1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

Ҳазрати Абу Бакр (21-қисм)

16:51 / 20.04.2017 4774 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИ

САҲОБАЛАР САЙЙИДИ

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳалар 

ҚУРЪОННИНГ ЖАМЛАНИШИ

 (21-қисм)

Муртадларга, сохта пайғамбарларга қарши жангларга бош бўлган ҳазрат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ана шу тўқнашувларда мусулмонлардан жуда кўп кишининг ҳалок бўлганидан изтироб чекиб, жавобгарликдан қийналиб юрган кунларда ҳазрат Умар яна бир кўнгилсиз воқеага у кишининг эътиборларини қаратдилар. Мусайламатул- Каззоб қўшинига қарши муҳорабада мусулмонлар ичидан жуда кўп Қуръон ҳофизлари, қорилар шаҳид бўлишди. Баъзи ривоятларга кўра, беш юз, бошқасига биноан, етти юз ҳофизул-Қуръон жанг майдонида ҳалок бўлган эди. Бу воқеадан ҳазрат Умар даҳшатга тушдилар: «Қуръонни ёд билган қорилар шу тахлитда ўлиб кетишаверса, кейинчалик Каломуллоҳнинг оятлари унутилиб кетмайдими? »

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳаяжон ва қўрқув ичра халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳузурларига чопдилар. Халифа ҳам Ямомада кўплаб қориларнинг шаҳид бўлганини эшитиб мотам-қайғуда ўтирган эканлар. Ҳазрат Умар у кишига маслаҳат бердилар:

— Ямомада Қуръон қориларининг кўпчилиги шаҳид бўлганини эшитдингиз. Агар ҳол шу тарзда давом этаверса, Қуръонга зиён етадими, деб қўрқяпман. Менинг раъйим шуки, Қуръонни жам қилишга буюрсангиз.

— Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни биз қандай қиламиз? – дедилар ҳазрат Абу Бакр.

— Аллоҳга қасамки, бу хайрли ишдир, – дедилар Умар ибн Хаттоб.

Ҳазрат Абу Бакр тараддудланиб қолдилар. Дўстлари – Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам қўл урмаган ишга кўнгиллари чопмасди. Ҳазрат Умар эса таклифларини қайта-қайта айтишдан чарчамасдилар. Ниҳоят Аллоҳ таоло ҳазрат Абу Бакрнинг дилларида Қуръонни жамлашга рағбат уйғотди. «Умар тўғри айтади, Каломуллоҳни жамлаш зарур», деган тўхтамга келдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ваҳий котиблари Зайд ибн Собитни топтириб келдилар. У кишига ниятларини изҳор қилдилар:

— Менга қаранг, Зайд, сиз оқил, ёш йигитсиз. Сизнинг ҳақингизда ҳеч қандай шубҳага бормаймиз. Сиз Аллоҳнинг расулига тушган ваҳийни ёзиб борар эдингиз. Энди Қуръонни жамлашга киришинг!

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу халифанинг бу амрларига унча рўйхушлик бермадилар. Бу иш ваҳий котибига оғир тоғни ўрнидан силжитишдан ҳам машаққатлироқ эди. Охири кўнгилларидаги шубҳа-истиҳола сабабини очдилар:

— Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қилмаган ишни сиз қандай қиласиз?

— Аллоҳга қасамки, бу хайрли ишдир, – дедилар ҳазрат Абу Бакр ҳам ҳазрат Умарнинг сўзларини такрорлаб.

Зайд тинчландилар. Халифа ҳам, ҳазрат Умар ҳам бу ишга рағбат кўрсатишибдими, бу киши ҳам майл изҳор қилишдан ўзга чора топмадилар. Халифанинг буйруқлари билан хурмо пўстлоқлари, ясси тошлар, тери каби ҳар хил нарсаларга ёзиб қўйилган Қуръон оятларини тўплай бошладилар. Бирор нарсага ёзилмай қолган оятларни жамлашда мазкур оят Қуръондан эканига ва қайси сурада жойлашишига икки киши гувоҳлик берганидан кейингина алоҳида саҳифага ёзишга келишиб олдилар. Агар икки гувоҳ топилмаса, мазкур оят ташлаб юборилган. Мана шунга кўра, ёзилмай қолган оятлар икки қори гувоҳлик берганидан сўнг уларнинг кўрсатмаси инобатга олингачгина, Қуръон саҳифасига ёзиб қўшиб қўйилган. Оғзаки эшитилган оятнинг қайси сурадан эканлигига саҳобалардан икки киши гувоҳлик беролмаган тақдирда уни ҳам Қуръонга қўшмай ташлаб юборилди. Мана шу тариқа Қуръонни жамловчилар ҳеч қандай ихтилофсиз уни охиригача жамлаб чиқишди.

Фақат икки оятда тортишиб қолишди. Тавба сурасининг «(Эй инсонлар), ахир сизларга ўзларингиздан бўлган, сизларнинг кулфат-машаққат чекишингиздан қийналгувчи... бир пайғамбар келди-ку!» деган охирги оятлари Абу Ҳузайматулдан топилди. Агар Абу Ҳузайматул ансорий бўлмаганида ҳазрат Умар мазкур икки оятни хазф қилган бўлар эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳузайматул Ансорийнинг гувоҳликларини икки киши гувоҳлиги ўрнида қабул қилишга ишора этгандилар. Ҳузайманинг ўзлари ана шу икки оят ҳақиқатан ҳам Қуръондан эканлигига гувоҳлик берганларидан кейин гувоҳликлари икки киши гувоҳлиги баробарида ҳисобланиб, Қуръонга қўшиб қўйилди.

Қуръон саҳифалари жам қилингандан кейин дастлаб Абу Бакр Сиддиқда, у зотнинг вафотларидан кейин ҳазрат Умар да, сўнгра Умар ибн Хатгобнинг қизлари Ҳафса онамизда сақланди.

Шундай қилиб, Аллоҳ ҳазрат Абу Бакр воситаларида Қуръонни зиёндан асради. Қориларнинг ўлими туфайли Қуръон оятларининг баъзилари унутилиб, йўқолиб кетишининг олдини олди. Чунки баъзи оятларни ўша қорилардан бошқа ҳеч ким билмасди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг Қуръонни жамлашдаги рағбат ва саъй-ҳаракатлари Ислом уммати учун улуғ неъмат, катта туҳфа бўлди. Бу хусусда Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар: «Мусҳафлар йиғиш борасида одамларнинг ажр жиҳатидан насибадорроғи Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудир. Албатта Абу Бакр Қуръонни икки муқова орасига жамлаган энг аввалги кишилардандир».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
СОЛИҲ САЛАФЛАР ИБРАТИСАҲОБАЛАР САЙЙИДИАбу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳаётларидан лавҳаларСЎНГСИЗ МУСИБАТ16қисм Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг давоми...

4440 21:50 / 20.04.2017
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар .Умар Шом томон сафарга чиқди. Токи у Сарғга етганида, унга Ажноднинг аҳли, яъни Абу Убайда давоми...

1912 14:26 / 18 июль
Уҳуд урушида эса Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу жангнинг кўзга кўринган қаҳрамонларидан бири бўлдилар. . . Али розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

637 18:41 / 23 апрель
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Саъд ибн Абу Ваққос келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мана бу менинг тоғам. Бас, ким менга ўз давоми...

1597 11:30 / 11.11.2023
Аудиолар

133555 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53900 14:35 / 11.08.2021