1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-2016

Сўзланг, қулоғим сизда Бухорий бобо!

21:13 / 19.04.2017 3183 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан

Бисмиллаҳ, алҳамдулиллаҳ, вас-солату вас-салому ала расулиллаҳ.
Муборак Рамазон рўзаси натижасида, руҳиятимда ўзгариш сезаман. Ҳайвоний ҳислар чекиниб, сабр, тақво сифатларининг учқунлари кўринади. Яхши бир суҳбатдош,насиҳатгўй излаб қоламан.”Китобдан яхши дўст бўлмас, оламда” деб муҳаддислар имоми, бобомиз Муҳаммад ибн Исмоъил Бухорий р.а.нинг “Алжомеъус саҳиҳ” номли машҳур китобларини очаман. Мана топдим “Рўза китоби”. Бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифларини ўқий бошлар эканман, ўзимни у муҳтарам зот билан суҳбат қураётгандек тасаввур қиламан:
- Ассалому алайкум ҳурматли устоз, кирсам майлими?
- Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳ, келинг, марҳабо!
- Ҳурматли устоз, менинг исмим Ҳикматуллоҳ, илм толибиман. Сиздан баъзи саволларни сўрашимга ва насиҳатларингиздан баҳраманд бўлишимга ижозат беринг?
- Бемалол, бўтам. Илм хазина бўлса, унинг калити саволдир.
- Марҳамат қилиб, рўзанинг моҳияти ва фазилати ҳақида айтиб берсангиз?
- Рўзани араблар “Савм”, дейди. Унинг луғавий маъноси “ўзини тийиш”, шаръий маъноси эса, мукаллаф кишининг тонгдан қуёш ботгунича ният билан ейиш-ичиш, никоҳ (жинсий алоқа)дан ўзини тийишдир. Рўза сабрнинг ярми, сабр эса имоннинг ярми ҳисобланади. Рўза ҳижратнинг иккинчи йили шаъбон ойида фарз қилинди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло : “Сизлардан аввалгиларга фарз қилинганидек сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди”, деб марҳамат қилади. Кел, саволларингга ўзим ривоят қилган ҳадислар билан жавоб берақолай. Абу Ҳурайра р.а. Росулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қиладилар: “Рўза қалқондир. Фаҳш сўзларни сўзламасин ва жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, “мен рўзадорман”, деб икки марта айтсин, жоним қўлида бўлган зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан чиқаётган ҳид Аллоҳнинг наздида мушку-анбарнинг ҳидидан ҳам хушбуйроқдир. Мен туфайли таоми, шароби ва шаҳватини тарк қилади. Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман. Яхшиликлар ўн баробаричадир”. Ана кўрдингми, демак рўза гуноҳлардан ва дўзах оловидан қалқон экан, чунки у шаҳватни синдиради, заифлаштиради. Рўза тутаётган одам, фаҳш сўзларни сўзламасин, жоҳилларнинг ишини қилмасин, чунки бу рўзанинг маъносига тўғри келмайди. Агар бирор киши у билан урушмоқчи ёки сўкишмоқчи бўлса, у билан урушмасин ҳам, сўкишмасин ҳам, балки, “мен рўзадорман”, деб айтсин. Росулуллоҳ (с.а.в.) қасам билан таъкидлаб айтмоқдаларки, рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ҳид Аллоҳ таоло таолонинг наздида мушку анбардан ҳам хушбуй экан. Яъни бу ҳид рўзадорлар учун қиёмат кунида фазилат бўлади, худди шаҳидлар қони каби. Чунки рўзадор инсон исломнинг 5 арконидан бирини бажармоқда ва рўза тенги йўқ ибодатдир. Аллоҳ таолонинг номидан айтилмоқдаки, рўзадор у зотнинг розилиги учун ейиш, ичиш ва жимоъни тарк қилади. Бу ишларни фақат унга ихлос қилгани учун тарк этади. Рўза у зот ва бандасидаги сир, уни фақат унга ихлоси учун тутади. Рўза билан у зотдан бошқага ибодат қилинган эмас. Шунинг учун ҳам рўзанинг савобини унинг ўзи беради, берганда ҳам, ҳисобсиз беради. Бошқа амалларнинг мукофоти эса 10 баробардан 700 баробаргача кўпайтирилади. Саҳл р.а. Росулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қилади: “Жаннатда бир эшик борки, уни “Раййон”, деб аталади. Қиёмат куни ундан рўзадорлар киради. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Рўзадорлар қани дейилганда, улар туриб борадилар. Улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар кириб бўлгач бу эшик ёпилади ва улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди”.
