1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Танловга: ВОЛА Туркум)

15:54 / 19.04.2017 5553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй Сен, Соқий, карам этгил, тўлдириб қуй,

Хобгоҳида дунё ётар — бир парирўй.

Қара, унинг қучоғида мудраб борар,

Ухламасдан бурун уни уйғотиб қўй.


* * *

Эй Сен, айтгил, олисми бу йўл ораси?

Тузалмасми энди сира дил яраси?

Сенга қандай юзланаман Маҳшар куни,

Бўм-бўш турса тарозининг бир палласи!


* * *

Эй Сен, ахир биласан-ку бехабарман,

Билмаганим учун бунда бехатарман.

Қара, қандай ошиқ бўлдим дунёга мен,

Бу савдони энди қандай тўхтатарман?


* * * 

Эй Сен, қара, қандай ажиб тақсимотинг,

Шу сабабми Холиқ эрур битта отинг?

Аммо... баъзан иккиланиб қолишим бор,

У дунёда эмасмиди Пулсиротинг?!


* * *

Эй Сен, менинг ошиқлигим билмайсанму?

Қуруқ даъволарни кўзга илмайсанму?

Дунёнинг дорида турибман, қара,

Қутқазмоққа келмайсанму, келмайсанму?!


* * *

Эй Сен, менга кўрсатганинг борса келмас,

Бу не савдо, берганингдан кўнгил тўлмас.

Ахир, менга қанақа соз узатдинг Сен,

Айрилиқдан бошқасини чалиб бўлмас.


* * *

Эй Сен, қара, кўксим аро дарзларим бор,

Алмисоқда Сендан олган қарзларим бор.

Бу омонат менга жуда оғир келди,

Борсам Сенга айтадиган арзларим бор.


* * *

Эй Сен, мендан сўрама ҳеч, кечириб қўй,

Қон дилимни дафтаримга кўчириб қўй.

Ёзиқларим очиб кўрмай, қалбимдаги 

Муҳаббатдан бошқасини ўчириб қўй.


* * *

Эй Сен, дилга эккан ниҳол, хазонлиғ не билмасмиш,

Икки дунё азиз эрмиш, арзонлиғ не билмасмиш.

Кўз ёшлардан кўкариб ул, бир куни мева берса,

Ҳосилини олган қулинг армонлиғ не билмасмиш.


* * *

Эй Сен, айт-чи, асли ўзи қай ёқдаман,

Қанча яқин келсанг шунча узоқдаман.

Ўзинг озод қилмасанг гар бир кун келиб,

Боролмайман, тузоқдаман, тузоқдаман.


* * *

Эй Сен, қара, кўзларимни ковлар бир кас,

Яна бири туя ютиб кўрдим демас.

Келганимдан буён излаб тополмайман,

Нега бунинг биронтаси бутун эмас?


* * *

Эй, Сен айтган томонда кўп йўлни кўрдим,

Ўнгни ғажиб бораётган сўлни кўрдим.

Бунча ажиб томонларга йўлладинг Сен,

Оташларда музлаб ётган дилни кўрдим.


* * *

Эй Сен, менинг ёқамдаги қўлларни кўр,

Қаршимдаги борса-келмас йўлларни кўр.

Раҳматингсиз ўтиб бўлмас довонлардан,

Қўксимдаги қақраб ётган чўлларни кўр.


* * *

Эй Сен, энди бу уйқуни бузмоқ керак,

Дунё билан ришталарни узмоқ керак.

Ер остида тинч ётишни истаганлар,

Ер устида бугун режа тузмоқ керак.


* * *

Эй Сен, қара, яшамоққа бермас изн,

Ортимдаги армонларим тизим-тизим.

Сен маломат қилаверма нолишимни,

Кўрмадингми, қалбимдаги оёқ изин?


* * * 

Эй Сен, кўргил, энди сабру саботим йўқ,

Пешонамни ўқий десам саводим йўқ.

