1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Дам солиш

20:49 / 24.04.2016 15458 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Саволим дам солиш ҳақида. Ҳадисларда келган, шунга дам солиб юрамиз. Бир ҳадис эшитдимки (тўлиқ матни эсимда йўқ), Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Менинг умматимдан етмиш мингтаси жаннатга сўроқ саволсиз киради, улар таваккулчилар, дам солдирмайдиганлар, шумланмайдиганлар” деган эканлар. Дам солдирмайдиганлар деган тушинча билан дам солиш ҳақидаги тушинчани тушинтириб берсангиз, Аллоҳ таоло ҳадисдаги камчиликларимни ўзи кечирсин, такрорий бўлса олдиндан узр сўрайман шайх ҳазратлари, жавоб учун олдиндан раҳмат.


-      Сизга жавоб ўлароқ мазкур ҳадиснинг матни ва шарҳини тақдим қиламан:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар-да:

«Менга умматлар кўрсатилди. Бир набий бир одам билан, яна бир набий икки одам билан, яна бошқаси бир гуруҳ билан, баъзиси у билан ҳеч ким йўқ ҳолда ўта бошладилар. Уфиқни тўсган катта тўп одамларни кўрдим. Умматим шу бўлишини умид қилдим. Бу, Мусо ва унинг қавмидир, дейилди. Сўнгра менга, назар сол, дейилди. Қарасам, уфқни тўсган катта тўп одамлар. Менга, ундоқ қара, бундоқ қара, дейилди. Тўсган катта тўп одамларни кўрдим. Шунда менга, ана ўшалар сенинг умматингдир. Улар билан бирга етмиш минг жаннатга ҳисобсиз кирурлар, дейилди. Бас, одамлар тарқалиб кетдилар. У зот уларга баён қилиб бермадилар. Ке¬йин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўшани эслашишди:

«Биз ширкда туғилдик. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдик. Аммо анавилар авлодларимиз бўлса керак», дейишди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у зот:

«Улар шумланишмайдиганлар, дам солишни талаб қилмайдиганлар ва тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар.

Бас, Укоша ибн Меҳсон ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ўшаларданми?» деди.

«Ҳа», дедилар.

Шунда бошқа бир одам туриб:

«Мен ҳам ўшаларданми?» деди.

«Укоша уни сендан илгари олволди», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.

Муслимнинг лафзи:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг. Мени ҳам ўшалардан қилсин», деди. Шунда у зот:

«Эй Аллоҳим, уни ҳам ўшалардан қилгин!» дедилар.

Бошқа бир одам туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг. Мени ҳам ўшалардан қилсин», деди.

Шунда у зот:

«Укоша уни сендан илгари олволди», дедилар».

Шарҳ: Саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир оғиз бўлса ҳам сўз эшитиш, ўз илмларини орттиришга жуда ҳам зўр иштиёқли эдилар. Бу мақсад йўлида улар турли услубларни қўллар эдилар. Аксар ҳолларда Масжиди Набавийда ўтириб у зотни ҳужраи саодатдан чиқишларини кутар эдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсани яхши билганлари учун иложи борича саҳобаларга кўпроқ таълимотларни етказишга ҳаракат қилар эдилар.

Ушбу ривоятда Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шундоқ илмий суҳбатлардан бири ҳақида маълумот бермоқдалар.

«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар-да»

Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳужраларидан масжидга чиқиб, саҳобалар тўпланиб ўтирган жойга келиб сўз бошладилар.

«Менга умматлар кўрсатилди».

У зотга ўтган умматларнинг ҳаммалари тушларида кўрсатилган экан.

«Бир набий бир одам билан»

Аллоҳ таоло юборган набийлар ичида фақат бир киши эътироф қилиб иймон келтирган зотлар ҳам бор экан.

«яна бир набий икки одам билан»

Аллоҳ таоло юборган набийлар ичида фақат икки киши эътироф қилиб иймон келтирган зотлар ҳам бор экан.

«яна бошқаси бир гуруҳ билан»

Аллоҳ таоло юборган набийлар ичида фақат бир гуруҳгина одамлар эътироф қилиб иймон келтирган зотлар ҳам бор экан.

«баъзиси у билан ҳеч ким йўқ ҳолда ўта бошладилар».

Аллоҳ таоло юборган набийлар ҳеч ким иймон келтирмаган зотлар ҳам бор экан.

«тўсган катта тўп одамларни кўрдим».

Яъни, кўплигидан ҳамма ёқни тўсиб келаётган катта тўп кўринди. Уларнинг кўплигини ҳавас қилиб:

«Умматим шу бўлишини умид қилдим».

Яъни, мана шу ҳамма ёқни тўсиб келаётган катта тўп одамлар менинг умматим бўлса эди, деб орзу қилдим. Лекин фаришталар томонидан менга:

«Бу, Мусо ва унинг қавмидир, дейилди».ќќ

Демак, Мусо алайҳиссаломнинг умматлари ҳам кўп бўлар экан. У зот шу ўй билан турганларида фаришталар томонидан:

«Сўнгра менга, назар сол, дейилди. Қарасам, тўсган катта тўп одамлар».

Яъни, ҳалигидан бошқа бир, кўплигидан ҳамма ёқни тўсиб гуриллаб келаётган катта тўп кўринди. Бу тўп аввалгидан чандон-чандон кўп эди.

«Менга, ундоқ қара, бундоқ қара, дейилди».

Яъни, у тарафга қара, бу тарафга қара, деб ҳар тарафларга ишора қилинди.

«Тўсган катта тўп одамларни кўрдим».

Яъни, ҳалиги одамлар шу даражада кўп эдики, улар ўзларининг кўплиги билан ҳаммаёқни тўсиб қолган эдилар.

