Менда гувоҳим бор!

– Айт-чи гувоҳингни?

– Лаа илааҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур Расулул­лоҳ!

– Қачондан бери мусулмонсан?

– Ал-мийсоқдан бери. . . ва ҳоказо.

Илтимос, шу мавзуъга доир тўлиқроқ маълумот берсангиз.


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

«Ал-мийсоқ» – «аҳднома» деганидир. Аллоҳ таоло қадимда Бани Одамдан ал-мийсоқ – аҳду паймон олган, ўша ал-мийсоқ – аҳду паймонга асосан, барча одамлар Аллоҳни Робб деб билиб, Унга ширк келтирмай, фақат тавҳид асосида яшашлари лозимдир.

Аллоҳ таоло Қуръонда:

«Роббинг Бани Одамнинг умуртқа поғонаси­дан, Қиёмат куни «Бундан ғофил эдик» демаслик­ларингиз учун, зурриётларини олиб, ўзларига ўзларини гувоҳ қилиб: «Роббингиз эмасманми?» деганида, «Худди шундай! Гувоҳ бўлдик!» деган­ларини эсла» («Аъроф» сураси, 172-оят), деган.

Бу ояти каримада ғаройиб бир ҳолат таъриф этил­моқда. Аллоҳ таоло Ўзига маълум бўлган бир пайтда, Қиёмат давригача дунёга келадиган барча одамларни оталарининг сулбидан уруғлик ҳолатларида чиқариб олган ва ўша уруғликларга:

«Роббингиз эмасманми?!» деб савол берган.

Бу саволни беришдан биринчи мақсад уларни ўзларига гувоҳ қилиш бўлса; иккинчи мақсад Қиёмат куни «Бундан ғофил эдик» демасликлари учундир. Мазкур илоҳий саволга ҳамма зурриётлар:

«Худди шундай», яъни: албатта, Сен Роббимиз­сан, «гувоҳ бўлдик», деб жавоб беришган. Шунга биноан инсон уруғлик пайтида, яъни, она қорнига ўтганда ва инсон бўлиб яралганда Аллоҳнинг Робб эканлигини эътироф этгувчи табиат соҳиби бўлади. Яъни, Аллоҳ таоло уни шу ҳолда яратади. Қисқаси, одам боласи онадан Аллоҳ таолонинг тавҳидини – ягоналигини тан оладиган соф табиат билан дунёга келади. Чунки, унинг ўзи уруғлик ҳолидаёқ Аллоҳ таолога ал-мийсоқ – аҳду паймон бериб қўйган. Инсоннинг ушбу ал-мийсоққа – аҳду паймонга содиқ қолиши ёки хиёнат қилиши кейинги омилларга боғлиқ.

Имом Бухорий, имом Муслим ва бошқа ҳадис илми имомлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:


«Ҳар бир гўдак соф табиат ила туғилади. Бас, ота-онаси уни ё яҳудий, ё насроний, ё мажусий қилади», деганлар. Яъни, тарбия қилишда шундай йўл тутадилар.

Демак, Аллоҳ таоло инсон табиатини тавҳидга мос равишда бунёд этган. Қай бир инсон ўзининг азалий соф табиатини асраб қола олган бўлса, мўмин-мусулмон бўлади. Кимки ўз табиатини соф ҳолда сақлай олмаган бўлса, кофир, мушрик, худосизга айланади. Чунки, аслида, кофирлик, мушриклик ва худосизлик инсон табиатига терс нарсалардандир.

Аллоҳ таоло ушбу мийсоқни ва гувоҳликни Бани Одам зурриётидан талаб қилишининг асосий сабабларидан бири, аввал айтиб ўтганимиздек, Қиёмат куни «Биз бундан ғофил эдик» демасликлари учундир. Қиё­мат куни ҳақийқатда ҳам мазкур даъвони қилмасликлари ҳақидаги ҳақийқатни имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа имомлар Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифдан англаб оламиз.



Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Қиёмат кунида азоби энг енгил бўлган дўзах аҳлига: «Айт-чи, агар ер юзидаги ҳамма нарса сеники бўлса, қутулиш учун тўловга берармидинг?» – дейди. У: «Ҳа», – дейди. Аллоҳ: «Мен сендан бундан кўра осон нарсани хоҳлаган эдим. Одамнинг сулбида турганингда менга ҳеч бир нарсани ширк келтирмаслигингга аҳду паймон олган эдим. Сен эса, фақат ширк келтиришни хоҳладинг», дейди», – дедилар. Валлоҳу аълам.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СаволАссалому алайкум Ёшим 20да Аллоҳга шукур намоз ўқийман. Дугоналарим орасида тирноқда намоз ўқийдиганлари ҳам бор. Сўрасам араб қизлариям ясама нарашивания давоми...

4275 08:00 / 10.03.2018
САВОЛ Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари Аллоҳ йўлида Ислом учун қилаётган хайрли ишларингизга Аллоҳ таоло кўплаб ажрларни бериб, мартабангизни бунданда зиёда давоми...

12292 16:34 / 27.04.2016
Ассалому алайкум Аёлига жаҳл устида уйинга кет ёки кетсанг кетавер деса талоқ тушадимиquotЗикр аҳлидан сўрангquot ҳайъатиВаалайкум ассалом Ниятига боғлиқ. Талоқ давоми...

4220 05:56 / 17.09.2018
САВОЛ Мен Рамазон рўзасини анчадан бери тутмайман. Касалим камқонлик. Ёш бўлишимга қарамасдан, рўза тутсам, мадорим қолмай, бошим оғриб, қийналиб қоламан.Эрим ҳар давоми...

2802 15:56 / 24.04.2016