1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сиз юборган

Аллоҳ намоз ўқиганим учун азоблайдими?

15:34 / 22.04.2017 3610 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Саид ибн Мусайяб р.а. бир кишининг тонг отгандан сўнг икки ракатдан ортиқ намоз ўқигани ва унда узоқ рукуъ ва сажда қилганини кўриб, уни қайтарди. (Чунки у киши тонг отгандан кейин бомдоднинг суннатидан ташқари яна нафл намоз ўқиган эди. Динимизда эса тонг отгандан то қуёш чиққунга қадар бомдоднинг суннатидан бошқа нафл намоз ўқиш мумкин эмас.) Шунда ҳалиги киши Саид ибн Мусайяб р.а.га қараб: “Эй Абу Муҳаммад, Аллоҳ мени намоз ўқиганим учун азоблайдими?”, деди.

Саид ибн Мусайяб: “Йўқ, лекин суннатга хилоф қилганинг учун азоблайди”, деди. (Имом Байҳақий р.а. саҳиҳ санад билан ривоят қилган)

Жуда ажойиб жавоб. Саид ибн Мусайяб р.а. бидътчиларга қарши кескир қилич эдилар. Бугунги кунда ҳам баъзи бидъат ишлари ҳақида гапирилса, улар: “Бу ҳам намозку, нима бўлибди, ахир ибодат қиляпмизку!”, деган жавобни беришади. Масалан: фалон кечада юз ракат намоз ўқиш керак, ҳар ракатида бунча марта ихлос сурасини ўқиш керак каби суннатда ворид бўлмаган намозлар ва шунга ўхшаш бошқа бидъатларни динга нисбат бериб гапиришади. Динимиз ҳамма нарсада шомил ва комил диндир. Аллоҳ таоло бирор нарсани унутиб қолдирмаган. “Китобга ҳеч нарсани қўймай (яъни, унутиб қолдирмасдан) ёзганмиз.” Анъом;38 

Яъни, инсонлар дин ишларида эҳтиёж сезадиган барча нарса Қуръони каримда баён қилинган. Бирортасини унутилиб, камчиликка йўл қўйилмаган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ваҳий орқали қандай қабул қилган бўлсалар омонатга хиёнат қилмасдан тўлиқ, бекаму кўст худди шундай етказганлар. Шунинг учун бирор ибодатни ёки ишни қиладиган бўлсак, аввало Қуръони карим ва суннатни яхши тушунган мўътабар уламоларимизнинг китобларига мурожаат қилайлик, шунда ибодатларимиз тўғри бўлади. Шунингдек вақтимизни ҳам савоб бўлмайдиган, аксинча гуноҳ бўладиган баъзи бидъат “ибодатларга” сарфлаб исроф қилишдан асраган бўламиз. 

Бидъатчининг тиришиши қанчалар зиёда бўлиб борса, унинг Аллоҳ таолодан узоқлашиши ҳам шунчалар зиёда бўлиб боради, дейилган. Энг ёмони бидаътга берилган киши тавбага тавфиқ қилинмас экан. Чунки бидъатчи тавбага тавфиқ бўлиши учун қилаётган амали нотўғри эканини билиши керак бўлади. 

Демак, ихлос билан қилаётган амалларимизга назар солиб кўрайлик, шариатга мувофиқми ёки йўқми? Билмасак, биладиган мутахассислардан сўраб олайлик. Чунки жонимизу-молимизни сарфлаб ихлос билан қилган амалларимизга Қиёмат куни ҳеч нарса берилмаса, аянчли ҳолатда қоламиз.


Сидиқметов Қудратуллоҳ



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мотуридия мазҳабининг шаклланиб ривожланишида ҳам, тараққий этишида ҳам Мовароуннаҳр уламоларининг хусусан Ўзбекистон олимларининг алоҳида ўринлари борлиги давоми...

3798 21:10 / 21.04.2017
Усмон ибн Саъид Аррозий айтади ишончли дўстларимдан эшитганманки улар айтардилар Қачонки Бишр алМарисий вафот этганди унинг жанозасига аҳли илмлардан бирорта давоми...

2992 15:47 / 22.04.2017
Бутун ер юзидаги инсоният, шарқу ғарбдаги барча қавм ва миллатларга Расул қилиб юборилган пайғамбарларнинг охиргиси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

7225 15:09 / 25.08.2020
Бизни Ўзининг охирги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг умматларидан қилган ва .Батаҳқиқ, сизлар учун ndash Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва давоми...

8022 13:50 / 24.03.2017
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021