Бу ҳадисга эътиборингни қаратгин, машҳурки, жаннатнинг 8 та эшиги бор. Шулардан бири “Раййон” деб аталади. Яъни “сувга тўйдирилган”, “сувли” дегани. Рўзадорлар дунёда чанқар эдилар, Аллоҳ таоло уларга жаннатдан суви мўл-кўл жойларни ато этди. Бу эшик фақат рўзадорларга хосланган, ундан бошқалар кирмайди. Бу муборак ой кириб келиши билан оламда катта ўзгаришлар содир бўлади. Чунки бу ойда Қуръони карим дунё осмонига тўлиғича нозил бўлган.
Абу Ҳурайра р.а. Росулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қилади: “Рамазон келса, жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади. Шайтонлар кишанланади”. Бу муборак ойнинг ҳурматидан Аллоҳ таоло бандаларига тавфиқ беради. Уларнинг ибодатларини ҳусни қабул айлайди. Рўзадорларнинг нафсларини турли фаҳшлардан поклайди. Гуноҳга сабаб бўладиган нарсалардан холос этади. Шайтон ва жинлар бошқа ойлардаги каби мўминларнинг ибодатларини фосид қила олмайдилар.
- Ҳурматли устоз, ҳам рўза тутиб, ҳам ёмон ишларидан қайтмайдиганларнинг ишлари нима бўлади?
- Бўтам, бу жуда ёмон ҳолат. Абу Ҳурайра р.а. Росулуллоҳ (с.а.в.) дан ривоят қилади: “Ким ёлғон гапни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таомни ва шаробни тарк қилишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас”.
Ана, кўрдингми, ким ёлғон гапни, ҳақдан оғишни ва унга амал қилишни қўймас экан, унинг оч ва ташна қолишидан ҳеч маъно йўқ, ҳеч савоб йўқ. Бу ерда “Аллоҳ таоло муҳтож эмас”, дейилиши мажозий маънода, унинг бундай рўзага илтифот ва қабул қилмаслигига ишорадир. Аслида Аллоҳ таоло таоло ҳеч нарсага муҳтож эмас. Азиз фарзандим, бир нарсага диққат қилгин, жумҳур уламолар, ёлғон, ғийбат ва чақимчилик рўзани бўзмайди, деган бўлсаларда, Имом Саврий ва Мужоҳид каби олимлардан, булар рўзани бузади, деган нақл бор. Зинҳор тилингга эрк берма, гапирсанг фақат яхшиликни гапир. Энди рўзанинг руҳини тушунаётгандирсан?!
- Ҳурматли усто, Рамазон рўзаси ислом умматига фарз бўлганидан бери ҳукмлари ўзгармай келмоқдами?
- Йўқ ўғлим, дастлаб фарз қилинганда рўзанинг шартлари бироз оғирроқ эди, сўнгра Аллоҳ таоло марҳамат қилиб уларни енгиллатди. Барро р.а. айтадилар: “Муҳаммад с.а.в.нинг асҳобидан бирор киши рўзадор бўлсаю ифторлик ҳозирланса, у ифторлик қилмасдан ухлаб қолса, ўша кечада ва токи кун ботгунича ҳам эртаси куни емас эди. Қобс ибн Сорма ал-Ансорий рўзадор эди. Ифтор вақти бўлганда хотинига таоминг борми, деди. Хотини, йўқ. Лекин сиз учун излаб, топиб келаман, деди. У кун бўйи ишлаганидан уйқу ғолиб келиб, ухлаб қолди. Хотини келиб уни кўргач, маҳрум бўлибсан деди. Кун ярмида саҳоба ҳушидан кетди. Бу нарса Росулуллоҳ (с.а.в.) га зикр қилинганда, мана бу оят нозил бўлди: “Сизларга рўза кечасида аёлларингга қўшилиш ҳалол қилинди”, бу оятдан жуда хурсанд бўлдилар. Яна: “Сизларга қора ипдан оқ ип равшан ажралгунча еб ичинглар”, ояти нозил бўлди”.
Бу ҳадисдан билиниб турибдики, дастлаб рўза фарз бўлган пайтда рўзадор ифторлик, жинсий яқинликни токи ухлагунича қилиб олиши керак бўлган. Мазкур саҳобийнинг хотини ўйғотганда у киши осий бўлишдан қўрқиб, овқатни емайди, натижада кун ўртасида ҳушидан кетдилар. У зот туфайли ислом умматига енгиллик келди. Энди еб ичиш ва жимоъ токи тонг отгунича чўзилди. Бизнинг ва аҳли китобларнинг рўзасидаги фарқ – саҳарлик ҳам жорий бўлди. Алҳамдулиллаҳи ала шариъатис саҳла.
- ҳурматли устоз, сафарда рўза тутиш ҳақида нима дейсиз?
- Бу тўғрисида Оиша онамиз айтадиларки: “Ҳамза ибн Амр ал-Асламий Росулуллоҳ (с.а.в.) айтдиларки: “Сафарда рўза тутайми? У киши кўп рўза тутарди. Росулуллоҳ (с.а.в.) : “Ҳохласанг тут, ҳохласанг оғиз оч”, дедилар”.
Яъни, сафарда оғиз очиб юриш Аллоҳ таолодан бир рухсат, ким уни олса, яхши қилибди. Рўза тутишни хоҳласа ҳам гуноҳ йўқ.
- Ҳурматли устоз, ифторликни кечиктиришни тақводан ҳисоблайдиганларни кўрдим?!
- Йўқ, асло. Саҳл ибн Саъд р.а. айтадилар: “Росулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Модомики инсонлар ифторни тезлатар эканлар, яхшилик устида бўладилар”.
Яъни қуёш ботгач, дарров ифторлик қилинади. Росулуллоҳ (с.а.в.) нинг суннатлари азондан кейин бир нечта хурмо еб намозга турардилар. Аҳли китоблар эса, ифторликни юлдуз кўрунгунча кечиктирардилар. Албатта, уларга хилоф қиламиз. Саҳарликни эса, тонгга яқин қилиш мустаҳабдир.
