1446 йил 6 жумадул аввал | 2024 йил 08 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Фаттоҳ (19)

08:30 / 20.04.2017 13133 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Фаттоҳ

«Ал-Фаттоҳ» исмининг маъноси кўплаб нарсаларни очувчи, Ўз раҳмати хазинасини бандаларга очувчидир.

Гоҳида инсон қаршисида ризқ эшиклари ёпилиб қолиб, эшикни ҳар қанча тақиллатмасин, ёпиқлигича тураверади. Ана шу пайтда Аллоҳ таоло мўмин бандаларига ҳалол ризқ эшигини очади, чунки у Зот ал‑Фаттоҳ, яъни Очувчидир.

Гоҳида инсон бедаво дардга чалиниб қолади. Энг кучли шифокорлар тўпланиб ҳам, унинг шифо топишидан ноумид бўлиб қолишади. Ана шу пайтда Аллоҳ таоло ўша мўминга шифо эшигини очади.

Бизга шифо эшигини очган ким? Ризқ эшигини очган ким? Оила эшигини очган ким? Фарзандли бўлиш эшигини очган ким? Касб-ҳунар эшигини очган ким? Солиҳ амал эшигини очган ким? Аллоҳ йўлига даъват қилиш йўлини очган ким? Тилимизни гапиртирган ким?

Жавобимиз битта: буларни барчасини Ал‑Фаттоҳ сифатли Зот очган. Шунинг учун одамлар «Ё Ъалийм, ё Раззоқ, ё Карим» каби дуоларда «Ё Фаттоҳ!» еб ҳам ёлворишади.

«Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, уни тўсиб қолгувчи бўлмас. У Зот нени ушлаб қолса, У Зот (ушлаб қолгани)дан сўнг уни юборгувчи бўлмас. У қудрат, ҳикмат эгасидир» (Фотир сураси, 2‑оят).

Мўмин инсон Аллоҳ таолонинг Ал‑Фаттоҳ исмига ниҳоятда боғлиқдир, муҳтождир. Ризқ эшиги ёпилиб қолса, Аллоҳ ҳалол ризққа кенг эшик очади. Тузалишдан умид узилса, комил шифо эшигини очади. Кушойиш эшигининг очилиши фақат Аллоҳ таолога боғланса, умидлар чиппакка чиқмайди. Ал‑Фаттоҳ исмидаги энг нозик маъно ҳам мана шудир.

Бир дўстим бор. У узоқ вақт тирноққа зор бўлди. Кейин эса аёлининг ҳомиладорлик даври жуда қийин кечди. Туғруқ пайтида боланинг мияси бироз шикастланди. Шифокорлар боланинг келажакда кўр, шол ёки ногирон бўлиб қолишидан кўп огоҳлантирганини ўзим эшитдим. Улар бу ҳақда кўп гапирганидан дўстим кўп маҳзун бўлиб, ҳатто бир лаҳза фарзанднинг вафот этишини исташгача бориб қолди. Лекин Аллоҳ таолога ёлвориб қилган дуоси, У Зотга қаттиқ ишончи сабабли Аллоҳ ал‑Фаттоҳ исмининг баракасидан унга шифо эшигини очди. Ҳозир ўша бола Азҳар университетининг олий шаҳодатини қўлга киритиб, муносиб лавозимларда ишламоқда.

