1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Аёлларнинг юзларини ёпишлари фарзми?

14:18 / 24.04.2016 6361 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мен бир шаръий ҳукмни тушунмаяпман: агар аёл кишининг юзини ёпиши фарз бўлмаса, Аҳзоб сурасининг 59-ояти тафсирини тушунтириб берсангиз. Аёлларнинг юзини ёпиши фарз эмаслигига Қуръон ёки ҳадисда бирор маълумот борми?

ЖАВОБ: Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида айтади: «Эй Набий, жуфтларингга, қизларингга ва мўминларнинг аёлларига айт: жилбобларини ўзларига яқин қилсинлар. Ана ўша уларнинг танилмоқлари ва озорга учрамасликлари учун яқинроқдир. Аллоҳ ўта мағфиратли ва раҳмли зотдир» (59-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга аввало ўз жуфтлари ва қизларига жилбобларини ўзларига яқинлаштиришни буюришга амр этмоқда. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳаралари ва қизларининг шарафлари улуғ бўлгани учун бу ишни ҳаммадан олдин улар қилишлари лозимдир.

Жилбоб устдан кийиладиган ёки ёпиладиган кенг кўйлак ёки либосдир. Мўмина аёлни бошқа аёллардан ажратиб турадиган бу кийим турли мусулмон ўлкаларда турлича бўлган. Лекин ҳаммаси ҳам мўмина аёлни ёмон кўздан сақлаш, уни бошқа аёллардан ажратиш каби вазифаларни адо этган.

Жоҳилият даврида аёллар очиқ-сочиқ юришар эди. Турли кийимлар кийиб, кўча-куйда эркакларнинг эътиборини ўзларига тортишга ҳаракат қилишарди. Шунинг учун фосиқ ва фожирлар ҳам улар ортидан тушишган, гап отишган, турли қилиқлар қилишган. Ўша фосиқ ва фожирларга мўминлар эътироз билдириб, Ислом дини мўмина аёлларга бундай муносабатда бўлишни ман қилганини айтганларида, улар: “биз буларнинг мўмина эканини билмабмиз, мўмина эмас, балки чўри бўлса керак, деб ўйлабмиз”, дейишган. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин эса, шароит тамоман ўзгарган.

Бу оятда аёл киши юзини ёпиши ҳақида ҳеч гап йўқ. «Юз» сўзининг ўзи йўқ. Юз сўзига ишора қиладиган бирор ҳарф ҳам йўқ. Бу борада машҳур «Ҳидоя» китобининг мухтасарининг мухтасари бўлмиш «Мухтасари Виқоя» китобининг матни ва шарҳида қуйидагилар айтилади:

«Ҳур аёлнинг жамики бадани авратдир. Юз, икки қўл ва оёқ бундан мустасно». Бу ҳукмнинг далиллари: Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «Сен мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар», деган (31-оят).

Зоҳир бўлган зийнатлар деганда намозда юз, икки оёқ ва икки кафт англанади. Намоздан ташқарида икки оёқ ҳам авратдир.

«Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар». Яъни, бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. 

Имом Абу Довуд Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда у зотнинг олдиларига опалари Асма бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирганларида, у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва: «Эй Асма, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлари айтилган.

Ибн Жарир Табарий тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши бундай дейдилар: «Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши балоғатга етганидан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутамлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутамча жой қолди» (Аллоҳ билувчидир). 


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир биродарим чидай олмасдан азл қиляпти. Гуноҳлигини билиб туриб, нафсининг кўйига кириб, қилиб қўйяпти. Аҳмад ибн Ҳанбал Агар зино қилиб қўйишдан қўрқса, унда давоми...

5390 16:10 / 27.04.2016
СаволАссалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари Маълумки, бизнинг мазҳабда намозда зам сурадан олдин .бисмиллаҳ, айтилмайди. Агар намозхон иккита сурани зам давоми...

5694 08:15 / 21.01.2018
Ассалому алайкум Қайнонам кеча жанозага бориб келдилар. У ердаги отин аёлларнинг ўраниши ҳақида маъруза қилибди ва айтишларича келинларни бир уйда яшайдиган давоми...

3433 08:17 / 16.08.2019
САВОЛ Бугунги кунда .ўзга сайёраликлар, деган гапни кўп эшитамиз, сиздан шу ҳақда сўрамоқчи эдик. Ўзга сайёраликлар ҳақиқатдан ҳам борми Исломга кўра уларни Аллоҳ давоми...

5647 20:17 / 27.04.2016
Аудиолар

211059 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130320 14:35 / 11.08.2021