- Бўтам, юриш-туришинг, кийинишингдан бизнинг замондошларга ўхшамайсан. Ўзинг ҳақингда гапиргин.
- Ҳа муҳтарам устоз мен кейинги авлод набираларингизданман. Сиз яшаган даврдан кейин, кўп йиллар ўтиб кетди. Сиз муҳтарам зотлар бошлаган хайрли ишлар ривожланди. Бир неча асрлар илм фан гуллаб яшнади. Ислом зиёси оламни ёритди. Лекин афсус, кўтарилган нарсанинг пастга тушиши ҳам бўлар экан. Аста секин мусулмонлар исломий маърифат ва тушунчалардан узоқлаша бошладилар. Борган сари ғайри динлардан орқада қолдилар. Улар эса исломий маърифатни ўзлаштириб илму-фанга қаттиқ киришдилар. Натижада Росулуллоҳ (с.а.в.) ва хулафо рошидинлар ташкил этган ягона давлат бир қанча майда давлатларга бўлиниб кетди. “Бўлиб юбориб, эгалик қил”, шиори остида ғайридинлар уларга ўз босимларини ўтказдилар ва ўз маданият, эътиқод ва тушунчаларини турли йўллар билан тиқиштирдилар. Хусусан сизу бизнинг ватанимиз ҳам 100 йилдан ортиқроқ даҳрийлар ҳукми остида қолди. Улар илму марифатли юртимиз фарзандлари олиму фузалоларини вақти вақти билан қирғин қилиб туришди.
Мусҳафларни ўтда куйдиришди, масжидлар тўнғизхонаю омборхонага айлантирилди. Энди тили чиққан боладан тортиб, олий таълим даргоҳлари талабаларигача даҳрийлик тушунчаларини сингдиришди. Натижада сизнинг набираларингиз ичидан шундай бир авлод етишиб чиқдики, уларнинг сўзлари, фикрларини эшитсангиз ёқа ушлайсиз. Улар ҳамма нарсага моддий томондан қарашади. Улар руҳий маънавий нарсаларни тан олишмайди. Фақат кўрган нарсаларигагина ишонишади. Жуда даҳшат.
- субҳаналлоҳ, ақлга сиғмайди. Мусулмонларнинг ғайридинлар ҳукми остида қолиши.... ахир сўнгги томчи қонларинг қолгунича курашмадингларми?! Олимларни пешво қилиб олмадингларми?!
- Ҳурматли устоз, юртимизнинг асл фарзандлари, уламолари ҳуррият учун жонини тикди, кўплари шаҳид бўлишди. Улар ҳар қанча қийин бўлмасин, динни қўлларида чўғни ушлагандек тутиб турдилар. Қўлларидан келганча исломий маърифат тарқатдилар, баъзилари динларини сақлаш учун ҳижрат қилишди. Ниҳоят Аллоҳ таоло таолонинг раҳмати ёғилиб, олиму мазлумларнинг дуолари ижобат бўлиб, даҳрийлар тузими ич ичидан емирилди, ватанимизнинг мустақиллиги қайта тикланди. Бу неъматни 100 йиллар кутишга тўғри келди. Халқимиз ўз тилини йўқотишига озгина қолганди, энди эса халқнинг тили, дини ва тарихи ўзига қайтди. Масжидлар мадрасалар обод бўла бошлади, яна исломий китоблар нашр қилина бошланди. Афсус яна хатолик ўзимиздан ўтди. Динга ташна халқимиз, ёшларимиз ўрта йўлни топа олмай қийналдилар. Чунки тартибли таълим кўрган кишилар жуда кам эди. Натижада фирқаланиш, бир бирини куфрда айблаш бошланди. Мусулмонлар айбланди, кулгуга қолди.
- Сизга нима бўлди, ахир олимлардан илм ўрганмадингларми?! Бирлашмадингларми?!
- Узр муҳтарам устоз, сизни кўп хафа қилдим, лекин бу сўзлар ҳақиқат. Илмсизлигимиз, ғўрлигимиздан бошимиз кўп ғурра бўлди, охири олимларни эъзозлаб, улардан илм ўрганиш кераклигини англаб етдик.
- Тўғри, муаллим ва табибни ҳурмат қилмасанг, жоҳиллигинга ва касаллигингга чидашга тўғри келади.
- Алҳамдулиллаҳ яхшилик нишоналари ҳам кўринмоқда. Кўпчилик исломни тўғри англаш, мўтадиллик кераклигини англаб етган ва имкон борича илм ўрганмоқда. Ҳурматли устозларимиз кечаю кундуз хизматда. Яқинда ватанимиз пойтахти Тошкент ислом маданияти пойтахти деган унвон олди. Ҳукуматимиз ҳам бу ишларга хайриҳоҳлик қилмоқда. Ўрни келгандан сиздан розилик сўрайин, гоҳида сизнинг номингиздан фойдаланиб арабларга, мен Бухорийман, Имом Бухорийнинг юртиданман деган жойларим ҳам бор.
- Ўғлим бунисигаку розиман. Лекин фақат фахр билан қолиб кетманглар. Сиздан кейинги набираларинг ҳам сизни мана шундай эслаб юрадиган ишлар қилинглар. Илм ва одоб касб этинглар.
Алҳамдулиллаҳ, бўтам энди хушёр бўлинглар, дунёда илмдан ўзга нажот йўқ, бўлмайди ҳам. Нажот умидворликда. Яхшиликдан, муваффақиятдан умид узманглар. Аллоҳ таоло барчамизни икки дунё саодатига эриштирсин. Сизларга фойдали илмлар ато этсин. Амин.
- Ташаккур устоз, Аллоҳ таоло сизни раҳмат қилсин! Амин.