Биз ҳам орзу‑умидларимизни Аллоҳга боғласак, Аллоҳдан бошқасидан умид қилмасак, Аллоҳдан бошқага дуо қилмасак, Аллоҳдан бошқага ишонмасак, Аллоҳнинг Ўзигагина юзлансак, Аллоҳ бизга Ўзининг ал‑Фаттоҳ исми билан йўл очади. Зеро, У Зот дуодаги ихлосимиз, истиқоматимизни билади, барча ишларнинг тадбири У Зотнинг қўл остидадир. Биз Аллоҳ билангина кучли бўламиз, Аллоҳ билангина беҳожат бўла оламиз. Зеро, беҳожатлик эшигини ал‑Фаттоҳ очади. Зулматдан нажот эшигини ал‑Фаттоҳ очади. Оиланинг, бу фароғат қасрининг эшигини ал‑Фаттоҳ очади. Касб, ризқ эшигини ал‑Фаттоҳ очади. Илм йўлини ал‑Фаттоҳ очади. Муваффақият эшигини ал‑Фаттоҳ очади. Демак, ҳар бир мўмин-мусулмон Роббининг ал‑Фаттоҳ исмига мустаҳкам ришта ила боғлиқдир.

Дунёдаги барча нарсани Аллоҳ таоло фатҳ қилган, яъни очгандир.

«Аллоҳ одамларга не раҳматни очса, уни тутиб қолгувчи бўлмас. У Зот тутиб қолган нарсани Ундан кейин қўйиб юборгувчи бўлмас. У Зот азиздир, ҳакимдир» (Фатҳ сураси, 2‑оят).

Кўплаб салафи солиҳлардан, мутақаддим Ислом уламоларидан нақл қилинганки, агар улар навқирон, тоат‑ибодатда мустаҳкам, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга муштоқ йигитни кўрсалар, «Аллоҳ сенга орифларга очган файзи футуҳини очибди», дейишар экан. Илм ҳам фатҳ, муваффақият ҳам фатҳ, оила қуриш ҳам фатҳ, ишга жойлашиш ҳам фатҳ, одамларнинг ишончини қозониш ҳам фатҳдир. Буларнинг барчаси фатҳдир. Аллоҳ эса Фатҳ қилувчи, яъни Очувчи Зотдир. Уламолар илм талабидаги ғайрати чин бўлмаган йигитни кўришса, «Болам, сенинг очилиб кетишинг биздан бошқанинг қўлида экан», дейишар экан.

 

Ал‑Фаттоҳ исмининг маънолари:

1. «Ал‑Фаттоҳ» сўзи «барча нарсанинг эшигини очувчи» деган маънодадир. Аллоҳ таоло ал‑Фаттоҳ исми ила илм эшигини, ризқ эшигини, амал эшигини, оила қуриш эшигини, солиҳ фарзанд кўриш эшигини очади.

2. Аллоҳ таоло ал‑Фаттоҳ исми ила шахслар ёки миллатлар орасидаги келишмовчиликнинг орасини ажрим қилиб, орани очувчи.

Одатда ҳар бир тараф ўз мантиқига, ўзининг манфаатига мувофиқ, ўзининг ҳақ эканини даъво қилади. Лекин уни ким ажрим қилади? Гоҳида эр‑хотин орасида келишмовчилик чиқиб қолади. Қайси бирига қулоқ тутсангиз, ўша тараф ҳақ бўлиб кўринади.

Ривоят қилишларича, бир киши одамлар орасида қозилик қилар экан. Унинг олдига икки хусуматчи келибди. Қози биринчисининг гапини эшитиб, «Сен ҳақсан», дебди. Иккинчисининг гапини эшитиб, «Сен ҳам ҳақсан», дебди. Хотини парда ортида буни эшитиб турган экан, эрига: «Қандай қилиб иккиси ҳам ҳақ бўлиши мумкин? Иккисидан бири ҳақ бўлмайдими?» деса, қози: «Сен ҳам ҳақсан» деган экан.

Ҳа, ҳар ким ҳам ўзиникини маъқуллайди. Шундай экан, бу келишмовчилик ва ихтилофларни ким холис ажрим қила олади? Одамлар ихтилоф қилган нарсани фақатгина Аллоҳ таоло ажрим қила олади.

«Қиёмат куни улар ихтилоф қилган нарсалар тўғрисида Роббинг Ўзи ажрим қилур» (Сажда сураси, 25‑оят).