Беш кун муҳлат берган эдинг — ўтиб борар,

Нега ҳануз яшай десам ҳаётим йўқ?


* * *

Эй Сен, менинг ҳолимнинг харобини бир кўргил,

Гуллаган орзуларнинг саробини бир кўргил.

Бу уй ажиб майхона, қадаҳ сунар куну тун,

Остонада турибман, шаробини бир кўргил.


* * * 

Эй Сен, хавотирим ортар кун сайин,

Борар йўлларимни айлагил тайин.

Мен ношуд сайёдман, қўлимдан тутгил,

Ўзимни нишонга олиб қўймайин!


* * *

Эй Сен, Ўзинг карам этгил, тоатим йўқ,

Бу юкингни кўтармоққа саботим йўқ.

Парвонадай ўзим шамга урай дейман,

Лек шамгача олиб борар қанотим йўқ.


* * *

Эй Сен, кетаяпман айтгил қай томон,

Бу сафардан энди қачон қайтаман?

Турткилайвермасин ўнгу сўлимдан,

Йўқса бир кун Сенга бориб айтаман!


* * * 

Эй Сен, энди Ўзингдан ёт бўлмакдан асрагил,

Сафаримнинг сўнггида дод бўлмакдан асрагил.

Беаёв рақиблара рўбарў этдинг мени,

Бу хатарли ўйинда мот бўлмакдан асрагил.


* * * 

Эй Сен, менга қанот берсанг, учиб кетсам,

Оёқдаги занжирларни ечиб кетсам.

Бир кун келиб изн берсанг, раҳм қилсанг

Одам Ато ҳовлисига кўчиб кетсам.


* * *

Эй Сен, қара, манави кас ёқам йиртар,

Бунисининг ситамлари жонга етар.

Мен ўзимни беркитолмай оввораман,

Нархим билса, иккиланмай сотиб кетар.


* * *

Эй Сен, мени яратдинг минг бир озор ичинда,

Хомталаш бўлиб ётур умрим бозор ичинда.

Бу шундай қимор бўлди, жонимни тикиб қўйдим:

Арқон учи Сенда-ю, бошим шу дор ичинда.


* * *

Эй Сен, менинг дилимга хўп қувончли ғам бердинг,

Шу ёруғ ғамларни деб кўзларимга нам бердинг.

Фақат Сенинг ҳимматинг ҳикматини билмайман:

Нима берсанг, баридан доим битта кам бердинг.


* * *

Эй Сен, Ўзинг карам этгин, инсоф бергин,

Бош қўймоққа меҳроб бергин, тавоф бергин.

Бу жумбоқлар ичра ёлғиз ташлаб қўйма,

Гоҳ-гоҳида сўровимга жавоб бергин.


* * *

Эй Сен, қара, сабрим тўла, кўнгил ярим,

Ахир менинг тугаб борар имконларим.

Мен ҳам ерда ишқ овлаган сайёд эдим,

Лек нишонга тегмас сира пайконларим.


Алишер Назаров



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ ўзинг бандам дегил, осий қулман, Дўстга зору душманларга қилмагил хор.Тор қафасга қамалган бир ғўр булбулман,Ўз ҳолимга қўйма мени ПарвардигорШайтон қўяр давоми...

3226 15:00 / 19.04.2017
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли завжалари Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан қуйидагича ривоят қилади Бир куни давоми...

5163 15:48 / 19.04.2017
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам баданларининг тозалигига эътибор берардилар ва тоза тутишга буюрардилар. 1. Ҳар ҳафтада бир ғусл олардилар. 2. Доимо давоми...

3220 15:37 / 19.04.2017
Аллоҳ таолога Ўзининг Зотига муносиб ҳамд ва У Зотнинг бандаси ва расули Муҳаммадга чексиз салавоту саломлар айтамиз.Илм Аллоҳ таолонинг Ўз махлуқотларига ато давоми...

4562 15:02 / 19.04.2017
Аудиолар

210990 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130250 14:35 / 11.08.2021