Қашқадарё вилояти Китоб тумани

 Тоштемиров Ҳикматуллоҳ.  


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бутун махлуқоту мавжудотни яратган ва биз бани одамни ўзининг улуғ китоби бўлмиш Қуръони каримидаquotДарҳақиқат, биз бани одамни одам болаларини мукаррам қилиб давоми...

2640 21:12 / 19.04.2017
Одатдаги иш кунларининг бирида тушлик пайти хамкасблар билан сухбатимиз яхшилик ҳақида бўлди. Бугунги кунда беминнат яхшилик қиладиган одамни топиб бўлмай давоми...

4189 21:08 / 19.04.2017
Рамазоннинг сўнги 10 кун ичида Лайлатул Қадр бордир. Араб харфларидан Лайлатул Қадр сўзида 9 дона, Яъни тисъа ахруф Фис суратил Лайлатул Қадри кам маррот хазихил давоми...

3426 21:09 / 19.04.2017
Радиодан хонанданинг дардли ноласи янграмоқдаУзат дейсан, бер дейсан,Ҳеч тўймадинг одамзот.Туя тўйди, фил тўйди,Сен тўймадинг одамзот... бехос ўйга толасан. Умрни давоми...

3126 21:08 / 19.04.2017
Аудиолар

120100 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41768 14:35 / 11.08.2021