Ушбу маънонинг ўзига хос ҳолатлари бор. Масалан, эр‑хотин орасида келишмовчилик чиқиб қолди. Охири иш талоққача етиб борди. Аллоҳ буларни қандай ажрим қилади? У Зотнинг ажрим қилиши шуки, золим томоннинг келгусидаги турмушини қовуштирмайди. Мазлум томоннинг келгусидаги турмушини бахтли қилади. Агар тижоратдаги икки шерик келишмовчиликка бориб, охири ажраб кетишса, золим шерикнинг келгусидаги иши ривож топмайди. Мазлум шерикнинг ишлари эса ривож топади. Аллоҳнинг ҳақ ила ажрим қилиш ҳукми мана шундай кечади.

«Роббим, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг яхшироғидирсан» (Аъроф сураси, 89‑оят).

Ушбу Ал-Фаттоҳ исмининг бизга тааллуқли жиҳати шуки, агар биз ҳақ йўлда бўлсак, нафсимизни билсак, истиқоматда, яъни тўғри йўлдалигимизни билсак, ниятимиз пок лигингни билсак, одамларнинг гап-сўзидан қўрқмайлик. Зеро, улар сенга асоссиз гапларни тақашмоқда. Модомики ҳақда экансан, қўрқма. Сен Аллоҳнинг қуйидаги қавлини унутма:

«Аллоҳга таваккул қил. Албатта, сен очиқ-ойдин ҳақдадирсан» (Намл сураси, 79‑оят).

Мушрик одамнинг, мўмин бўлмаган ёки иймони заиф кишининг ҳаёти парчаланган ҳолатдадир. Чунки у мудом раҳбарларни, ўзи қарам бўлган одамларни рози қилишга ҳаракат қилади. Оилада эса хотинини рози қилиш ҳаракатида бўлади. Аммо ишхонадагиларни рози қиламан деса, хотини норози бўлади. Хотинини рози қилай деса, ишдагилар норози бўлади. Қариндоши номашруъ маишатга таклиф қилса, бораман деса Аллоҳнинг ғазабини келтиради. Бормаса, қариндошининг ғазабига учрайди. Қўйингки, ғайримусулмоннинг ҳаёти буткул ана шундай изтиробда ўтади. Мўмин киши эса Аллоҳнинг ал‑Фаттоҳ исмини яхши англаб, барча муаммоларнинг эшигини фақат У Зот очишини билгач, фақат У Зотнинг розилигига эришишга интилиб, роҳат-фароғатда яшайди.

Машҳур ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло дунёга шундай дейди: «Ким Менга хизмат қилса, сен унга хизмат қилгин. Ким сенга хизмат қилса, уни ишлатгин».

Инсоннинг ушбу исмга алоқаларидан яна бири бандалар учун хайр‑яхшилик эшигини очишдир. Демак, инсон қўли очиқ бўлиши керак, хасис, зиқна бўлмаслиги керак.

Бу илоҳий риштанинг яна бир кўриниши – Аллоҳ қалбимизга илм эшигини очиши учун жидду‑жаҳд қилишимиздир.

 

(Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси).

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил қилинган. .Қуръон, лафзининг луғавий маъноси .ўқиш, дегани. Ҳозирги кунда бузилмай, ўзгариш киритилмай қолган давоми...

3711 19:00 / 18.07.2022
Бу масалада етарли маълумотга эга бўлишимиз учун Бақара сурасидаги қуйидаги ояти каримани батафсил ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади .Ана ўшалар расуллардир. давоми...

3183 18:31 / 08.03.2022
. ,. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган давоми...

3359 15:00 / 10.05.2021
. 5. У ибтидосиз қадимдир, интиҳосиз доимдир. Шарҳ Яъни Аллоҳнинг мавжудлигининг бошланиши йўқдир ва Унинг ниҳояси ҳам йўқдир. Чунки ҳар бир нарсанинг вужудга давоми...

905 19:00 / 08 июль
Аудиолар

133802 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54139 14:35 / 11.08.2021