«Шунда менга, ана ўшалар сенинг умматингдир. Улар билан бирга етмиш минг жаннатга ҳисобсиз кирурлар, дейилди».

Яъни, мана шу ўзларининг кўплиги билан ҳам тўсиб қолган одамлар сенинг умматингдир. Улар билан бирга яна етмиш минг киши қиёмат куни ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадилар.

«Бас, одамлар тарқалиб кетдилар».

Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги гапларни айтганларидан кейин илмий мажлис тугаб одамлар уйларига тарқаб кетдилар.

«У зот уларга баён қилиб бермадилар».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша суҳбатда ҳозир бўлган кишиларга ҳалиги тўпдаги одамлар қандоқ, улар билан қиёмат куни ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадиган етмиш минг одам кимлар эканини батафсил тушунтириб бермадилар.

«Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ўшани эслашишди».

Яъни, бошқа бир ўтиришда саҳобаи киромлар ўша жаннатга ҳисобсиз кирадиган одамлар ҳақида эслаб сўз очишди.

«Биз ширкда туғилдик. Лекин Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирдик. Аммо анавилар авлодларимиз бўлса керак», дейишди».

Яъни, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлар бизнинг авлодларимиз бўлса керак. Чунки улар Исломда туғиладилар, ўсадилар, яшайдилар ва ўладилар.

«Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди.

Шунда у зот:

«Улар шумланмайдиганлар, дам солишни талаб қилмайдиганлар ва тамға қиздириб босмайдиганлар ва Роббиларига таваккал қиладиганлар», дедилар».

Демак, жаннатга ҳисобсиз кирадиганлардан бўлиш учун тўрт сифатга эга бўлиш керак экан:

1. «шумланмайдиган»

Яъни, фалон нарса бўлди, энди ёмонлик етса керак. Пистон нарса кўринди, у шумқадам эди, энди ишлар чатоқ, каби эътиқодларни қилишдан йироқ бўлиш керак. Бу дунёдаги барча яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам фақатгина Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади, деган қатъий ишонч билан яшаш керак.

2. «дам солишни талаб қилмайдиган»

Яъни, жоҳилиятнинг ширкдан иборат дам солишини талаб қилмайдиган, Ислом ижозат берган дам солишни ўз-ўзидан шифо беради деб эътиқод қилмайдиган, балки шифо Аллоҳ таоло томонидангина бўлади, деган эътиқодда бўладиган.

3. «тамға қиздириб босмайдиган»

Бунда ҳам, баъзи яраларига тамға қиздириб босиб даволаганда жоҳилиятдаги каби, тамға қиздириб босиш шифо берди деган, Аллоҳ таолога ширк келтиришдан иборат бўлган эътиқодни қилмаслик кўзда тутилган.

4. «Роббиларига таваккал қиладиган»

Ҳамма нарсада фақат Аллоҳ таологагина суянадиган.

Ана ўша тўрт сифатни ўзида мужассам қилган киши жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг киши ичида бўлар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу улкан башоратни эшитгандан кейин ҳамма ўзи ҳам ўша саодатманд кишилар ичида бўлишини орзу қилиб қолди ва

«Бас, Укоша ибн Меҳсон ўрнидан туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мен ўшаларданми?» деди».

«У зот:

«Ҳа», дедилар. Шунда бошқа бир одам туриб:

«Мен ҳам ўшаларданми?» деди.

Бас, у зот:

«Укоша уни сендан илгари олволди», дедилар».

Муслимнинг лафзида бу маъно дуо сўраш орқали бўлгани билинади. Яъни, Укоша розияллоҳу анҳу ўзининг ўша етмиш минг киши қаторида бўлишини тилаб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан дуо сўраган. У зот дуо қилганлар. Ижобат соати бўлгани учун дуолари дарҳол қабул бўлган. Кейинги сўраган одам ўша соатдан кеч қолгани учун унга дуо қилмаганлар.

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг. Мени ҳам ўшалардан қилсин», деди».

Яъни, мени ҳам ўша жаннатга ҳисобсиз кирадиган етмиш минг кишилардан қилсин. Бу киши Укоша ибн Меҳсон розияллоҳу анҳу эдилар.

Шунда у зот:

«Эй Аллоҳим, уни ҳам ўшалардан қилгин!» дедилар.

Бошқа бир одам туриб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга дуо қилинг. Мени ҳам ўшалардан қилсин», деди».

Ривоятларда бу одам ким эканлиги ҳақида маълумот йўқ. Эҳтимол, сўрови муваффақиятсиз чиққанидан хижолат бўлмасин деб номи зикр қилинмаган бўлса керак.

«Шунда у зот:

«Укоша уни сендан илгари олволди», дедилар». 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Бир аҳли илмга келган саволни жавобини ўқидим. Унда айтилишича, инсонга бу дунёда қандай дард келса, у уни гуноҳини тўкади. Қабрда ҳам, олган азоби давоми...

1995 12:37 / 17.06.2019
Ассалому алайкум 22 август куни ўғил фарзандли бўлдим. Ўзим намоз ўқийман, рўза тутаман, Аллоҳдан қўрқаман, лекин диний илмим камроқ. Мен ўғлимнинг иншааллоҳ кучли давоми...

2114 07:51 / 17.10.2018
Ассалому алайкум Устозлар, аёлнинг аёлдаги аврати киндикдан тиззагача экан. Саволим шундан иборатки, агар бир аёл бошқа аёлнинг авратига қараса гунох ёки зино давоми...

3367 08:19 / 11.01.2019
СаволАссаламу алайкум, Ҳурматли Шайх Ҳазратлари 5060 тача мусулмонлар жамоаси фарз намозида сафланганда, ҳамма фақат бир сафда туриб намозни бошлаганлари афзалми давоми...

3268 13:05 / 12.08.2017